Ўзбекистон | 16:28 / 29.05.2023
18299
3 дақиқада ўқилади

“АЭС қуриш – давлат учун жиддий масъулият” — энергетика вазири

“Иш кутганимиздан секинроқ давом этаётгандир, чунки биз мумкин бўлган хавфларни бартараф этяпмиз”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов “Росатом” билан ҳамкорликда қурилиши мумкин бўлган АЭС ҳақидаги саволга жавобан.

Жўрабек Мирзамаҳмудов / Фото: Energy Intelligence

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш борасида Energy Intelligence нашрига интервю берди. Вазир нашрнинг “Росатом” билан биргаликда Ўзбекистондаги илк АЭСни қуриш лойиҳасида силжиш бўлмаётгани ҳақидаги саволига ҳам жавоб берган.

“Бу борада ҳеч қандай силжиш йўқ демаган бўлардим. Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ҳукуматлараро ҳамкорлик ишлари давом этмоқда. Эҳтимол, иш биз кутганимиздан бироз секинроқ давом этаётгандир, чунки биз барча жиҳатларни кўриб чиқяпмиз, ҳар бир детални текшириб, мувофиқлаштиряпмиз, мумкин бўлган хавфларни бартараф этяпмиз”, – деди Мирзамаҳмудов.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат параллел равишда машҳур бўлиб бораётган кичик модулли реакторлар соҳасидаги сўнгги ишланмаларни кўриб чиқяпти.

“Атом электр станциясини қуриш давлатга ҳам молиявий, ҳам бошқа жиҳатларга кўра жуда жиддий мажбуриятлар юклайди. Шу боис, ҳозир биз мавжуд энергия танқислигини бартараф этиш учун биринчи навбатда қайта тикланадиган энергия манбаларини жадал ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз.

Бироқ биз атом энергияси масаласини кун тартибидан олиб ташламадик. Завод қуриш кун тартибида – технологияларни ўрганяпмиз, кадрлар тайёрлаяпмиз, ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Биз ҳар қандай рискларни бартараф этишимиз керак”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳаси ҳақида

2017 йил декабрда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича келишув имзолаган. Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭСнинг қиймати 2018 йилда тахминан 11 млрд долларга баҳоланган эди. Станция умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлиши, у Жиззах вилоятида қурилиши режа қилинган.

“Росатом” 2020 йил бошидаёқ Ўзбекистонда АЭС қуришни бошлаб, биринчи блокни 2028 йилда ишга туширмоқчи эди. Бу борадаги якуний шартнома ҳали имзоланмаган. Россия томони бир неча йилдан бери шартнома лойиҳаси деярли тайёрлигини айтиб келади, Ўзбекистон эса буни тасдиқламайди.

2022 йил октябр ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи чоғида эришилган келишувга асосан, қурилажак АЭСда Венгриянинг совитиш тизимларидан фойдаланилиши белгиланди.

2023 йил ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган иқтисодиёт форумида энергетика вазири ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев ҳукумат атом энергиясига оид режаларидан воз кечмаслигини айтганди. Форум иштирокчиларидан бири Ўзбекистон ҳукуматининг АЭС режаси яшил иқтисодиётга ўтиш мақсадларига зидлигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид