Жаҳон | 09:55 / 27.05.2023
25232
14 дақиқада ўқилади

АҚШ ва СССР ўртасидаги космик пойга: миллиардлаб доллар сарфланган «Буран» лойиҳаси нега барбод бўлганди?

1988 йил 15 ноябр куни Бойқўнғир космодромидан илк бор кўп марта фойдаланишга мўлжалланган «Буран» космик кемаси учирилади. У Ер куррасини икки марта айланиб чиққандан сўнг ортга қайтади. Ерга тушиш пайтида космик кемада носозликлар кузатилади. Совет конструкторлари носозликларни баратаф эта олишмайди. Шу тариқа миллиардлаб доллар сарфланган лойиҳа барбод бўлади.

Фото: Kun.uz

1950-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССР ва АҚШ томонидан фазони забт этиш учун пойга бошланади. Ҳар икки давлат томонидан аввалига турли ҳажмдаги сунъий йўлдошлар коинотга чиқарилади. Кейин эса космик кемалар ясалиб, уларда тирик жон учирилади.

СССРда илк парвоз итлар билан ўтказилганда, АҚШ конструкторлари маймунни учиришади. 1961 йилда Гагарин фазога парвоз қилгач, америкаликлар ҳам одам учиришга муваффақ бўлишади.

Ундан кейин ҳам капиталистик ҳамда социалистик қутбнинг етакчилари бўлган СССР ва АҚШ фазони ўзлаштиришда кескин рақобат олиб боришади.

Ўша пайтда ҳар бир космик кеманинг ясалиши, парвозга тайёрлаш, учириш каби ишлар миллиардлаб доллар маблағни талаб қиларди. Шу сабабли 1970-йиллар бошида АҚШликлар кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясаш устида иш бошлайди.

Бу ҳақда хабар топган СССР ҳукумати ҳам америкаликлардан ортда қолмаслик учун совет конструкторларига шундай кема тайёрлаш топшириғини қўяди. Бироқ бу осон эмасди.

Янги типдаги космик кемани тайёрлашда америкаликлар чаққонроқ чиқишади. Улар 1980-йиллар бошида илк бор кўп марта фойдаланиладиган космик кемани ясаб уни муваффақиятли синовдан ўтказишади.

Кейинчалик бундай турдаги космик кемаларнинг яна бир нечтасини ясаб чиқишади. Натижада АҚШ СССРга қараганда ҳар бир парвоз учун камроқ маблағ сарфлай бошлади.

Советлар эса кўп марта фойдаланиладиган космик кемани тайёрлашни чўзиб юборишади. Фақат 1980 йиллар охирига бориб ягона нусхада тайёрлашади. Бироқ унинг синов парвози кутилгандай бўлмайди. Шундан сўнг ушбу космик кема бошқа парвоз қилмайди. Кўп ўтмай лойиҳа бутунлай тўхтатилади.

Америкалик астронавт Жон Гленн ва Юрий Гагарин

«Буран»нинг ясалиши

1973 йилда СССР министрлар совети президиуми кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема тайёрлаш бўйича қарор қабул қилади. Ўша пайтда америкаликлар бундай кемаларни тайёрлаш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юборганди.

Янги турдаги космик кемани тайёрлаш ишлари мудофаа вазирлиги таркибидаги Фазовий мудофаа бош бошқармасига топширилади.

Бироқ бундай космик кемани ясаб чиқиш осон иш эмасди. Шу сабабли лойиҳаларни тайёрлашнинг ўзига бир неча йил кетади. Ниҳоят 1976 йилда СССР мудофаа вазири Дмитрий Устинов кема лойиҳасини тасдиқлайди.

Шундан сўнг мудофаа вазирлиги қошида «Молния» ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилади. Янги турдаги космик кема шу бирлашмада тайёрланиши белгиланади.

Ўша пайтда СССРда тайёрланаётган космик кемалар Москва вилоятида жойлашган Тушинск машинасозлик заводида тайёрланарди. Шу сабабли янги космик кеманинг асосий эҳтиёт қисмлари, корпуси шу заводда ясай бошлашади.

1980-1984-йиллар давомида илк космик кема тайёр бўлади. Уни синовдан ўтказиш учун «ВМ-Т Атлант» юк самолётида Бойқўнғир космодромига олиб келинади. Кемага «Буран» деб ном берилади.

Шундан кейин ҳам илк синов парвозигача тўрт йил вақт ўтиб кетади. Ўша пайтларда америкаликлар билан космосни ўзлаштириш бўйича пойга ўйнаётган советлар учун ракетанинг муваффақиятли парвози муҳим эди. Шу сабабли улар космик кемани мукаммал кўринишга келтиришга уринишади.

Космонавтларнинг сирли ўлимлари

«Буран» космик кемасини ясаш ҳақида қарор қилингандан сўнг 1977 йилда унда учиши лозим бўлган космонавтларни танлаб олиш космонавт-учувчи Игор Волкка топширилади.

У энг тажрибали космонавтлардан етти нафарини танлаб олади. Булар В.Букреев, А.Шукин, Р.Станкявичюс, А.Левченко, О.Кононенко, А.Лисенко, Н.Садовников эди.

1977 йил Букреев Миг-25 самолётининг синов парвозини амалга ошираётганда ҳалокатга учрайди ва ҳалок бўлади.

Ўша йил июн ойида Лисенко Миг-23 самолётининг синов парвозида ҳалокатга учраб ҳалок бўлади.

Орадан уч йил ўтиб, 1980 йил сентябрда Кононенко Як-36 самолётининг синов парвозида ҳалокатга учраб ҳалок бўлади.

Шундан сўнг Волк ихтиёрида тўрт нафар космонавт қолади. У синов парвозига ўзи билан бирга учиш учун Р.Станкявичюсни танлаб олади. Шукин ва А.Левченкони захира жуфтлиги сифатида қолдирилади.

«Буран»нинг ягона парвозида учган Игор Волк
www.kp.by

Синов парвози

Ўша пайтда «Буран»нинг парвози учун Бойқўнғирда алоҳида учиш майдончаси қурилади. Синов парвози ана шу майдончада ўтказилиши белгиланади.

«Буран»га тўртта турбореактив двигател ўрнатилган бўлиб, у оддий аэродромлардан ҳам парвоз қилиши мумкин эди. Шу сабабли, Симферополда ва Узоқ Шарқда иккита захира аэродромлари ҳам тайёрлаб қўйилади.

Бундан ташқари, космик кема қайтиб тушишда мўлжалдан адашиши мумкинлиги инобатга олиниб, хорижий давлатлардаги ўн тўртта аэродром захира сифатида танлаб қўйилади. Улар орасида Куба, Ливия ва яна бир нечта хорижий давлатлар аэродромлари бор эди.

1984-1988-йиллар оралиғида «Буран»ни олиб юриш учун Киевдаги Антонов авиация заводида дунёдаги энг йирик транспорт самолёти Ан-225 «Мрия» тайёрланади.

Ан-225 «Мрия» ва «Буран»
sfw.org.ua

«Буран»нинг парвози 1988 йил 15 ноябр кунига белгиланади. Парвоз муваффақиятли кечади ва уни «Энергия» ракета ташувчиси фазога олиб чиқади. Парвоз 205 дақиқа давом этади. Бу вақт мобайнида «Буран» Ер куррасини икки марта айланиб чиқади.

«Буран» ясалаётган пайтда советлар у автоматик тарзда учиши ва қўниши ҳақида мақтаниб жар солишади. Бироқ космик кема қайтиб тушаётганида муаммо кузатилади.

«Буран» ва «Энергия» ракета ташувчиси билан парвоз арарфасида
www.buran.fr

«Буран» 11 минг метргача пастлаб келганда бирданига йўналишини 180 даражага ўзгартириб юборади. Шу пайтда бир муддат у билан алоқа узилади. Бироз ўтиб автоматик бошқарувдан қўл бошқарувига ўтилади ва космик кема ердан туриб бошқарилади. Шу тариқа «Буран»нинг белгиланган жойга қўниши таъминланади.

«Буран»нинг Ерга қайтиб тушишида носозлик кузатилган бўлса-да, советлар буни оммадан яширишади. Улар ОАВ орқали СССРда кўп марта фойдаланиладиган космик кеманинг синов парвози муваффақият билан ўтганини айтиб чиқишади.

Шунингдек, «Буран»ни дунёдаги энг йирик транспорт самолёти бўлган Ан-225 «Мрия»нинг устига жойлаштириб, дунёнинг ярмини айлантириб келишади.

Лойиҳанинг барбод бўлиши

Синов парвозидан сўнг совет конструкторлари ҳарчанд уриниб «Буран»даги носозликни бартараф эта олишмайди. Ўшанда советлар космик кемани иккинчи марта учиришга журъат қила олишмайди. Бунга сабаб «Буран»даги носозлик бартараф этилмаган, советлар иккинчи парвозда ундан айрилиб бутун дунёга шарманда бўлишни хоҳламас эди.

1990 йилга келиб советлар «Буран»ни тузата олмасликларини тушуниб етишади ва уни такомиллаштириш устида олиб борилаётган ишлар тўхтатилади.

«Буран» Бойқўнғир космодромида

1993 йилда эса Россия конструкторлари кенгаши қарори билан «Буран» билан боғлиқ барча лойиҳалар ёпилади. Космик кема сақлаш учун Бойқўнғир космодромига жойланади.

2002 йилда Бойқўнғирда турган «Буран»нинг ягона нусхаси шикастланади ва яроқсиз ҳолга келади. Бунга космодромдаги синов парвозлари майдончасидаги улкан бино томини таъмирлашаётганда космик кеманинг устига оғир темир корпус қулаши сабаб бўлади.

Шу тариқа советлар даврида бир неча миллиард доллар сарфланиб тайёрланган «Буран» тарихга айланади.

«Буран» лойиҳасига америкаликлар ҳам қизиққанми?

«Буран» лойиҳаси эълон қилинган пайтларда америкаликлар ҳам кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема устида ишлаётган эди. Улар советлардан фарқли равишда бундай кемани 1980-йиллар бошида ясаб чиққанди.

Жумладан, 1981 йилда кўп марта фойдаланса бўладиган «Колумбия шатлининг муваффақиятли парвозини ўтказишади. Кейинги парвозларда эса ундан мунтазам фойдалана бошлашади.

Агар «Буран»нинг ташқи кўринишига қаралса америкаликларнинг «Колумбия» шатлига жуда ўхшаш эканини кўриш мумкин. Ўша пайтда советлар Бураннинг ташқи кўринишини «Колумбия»дан ўғирлаган бўлиши эҳтимоли юқори.

«Колумбия» космик кемаси
www.alamy.com

Бир пайтлар Франция ва Британия ҳамкорликда товушдан тез учувчи «Конкорд» самолётларини тайёрлаганда советлар унинг лойиҳасини ўғирлаганди.

Кўп ўтмай ташқи томондан «Конкорд»га жуда ўхшаш бўлган товушдан тез учувчи Ту-144 самолёти ишлаб чиқарилганди. Бироқ советлар тузукроқ двигател ясай олмагани учун Ту-144 лойиҳаси ҳам қисқа вақтда барбод бўлган, миллиардлаб доллар сарфланган 20 тача самолёт парвоз қилишга улгурмасдан яроқсизга чиққанди.

Кейинчалик америкаликлар «Челленжер» ва «Индевор» номлари остида кўп марта фойдаланса бўладиган космик кемаларни ҳам ясаб чиқишади ва шу тариқа фазони ўзлаштириш учун қилинаётган харажатларни анча камайтиришга эришишади.

НАСАга узоқ йиллар хизмат қилган «Колумбия» 2003 йил 1 феврал куни ўзининг йигирма саккизинчи (!) парвозидан сўнг ҳалокатга учрайди. Космик кема қайтиб тушаётганда тўсатдан алоқа узилади ва «Колумбия» ёниб кетади. Кема бортида бўлган 7 нафар астронавт ҳалок бўлади.

Шундан сўнг Ғарб ОАВда америкаликлар «Буран»ни тиклаш ва лойиҳани мукаммаллаштириш бўйича россиялик ҳамкасбларига мурожаат билан чиққани ҳақида ёза бошлашади. Россия томони бу хабарни тасдиқламаган, бироқ рад ҳам этмаган.

Роскосмосдаги коррупцион ишлар

2010 йилларда Роскосмос буюртмаларини бажарувчи марказий машинасозлик илмий-тадқиқот институти директори Геннадий Райкунов Россия 2015 йилда кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема синовини ўтказишини ва 2018 йилда ундан мунтазам фойдалана бошлашини айтиб чиқади.

Бироқ бу нарса амалга ошмайди. Роскосмос кўп марта фойдаланса бўладиган кемани тайёрлай олмади ва ҳанузгача оддий космик кемадан фойдаланишда давом этмоқда. Шу сабабли ҳам Роскосмос собиқ раҳбарлари, шу жумладан Андрей Рагозин кўп марта танқид остида қолган.

Путин ва Рагозин

Танқидчилар Роскосмос кўп марта фойдаланса бўладиган космик кемани ҳеч қачон ясамаслигини, аниқроғи ҳозирча ясай олмаслигини айтишади. Улар бунга иккита сабаб келтиришади.

Биринчи сабабга кўра Россияда кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясай учун пойдевор бўладиган асоснинг йўқ. Яъни совет даврида ҳам асос бўлмагани учун «Буран» лойиҳаси барбод бўлган.

Иккинчи сабаб, Россияда фазога парвоз қилиш соҳасида мисли кўрилмаган коррупция бор. Роскосмос мутасаддилари космик тадқиқотлар ва парвозлар учун ажратиладиган маблағларнинг катта қисмини ўзлаштириб юборишади.

Агар кўп марта фойдаланадиган космик кема ясаб чиқилса кейин давлат томонидан ажратиладиган пуллар миқдори камаяди. Натижада ўзлаштириладиган пуллар салмоғи ҳам камаяди. Шу учун Роскосмос раҳбарлари ва мутасаддилари кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясаб чиқилишидан манфаатдор эмас дейишади улар.

Уларнинг бу гапида жон бор. Россия ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлари томонидан сўнгги йилларда Роскосмосда жуда катта маблағлар ўзлаштирилиши масаласида кўп марта иш очилган. Турли одамлар жавобгарликка тортилган. Бироқ шунда ҳам вазият ўзгармаяпти.

Роскосмосдаги коррупцион ишлар ҳақида Россиядаги сайтлар ҳам тез-тез хабар бериб туришади.

Жумладан, 2020 йилда Россия молия вазири Кудрин Роскосмосда 2019 ҳисобот йилида 30 млрд рубл (ўша пайтда бу сумма 500 млн доллар атрофида бўларди) ўзлаштирилиб юборилганини айтиб чиққанди.

Ўшанда Кудрин Роскосмоснинг молиявий ва бухгалтерия ҳисоботларида қонунбузилиши ҳолатлари бўлганини таъкидлаган, бироқ Роскосмос раҳбарияти буни рад этиб чиққанди.

2022 йилда Роскосмоснинг қурилиш депатаментини 2017-2018-йилларда бошқарган максим Мамсуров жуда катта маблағларни ўзлаштиришда айбланиб қўлга олинади ва унга жиноят иши очилади.

Ўша йили Роскосмос раҳбари Игор Комаров ҳам ишдан олинади ва Путин томонидан Россия ҳукумати раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дмитрий Рогозин ташкилотнинг янги раҳбари этиб тайинланади.

Рагозин Роскосмосда 4 йил ишлади. Унинг даврида ҳам ташкилотда коррупция урчиб кетгани ва давлатнинг жуда катта маблағлари ўзлаштирилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тинмади. Охир-оқибат 2022 йил 15 Дмитрий Рогозин ишдан олинади. Унинг ўрнига Юрий Борисов ташкилот бош директори этиб тайинланади.

Путин ва Юрий Борисов

Рогозин ишдан олингандан сўнг у Роскосмосда ўзидан аввал ишлаб келган шахсларни коррупцияда айблаб чиқади.

Умуман олганда, бир неча йилдан буён Роскосмос ва унинг таркибида бўлган кўплаб турли ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлари коррупцияда ва давлатга хиёнатда айбланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид