Жамият | 23:23 / 31.05.2023
22256
5 дақиқада ўқилади

“Сигарет эмас, озиқ-овқат керак” – атроф-муҳитни заҳарлаётган чекувчиларнинг зарарлари ҳақида фактлар

Дунёда ҳар йили 8 млн одам чекиш сабаб вафот этади. Кашандалар нафақат ўзларини, балки атроф-муҳитни ҳам зарарлашади. Тамаки етиштирилиши эса озиқ-овқат муаммоси янада катталашишига олиб келади. Сабаби тамаки ўсган ернинг унумдорлиги пасайиб, чўлланишга мойиллиги ошади. 

Фото: Kun.uz

Ҳар йили май ойининг охирги санаси – 31 май Халқаро чекишга қарши кураш куни сифатида нишонланади.

Чекувчилар сони дунё миқёсида 1,1 млрдни ташкил қилади, бошқа усулларда тамаки истеъмол қилувчилар эса 200 млн. Бу рақамлар сабабли тамаки истеъмоли глобал эпидемиялигича қолмоқда.

Катталашаётган озиқ-овқат хавфи

Бу йилги сана учун "Бизга озиқ-овқат керак, тамаки эмас" шиори танланган. Мақсад – тамаки етиштирувчи фермерларни бошқа фойдали озиқ-овқатлар етиштириш ва бунинг бозор имкониятлари ҳақида хабардорликларини оширишдан иборат.

Ўзи шундоқ ҳам иқлим муаммолари, урушлар ва низолар, коронавируснинг иқтисодий ва ижтимоий таъсири сабаб озиқ-овқат хавфсизлиги барқарор эмас. Экинни тўғри танламаслик, жумладан, тамаки экиш ҳам булар қаторига қўшилиб муаммонинг катталашишига сабаб бўлмоқда. Дунёда ҳар йили 3,5 млн гектар ер тамаки экиш учун мослаштирилади. Тамаки етиштириш учун ўртача 200 гектар майдондаги дарахтлар кесилади. Уни ўстириш кўп ресурсларни талаб қилади, ўғит ва турли пестицидларни ишлатиш тупроқ деградациясига олиб келади. Тамакидан сўнг ерга бошқа экин экиш ҳам қийин, сабаби тупроқ унумдорлиги пасаяди. Бу ўсимлик етиштирилиши экологияга чорвачиликдан ҳам кўра кўпроқ зарарлидир. Сабаби тамаки ўсган ерлар чўлланишга мойил бўлади.

Агар бу маълумотларни тамаки чекадиган бирор инсон ўқиётган бўлса, чекиш фақат ўзининг соғлигига зарар эмаслигини, балки бутун Ер шари бундан азият чекаётганини, катталашиб бораётган иқлим ўзгариши муаммосига ўзи ҳам ҳисса қўшаётганини билиб олиши мумкин.

Тамаки сабаб ҳар йили 8 млн одам вафот этади. Тамакини етиштириш, уни ишлаб чиқариш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва ҳатто истеъмолдан кейинги чиқиндиси ҳам атроф-муҳитни зарарлайди.

Қарамлик

Тамаки таркибидаги асосий моддалардан бири никотин ҳисобланади.Никотин организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўяди. Шу тарзда тамакига жисмоний қарамлик шаклланади. Доимий никотин оқимига ўрганиб қолган одам тамакидан фойдаланишни тўхтатса, ташвиш ва хавотирга тушиб қолади.

Бора-бора чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолади.

Чекиш таъсири остида 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон)ларнинг организмда ривожланиши кучаяди. Юрак-ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келади.

Кашандаларнинг умри чекмайдиган одамларга қараганда камида 10 йилга қисқароқ бўлиши илмий тарзда ўрганилган. 40 ёшдан олдин тамакини ташлаш эса сигаретга алоқадор касалликлар сабаб вафот этиш хавфини 90 фоизга қисқартиради.

Чекмасдан туриб ҳам тамакидан жабр кўрувчилар

Сигарет фақат чекаётган одамни эмас, балки унинг атроф-муҳитини, яқинларини ҳам зарарлайди. ЖССТ статистикасига кўра, ҳар йили 1 млндан ошиқ одам тутун таъсирида вафот этади.

Чекмайдиганлар ҳам тамаки тутуни таъсирида ўпка саратонига учраши мумкин бўлган хавф гуруҳига мансуб бўлишади. Электрон сигаретлар ҳам оддийси каби атрофдагиларни никотин ва бошқа заҳарли моддалар билан зарарлайди. Болалар ёнида чекиш эса уларда астма, қулоқ инфекцияси касалликлари ривожланишига, улғайганларида сурункали нафас касалликларига чалинишларига сабаб бўлади.

Харажатлар-чи?

Тамаки туфайли халқаро иқтисод ўртача 1,4 трлн йўқотади. Сабаби ундан келиб чиққан ўлим инсон капитали йўқотилишига, турли касалликлар эса соғлиқни сақлаш тизими гарданига юк тушишга олиб келади.

Оилаларда эса чекишга пул сарфлаш орқали рўзғор харажатларидан пул тежалади, оқибатда камбағаллик келиб чиқиши мумкин.

Тадқиқотлардан бирида ўрганилишича, кашандалар бутун умри давомида 1,4 млн долларни чекишга сарфлаб юборишади. Бунинг ичига фақат сигарет сотиб олиш учун кетадиган харажатлар эмас, балки чекиш сабаб касаллик орттириб олинса, уни даволашга кетадиган харажатлар, атрофдагиларнинг соғлигига чекиш орқали таъсир қилиб, уларнинг даромади пасайишига сабаб бўлиш билан келиб чиқадиган омиллар ҳам қўшиб ҳисобга олинган.

Чекишни ташлаш учун сабаб

Чекишни ташлашнинг биринчи 20 дақиқасидаёқ юрак уриш тезлиги яхшиланади. Биринчи 1-9 ойда йўтал ва нафас қисиши камаяди. 5-15 йил ичида эса инсультга дуч келиш хавфи худди чекмайдиган одамники билан тенглашади.

10 йил ичида эса ўпка саратонига дучор бўлиш хавфи пасаяди. 15 йилдан кейин юрак касалликларига учраш хавфи ҳам тамаки чекмайдиган одамлардаги нисбат билан тенглашади. Шундай экан чекишни тезроқ ташланг, ўзингизни ҳам, экологияни ҳам тамаки тутунидан асранг.

Мавзуга оид