Кўп қутблилик меъморларидан бири – Эрдўғаннинг ғалабаси ҳақида сиёсатшунос билан суҳбат
2023 йилда мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлаётган Туркия иккинчи юз йилликка Эрдўған раҳбарлигида қадам қўядиган бўлди. Kun.uz халқаро сиёсатда жорий йилнинг энг муҳим сайловида қайд этилган натижа, турк демократиясининг Ўзбекистон учун муҳимлиги ва Қиличдорўғлига ғалаба учун етишмаган жиҳатлар ҳақида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.
— Туркиядаги бу сайловни бутун дунё, хусусан ўзбекистонликлар ҳам жуда юқори даражада қизиқиш билан кузатгани нима билан боғлиқ?
— Туркия биз учун қардош халқ, Туркия сиёсатчилари Ўзбекистонни ота юрт, деб атайди. Туркиянинг асли келиб чиқиш тарихи бугунги Хоразмга тақалади. Биз у ердан келмаганмиз, уларнинг аждодлари бу ердан кетишган. Шунинг учун Туркияга борган ўзбекистонлик бир неча ой ичида турк тилини ўрганиб олиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат бу – Туркия. Чунки 20-аср туркий дунё учун фожиа асри бўлди, Туркиянинг ўзидан бошқа барча туркий давлатлар ва халқлар мустамлакага айлантирилди.
20-асрнинг охирларига келиб, туркий давлатлар ўз мустақиллигини эълон қилганида зудлик билан Туркия уларни мустақил давлат сифатида тан олди, чунки у бу даврни кутиб турган эди. Туркия ўтган асрда, айниқса, 1-жаҳон урушида қақшатқич зарбаларга учради, шунинг учун, 2-жаҳон урушига расман қўшилмади.
Шу пайтгача бизнинг асосий геосиёсий векторимиз Россия билан боғлиқ бўлиб келган, сўнгги бир ярим аср давомида ўрнатилган алоқалар шунчаки йўқолиб кетмайди ва аслида бу алоқаларнинг йўқолиши бизнинг манфаатларимизга зид. Бизнинг жамиятимизда эътироз Россияга эмас, унинг раҳбариятига бўлиши керак: агар Кремл империалистик тафаккурга эга бўлиб, бизнинг мустақиллигимизга шубҳа қиладиган бўлса, албатта.
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон–Туркия муносабатлари қайтадан кўриб чиқилди ва ҳозирги кунда бизнинг иккинчи геосиёсий ориентиримиз бу – Туркиядир. Ташқи дунёда бизнинг халқимиз қизиқаётган, кузатаётган, манфаатдор бўлган ва алоқалар мустаҳкамланиб бораётган иккинчи мамлакат бу – Туркия Республикаси.
Масалан, ҳозир Туркияга бориш учун виза шарт эмас. Бир вақтлар Россия ўзбекистонликлар учун иккинчи хавфсиз ҳудуд ҳисобланган бўлса, ҳозирда Туркияни худди шундай эътироф этиш мумкин. У бизга тил, маданият ва масофа нуқтайи назаридан яқинлашиб келаётган давлат.
2016 йилга қадар, Ўзбекистонда Туркияга муносабат борасида ҳокимият ва жамият ўртасида бўлиниш пайдо бўлган, яъни жамият Туркияни ўзига яқин олган, ҳокимиятлар ўртасида эса келишмовчилик мавжуд бўлган. Ҳозир ундай эмас, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни тўлақонли ижобий дейиш мумкин. Қолаверса, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида геосиёсий зиддият ҳам йўқ. Туркия Марказий Осиёда геосиёсий манфаатларга эга мамлакатлар билан яширин ёки ошкора тарзда Ўзбекистонга босим ўтказаётгани йўқ. Туркия ва Марказий Осиёдаги туркий давлатларнинг халқаро ташкилотлардаги иштирокидан ҳам келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда ижобий.
Шу ўринда яна бир жиҳатни қўшимча қилиш керак. Бугунги кунда Ўзбекистон тафаккурида ва интенсив қарашларида катта эволюцион ўзгаришлар бўляпти, биз авторитаризмнинг салбий томонларини англаяпмиз, шунингдек, демократик жамиятнинг ютуқли тарафларини англашимиз ҳам анча жадаллашди. Айнан шу сабабли жамиятимиз Туркиядаги сайловларни кузатди, бу сайловлар демократик руҳда ўтаётгани, у ерда мухолифат борлиги, уларнинг президентни танқид қила олиши ва умуман олганда, Туркиянинг демократия модели бизга намуна бўляпти.
Бироқ биз Россия ҳақида бундай деёлмаймиз, чунки у ерда мухолифат партиялар йўқ, Украинадаги ҳарбий амалиёт бошланганидан бери мамлакатда танқидий фикрлаганларнинг барчасининг овозлари ўчирилди. Америка ва Европа жамияти бизга жуда узоқ ва улар билан ўзаро боғлиқлигимиз йўқ, шунинг учун демократиянинг Туркия модели бизга илҳом бағишлаяпти ва намуна бўляпти.
Мазкур сайловларнинг дунё ҳамжамияти учун аҳамияти қандай? Бугунги кунда дунё геосиёсатида Эрдўғаннинг репутацияси ўта зиддиятли. Дунё тарихида Эрдўғанга ўхшаб қил устида юра оладиган сиёсатчилар жуда кам бўлган. Масалан, Украинадаги можароларни олайлик. Бундай вазиятда Эрдўған Украинага дронлар беряпти, Россия билан дон келишувига эришди. Шунингдек, у – глобал геосиёсатда Путиннинг яқин иттифоқчиси. Уларни бирлаштириб турувчи нарса бу – коллектив Ғарбга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, лекин шу билан бирга, у Қримни Украина ҳудуди сифатида тан олишини айтмоқда. Бундай зиддиятлар жуда кўп.
Эрдўған 20 йилдан бери ҳокимиятда ўтирибди: аввал бош вазир сифатида фаолият юритган бўлса, 2014 йилдан бери президентлик қилиб келмоқда. Туркиянинг жойлашуви ва тарихи ниҳоятда аҳамиятли, у мусулмон давлатлар орасида НАТОга аъзо ягона мамлакат, шунингдек, ташкилот аъзолари орасида ҳарбий салоҳият жиҳатидан АҚШдан кейин 2-ўринда туради. Қолаверса, Туркия Қора денгиз ва Ўрта ер денгизининг катта ҳудудларини назорат қила олади. Бундан ташқари, Туркия иқтисодий салоҳият томонлама ҳам жуда қудратли мамлакат ҳисобланади ва Катта йигирматаликка киради. Шунингдек, аҳоли ва ЯИМ бўйича ҳам, бошқа томонлама ҳам мусулмон дунёсида биринчи 5 таликда ўз ўрнига эга.
Бугунги кунда глобал майдондаги асосий интрига нимадан иборат? Дунёда кўп қутблилик атрофида катта ўйин кетяпти. Совет иттифоқи қулаганидан кейин тўлақонли дунёни бошқарган марказ бу Вашингтон эди. 1990 йилларда Туркия коллектив ғарб билан бир жамоада бўлган, Вашингтон билан яхши муносабатларга эга бўлган ва унинг қош-қовоғига қараган давлат эди. Лекин Эрдўған ҳокимият тепасига келганидан кейин мана шу ҳолатни ўзгартира олди. Яъни у – НАТОнинг аъзоси бўла туриб, Россия, Хитой ёки бошқа мамлакатлар билан мустақил муносабатларни шакллантира олган сиёсатчи.
АҚШ Эрдўғандан ўз тарафида қолишни, Россия ва Хитой билан иттифоқ тузмасликни талаб қилиб келган, лекин у мазкур талабларни рад этган, ҳатто Россияга қарши санкцияларга ҳам қўшилмади. Туркия коллектив ғарб жамоасини тарк этмоқчи ҳам эмас, бироқ НАТОдаги барча ҳаракатлари миллий манфаатларга мос равишда амалга оширилади.
Ўтган 20 йил давомида Эрдўған Туркияни жуда кучли мустақил геосиёсий ўйинчига айлантирди, яъни ташқи сиёсатда кўп қутбли эканини кўрсатди. Айнан шу сабабли уни сайловдаги ғалабаси билан биринчи бўлиб табриклаган давлат раҳбарларидан бири бу Владимир Путин бўлди, у ўз табригида уни “дўстим” деб атаган.
— Туркия президентлик сайловининг биринчи ва иккинчи тури ўртасида қандайдир хилма-хиллик сезилдими? Умумий ҳолатда, сайловни адолатли дейиш мумкинми?
— Аввало, бир нарсани таъкидлаш керакки, Туркия демократия модели анча мураккаб. Масалан, Россияда президент ўз ваколат муддатини узайтирмоқчи бўлса, одатда овозларнинг 70-75 фоизини олади. Бироқ бу президентнинг эмас, балки ҳокимиятнинг рейтинги: ким ҳокимият тепасида бўлса, жамият унга шундай ишонч билдиради. Эрдўған эса барча сайловларда 52-53 фоиз овоз олган, чунки Туркияда ҳокимиятни тийиб турувчи ва сайловларнинг холис ўтишини таъминловчи институтлар шаклланиб бўлган. Туркияда президент хоҳлаган тақдирда ҳам сайловдаги овозларни ўз манфаати учун ўзгартириб ололмайди.
Ғарб давлатлари ёки халқаро институтлар бу сайловга қандай баҳо берди? Улар сайлов адолатли ўтганини, кучли сиёсий рақобат бўлганини, бироқ сайлов кампаниялари адолатли бўлмаганини айтишди. Уларнинг фикрича, иккала номзодга ташвиқот ишларини олиб боришлари учун давлат телеканаллари ва машҳур телеканалларда эфир вақти нотўғри тақсимланган. Аммо Туркиядаги дўстларимизнинг айтишича, мамлакатда мухолифатнинг ҳам ўз оммавий ахборот воситалари кўп ва ҳар иккала номзод истаганча ахборот тарқатиш имкониятига эга бўлган.
Шунингдек, кучли сиёсатчилар бўлган Анқара ва Истанбул мэрларининг сайловда иштирок этишларига имкон берилмади, бу ҳолат натижасида Қиличдорўғли президентликка ўз номзодини қўйди. Туркиядаги барча мухолифат бирлашиб, Эрдўғанга қарши чиқди. Зилзиладан кейин шахсан менда Эрдўған президентлик сайловда ғалаба қозонмайди, деган фикр пайдо бўлган эди, чунки мамлакат зилзила натижасида катта иқтисодий зарар кўрди, мухолифат эса ҳукуматни қурилиш компаниялар устидан назорат ўрнатмаганликда айблади.
Менинг фикримча, Эрдўғанда харизма пайдо бўлган, яъни одамлар барибир унга ишонишади. Умуман олганда, туркияликлар ўз манфаатларига қарши овоз бергани йўқ, чунки Эрдўған даврида мамлакат 2018 йилгача бўлган муддатда катта иқтисодий ўсишга эришди. Аммо унга ўхшаган раҳбарлар, тарихий лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳокимиятни сақлаб қолиш учун, демократик чекловларни четлаб ўтишни истайди. Сайловдан кейин президент туркияликларга мурожаат қилди ва расман иккинчи юз йиллик бошланганини, энди тарихий лойиҳалар амалга оширилишини айтди.
— Камал Қиличдорўғлининг сиёсий портретига қандай чизгилар хос, унинг асосий аргументлари нималар ва қайси факторлар эвазига у мағлуб бўлди?
— Менимча, Қиличдорўғлининг энг катта камчиликларидан бири бу унинг харизмаси пастлиги. Унинг ёши катталиги, унинг мамлакатдаги маълум бир консерватив доиралар билан чиқиша олмаслиги, совуққонлиги ва бошқа жиҳатлар унга халақит беради.
Халқ ва ҳокимият ўртасида девор бўлмаслиги, халқ президентга сўзсиз ишониши ва эргашиши керак. Эрдўған Қиличдорўғлидан фарқли ўлароқ шундай харизмага эга бўлиб улгурган эди. Эрдўған биринчи марта президентлик сайловларининг биринчи туриданоқ ғалаба қозона олмади, у ҳам оқсашни бошлади. Бу эса унинг ҳам катта муаммолари борлигини англатади. Улардан бири – инфляция. Ўтган 5 йил ичида Туркияда ҳар йили 100 фоизгача инфляция кузатилган.
Унинг ҳокимиятда қолиши Туркиянинг дунёдаги иқтисодий марказлар билан муносабатлари таранглигича қолишини билдиради. Бунда Туркия геосиёсатда кўп қутблиликнинг ривожланишига ҳисса қўшишда давом этади, бироқ унинг ички иқтисодий ўсиши учун ҳеч ким ўз ресурсларини Туркияга йўналтирмайди. Россиянинг аҳволи яхши эмас, Хитой ҳам ёрдам бера олмайди, чунки бунинг учун Туркия Ғарб билан алоқаларни узиб, Хитой томонига ўтиши керак.
Эрдўған барча томонлар билан муносабатларни мувозанатда сақлашда давом этади. Агар Қиличдорўғли сайланганида, турк жамиятининг Ғарбга яқинлашиши учун Туркияга катта иқтисодий ёрдамлар таклиф қилинишини кутса бўлар эди, бироқ энди бундай бўлмайди. Натижада Туркиянинг иқтисодий аҳволи келаси 5 йилда ҳам шундайлигича қолади ёки оғирлашади.
— Қайси сиёсий кучлар ва мафкуралар Туркия жамиятида етакчилик қилиб келмоқда?
— Туркияда сиёсий плюрализм шаклланиб бўлган. 1917 йилда мамлакатда республика тизими ташкил топган, лекин буни демократия деб бўлмасди, Отатурк даврида мамлакатда авторитар тузум ҳукмрон бўлган, ҳатто 1946 йилгача давлат битта партия томонидан бошқарилган. Ҳозир эса плюрализм анча кенгайган. Мамлакатда 122 та партия расман рўйхатдан ўтган ва партия тузишда яширинча ёки ошкора чекловлар йўқ.
Туркиядаги ҳар бир этник гуруҳлар ўз партияларига эга ва мамлакатда 3-4-даражали сиёсий куч курдлар билан боғланган. Курдлар мазкур сайловларда Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлади. Ҳозирда курдлар иккига бўлинган, бир томон Эрдўғанни қўллаб-қувватласа, иккинчи томон унга қарши. Аслида Эрдўған ҳокимият тепасига келишидан аввал курдларнинг турк давлатчилигига қарши террористик ҳаракатлари кўп амалга оширилар эди, ҳозир бу ҳаракатлар мавжуд эмас, бироқ сиёсий курашлар ҳамон бор. Эрдўған этник бўлинишни қоралаб, дин жиҳатдан бирлашиш ғояси билан давлат тепасига келган эди.
Курдлардан чиққан сиёсий намояндалар Эрдўғаннинг президентликдан кетиши ва мамлакатда ўзгаришлар бўлишини истайди. Лекин бу Эрдўғаннинг Суриядаги операциялари ёки мамлакатдаги сиёсий дискриминация билан боғлиқ эмас, чунки президент курдларга нисбатан дискриминация қилаётгани йўқ. Уларнинг асосий мотиви бу – сиёсий партияларнинг ўзгаришлар бўлишини исташи.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
22:22
Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:10 / 21.12.2024
Путиннинг Киевда дуэл таклифи ва Ғарб билан музокарага киришган Жўланий — геосиёсий ҳафта таҳлили
20:38 / 20.12.2024