Жаҳон | 08:16 / 27.05.2023
6711
2 дақиқада ўқилади

Шольц: НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёрмиз

Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари Таллинга биринчи расмий ташрифи чоғида: “НАТОнинг шарқий қанотидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда”, деди.

Фото: AFP

Украинадаги уруш “музлатилган можаро”га айланмаслиги керак. Германия канцлери Олаф Шольц 26 май, жума куни Таллинга ташрифи чоғида бунга ишонч билдирди. У Эстония бош вазири Кая Каллас, Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш ва Литва бош вазири Ингрида Шимоните билан биргаликда матбуот анжуманида қатнашди.

Шольц учун бу - Германия канцлери сифатида Эстонияга биринчи ташрифи. Калласга мурожаат қилиб, у замонавий Германия ва Эстония ҳудудидаги шаҳарларни ўз ичига олган ўтмишдаги Ганза иттифоқини эслади.

Шольцнинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум уюштириб, “Европани бўлмоқчи” бўлган, бироқ ҳисоб-китобларида хатога йўл қўйган ва “бирлигимизни мустаҳкамлаган”. У НАТОни заифлаштирмоқчи бўлди, бироқ “тескарисига эришди”, дея қўшимча қилди Германия канцлери. Журналистлар билан суҳбатда Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини янада кучайтиришга ва уларни четлаб ўтишга уринишларга қарши курашга ваъда берди.

Германия канцлери, шунингдек, Германиянинг Болтиқбўйи НАТО ҳамкорларини ҳужум содир бўлган тақдирда ҳимоя қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. “Бу ерда, Болтиқбўйида, НАТОнинг шарқий қанотида хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда”, деди у. Германия вазирлар маҳкамаси раҳбарининг таъкидлашича, немис жанговар бригадасининг қисмлари яқин ҳафталарда машғулотлар учун яна Литвага юборилади. "Биз НАТО ҳудудининг ҳар бир квадрат сантиметрини ҳужумдан ҳимоя қилишга тайёрмиз", - деди Шольц ўтган йили берган ваъдасини эслатиб.

Мавзуга оид