Қорабоғ мақоми бўйича навбатдаги музокаралар ўтказилди. Томонлар тинчлик шартномаси тузишга яқинми?
Боку ва Ереван чиндан ҳам ўзаро келишувга эриша оладими?
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Кишинёвда Тоғли Қорабоғ мақоми юзасидан музокара ўтказди. Учрашувда Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел ҳам иштирок этди.
Музокаралар олдидан Пашинян Арманистон Озарбойжоннинг «ҳудудий яхлитлигини тан олиши»ни маълум қилди. Ереван жумладан, у ердаги арман миллатига мансуб аҳоли хавфсизлигини таъминлаш шарти билан Тоғли Қорабоғни ҳам Боку ҳудуди дея эътироф этди. Сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари Молдовадаги учрашувда Алиев ва Пашинян ниҳоят тўлақонли тинчлик шартномасини имзолашлари мумкинлигини тахмин қилганди – аммо бу амалга ошмади. «Медуза» нашри Қорабоғ можароси бўйича экспертдан Кишинёвдаги учрашув тинчликка яқинлашишга қанчалик ёрдам бергани ҳақида сўради.
— Музокараларнинг асосий натижалари қандай?
— Учрашувдан кейинги пресс-релиз, одатдагидек, қуруқ гаплар билан тўла. Ҳеч қандай сенсация бўлмади ва менимча, биз бекорга сенсация кутдик. Афтидан, биз Пашиняннинг май ойи ўрталарида «Кишинёвдаги учрашувга қадар нимадир қилишга улгуришимиз мумкин» деган гапига эътибор қаратдик.
Шу билан бирга, Пашиняннинг сайтидаги 18 майдаги хабарда июл ойида Брюсселда беш томонлама янги форматдаги учрашув, кейин эса октябрда Гранадада учрашувлар бўлиб ўтиши айтилган. Агар тинчлик учун барча нарса тайёр бўлса, нима учун октябр ойида ҳам сафар қилиш режалаштирилган? Яъни, Арманистон ҳукумати музокаралар аслида қандай кечишини тахминан тушуниб турибди: ҳамма нарса ҳам кутилгандек оптимистик эмас, ҳали ҳам тузоқлар бор.
Қолаверса, Пашинян (келишувга эришган тақдирда) халққа ҳеч бўлмаганда Қорабоғ арманларининг хавфсизлигини таъминлай олганини айтиши керак ва бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. 28 май куни Алиев Лочин вилоятига ташриф буюриб, деярли ултиматум қўйди: у (Тоғли Қорабоғнинг) барча давлат тузилмалари тарқатиб юборилиши ва тан олинмаган республиканинг барча амалдорлари ҳукуматга таслим бўлиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, фақат шу ҳолатдагина амнистия бўлади. Бу жуда қаттиқ талаб.
Бошқа томондан, илгари Алиев «амнистия» сўзини умуман тилга олмаган, бу ерда у ҳеч бўлмаганда ўзининг баъзи шартларини маълум қилди. Аммо бундай талаб тушунарли сабабга кўра қабул қилиниши қийин: одамлар шунчаки қўрқади. Уларни ҳарбий жиноятчи деб атаган Озарбойжон ҳукуматига таслим бўлиш — энг ижобий сценарий эмас. Улар, эҳтимол, умрининг охиргача қамоқда ўтиради.
Бошқа тарафдан, ҳозир уларда қочиш учун бирор имконият ҳам йўқ, чунки Қорабоғдан Арманистонга чиқиш йўлида Озарбойжон чегарачиларининг назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Улар ҳужжатларини кўрсатишига тўғри келади ва катта эҳтимол билан, бундай сценарийда бу одамлар ҳибсга олинади. Бу ҳолатда ягона умид, уларни Россия тинчликпарвар кучлари қандайдир тарзда олиб чиқиб кетишидир.
Ҳозир вазият шундайки, минтақада яшовчи оддий халқ ҳам, Тоғли Қорабоғда шаклланган элита — президент (Арайик Арутюнян), парламент ҳам қопқонда. Озарбойжон нуқтайи назаридан уларнинг ҳаммаси жиноятчи.
— Ушбу учрашув ва унинг натижаларини Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларининг 25 май куни Москвада бўлиб ўтган сўнгги учрашуви билан қандай таққослаш мумкин? Ушбу музокара йўллари параллелми, ўзаро боғлиқми ёки қарама-қаршими?
— Айтиш мумкинки, бу ҳаракатларнинг бари тахминан бир йўналишда, аммо мақсадлар турлича. Путин, албатта, Россиянинг минтақадаги мавжудлигини имкон қадар узоқ вақт давомида сақлаб туриш учун тинчликка эришиш йўли иложи борича кўпроққа чўзилишини хоҳлайди. Бунинг учун Қорабоғнинг ҳозирги мақоми сақланиб қолиши лозим (Россиянинг айни вақтдаги позициясига кўра, де-юре): бу ҳудуд Озарбойжон ери, лекин ҳудудда алоҳида, халқаро иштирокни талаб қиладиган муайян махсус шартлар мавжуд.
Бир тарафдан, бу Қорабоғни ҳозирча Озарбойжоннинг бир қисми деб атамаслиги керак бўлган Ереван учун совға. Бошқа томондан, бу Россия тинчликпарвар кучларининг мандатини узайтириш учун сабаб. Аммо Боку бундан манфаатдор эмаслиги сабабли Европа йўли бўйлаб ҳаракатланмоқда, Арманистон ҳам унга эргашишга мажбур. Россия эса, аксинча, умумий тинчлик шартномасини тузишда эмас, долзарб муаммоларни ҳал қилишда — коммуникацияларни блокировкадан чиқариш, чегараларни делимитация ва демаркация қилишда ўзининг ёрдамчи сифатида зарурлигини кўрсатмоқда.
Бу ҳафта Пашинян Москвада РФ бош вазири Михаил Мишустин билан учрашади. Мишустин муҳим шахс: у иқтисодий ва техник масалалар билан шуғулланади, тинчлик шартномаси эса сиёсий масала. Шу сабабли, Мишустин, афтидан, биринчи навбатда коммуникацияларни блокировкадан чиқариш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. Бу ерда кўплик қўшимчасини қўллаш хато бўлиши мумкин, чунки аслида гап Зангезур йўлагини (йўлакнинг бошқа номлари Сюник, Мегри) очиш ҳақида кетмоқда.
Зангезур йўлаги блокдан чиқарилиши Арманистон учун манфаатли эмас, бироқ бу Алиев, Пашинян ва Путин томонидан имзоланган 2020 йил 9 ноябрдаги ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотда ваъда қилинган. Бундан ташқари, ҳужжатда ҳатто Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Зангезур йўлагини назорат қилиши кераклиги ҳам белгилаб қўйилган. Кўринишидан, бу Арманистон томонини тинчлантирган —ҳеч бўлмаса руслар, озарбойжонлар эмас қабилида. Лекин барибир ҳали кўп саволлар бор.
Масалан, арманлар жуда мантиқий савол қўймоқда: арман чегарачилари бу коридорнинг икки четида турадими? Яъни, Арманистон ҳудудига кириш улар орқали амалга ошириладими ёки бу экстратерриториал коридор бўладими? Агар бу коридорнинг тарихдаги муқобилларини қидирсак, мен ушбу коридор Ғарбий Берлинни ГФР билан боғлайдиган йўл каби бўлишидан қўрқаман.
Арманистон «коридор» сўзининг ўзидан ғазабланмоқда, чунки бу коридор унинг юрисдикциясидан алоҳида ажратилишига ишора қилади. Аммо Озарбойжон, афтидан, буни талаб қилишда давом этмоқда: Алиевнинг сўзларига кўра, Зангезур коридори албатта очилади. Бошқа томондан, бу Москва учун ҳеч бўлмаганда қандайдир қулайлик — Европа кўпроқ концептуал масалалар билан шуғулланаётган бир пайтда, Россия асосан амалий масалаларда ёрдам бераётгандек. Тинчлик шартномаси имзоланган тақдирда, Москва шундай дейиши мумкин: «Биз бўлмаганимизда, барибир уддалай олмас эдингиз, бизнинг ҳиссамиз катта бўлди».
Ҳозирча, менинг тахминим шуки, йил охирида, эҳтимол, Испаниядаги учрашув пайтида, балки кейинроқ, Европа Иттифоқи воситачилигида тинчлик шартномаси тузилади (чунки ҳозиргача ушбу ҳужжат имзоланиши учун Европа Иттифоқи объектив равишда кўпроқ ишни қилди).
2022 йилнинг октябр ойида, томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олган Олмаота декларациясига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаган Прага учрашувидан сўнг Путин Валдайда Пашинянни койигандек бўлди. У амалда шундай деди: «Нега сиз бундай қилдингиз? Бизнинг йўлимиз бўйлаб ҳаракат қилганингиз яхшироқ эмасмиди? Биз сизни бундай шартнома имзолашга мажбур қилмас эдик». Аслида, Путин Пашинянни, унинг фикрича, доим алдайдиган европаликларга ишонгани учун койиди.
Аммо Пашинянда танлов деярли йўқ эди. У, албатта, унга ўзи хоҳлаган нарсани ваъда қила оладигандек кўринган Путиндан умид қилишдан ва унга таянишдан хурсанд бўлар эди. Лекин Озарбойжон бу ерда жуда қаттиқ босим ўтказди, Пашинян ҳар сафар нимадир ташаббус бошлаганда Боку чегарада отишмалар уюштирди. Шунинг учун, у гарчи ҳозир Арманистон ҳукумати томонидан қабул қилинаётган барча қарорлар мамлакат фуқаролари орасида деярли умуман қўллаб-қувватланмаётган бўлса-да, ўз йўлидан боришга мажбур бўлди.
Пашинян аслида ўз сиёсий карьерасини барбод қилмоқда, у буни тушуниб турибди. Аммо бошқа вариантлар йўқ. Муқобил йўл — бу қон тўкиладиган, қурбонлар бериладиган ва мағлубият қабул қилинадиган уруш.
— Сиз Зангезур коридори «коммуникацияларни блокдан чиқариш»нинг ягона йўналиши эканини айтдингиз. Демак, масалан, Москва Лочин коридорининг блокировкасига таъсир кўрсата олмайдими?
— Россия бу вазиятга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. Унга таъсир қилиш учун Озарбойжон ҳудудида Озарбойжон ҳарбийларига қарши куч ишлатиш керак: бу эса ҳарбий босқинчилик дегани. Россия ҳозир иккинчи ҳарбий босқинни амалга оширишга тайёр эмас.
Ҳа, тинчликпарвар кучлар мунозарали масалаларни ҳал қилиш учун чақирилади. Аммо тинчликпарвар кучларда Озарбойжонни маълум бир тарзда ҳаракат қилишга мажбурлаш учун қонуний воситалар йўқ. Коридор бўйлаб эркин ҳаракатланишни таъминлашга чақириқлар россиялик тинчликпарвар кучлар томонидан аллақачон кўп бора айтилди, бироқ Боку уларни эътиборсиз қолдирмоқда. Демак, ҳатто назарий жиҳатдан ҳам фақат куч ишлатиш сценарийси қолмоқда. Аммо Россия бундай қилмайди, чунки у Озарбойжон билан муносабатларни қадрлайди.
Алиев илгари Зангезур ва Лочин коридорларини кўп марта солиштирди, ягона тартиб ўрнатиш режалари, Зангезурда назорат-ўтказиш пункти пайдо бўлса, Лочин коридорида ҳам назорат пункти жорий этилиши ҳақида гапирди. Менинг шахсий нуқтайи назарим шуки, бу икки коридорни солиштириб бўлмайди, чунки Озарбойжонда Нахичевонни йўқотиш хавфи йўқ ва бу борада Зангезур йўлаги шунчаки керакли (фавқулодда зарурий эмас) йўлак бўлиб қолади. Қорабоғдаги арманларнинг келажаги эса (Нахичевон мухтор республикаси аҳолисидан фарқли ўлароқ) ҳозир катта сўроқ остида. Катта эҳтимол билан, Қорабоғнинг арман аҳолиси (тинчлик шартномаси имзолангандан кейин) ҳудуддан шунчаки чиқиб кетади. Бундай ҳолатда, Лочин йўлаги ўз аҳамиятини йўқотади. Демак, ҳақиқатан зарур бўлган йўлак вақтинчалик керак бўлган йўлакка айланади.
Коммуникациялар ҳақида гапирадиган бўлсак, эҳтимол Зангезурдан кўра, бошқа йўлакни блокировкадан чиқариш мантиқан тўғри бўларди. Мисол учун, СССР даврида Ганжа (Озарбойжон) ва Ижеван (Арманистон) ўртасида темирйўл линияси мавжуд эди. Озарбойжонлик спикерлар Зангезур йўлаги Россияга ниҳоятда керакли деб ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Аслида, бунда фақат иккита манфаатдор томонлар бор, деб ҳисоблайман — Озарбойжон ва Туркия. Россия йўлак орқали юк ташиш имкониятига эга бўлиши мумкин, аммо бу Эрон чегараси бўйлаб бутун Озарбойжонни айланиб ўтадиган жуда узоқ йўл. Туркия билан эса Россия аллақачон Қора денгиз орқали муваффақиятли савдо қилмоқда.
— Арманистоннинг амалдаги ҳукуматида ўз позицияларидан воз кечишга тайёр бўлмаган нуқта борми?
— Менимча, бу ердаги чеклов Арманистоннинг ўз ҳудудий яхлитлигидир. Пашинян ҳозирги сиёсатини Арманистон ҳудудини ҳимоя қилиш билан изоҳлайди.
Зангезур нафақат коридор, балки ҳудуд ҳамдир. СССР даврида бу ерда кўплаб озарбойжонлар яшаган. Озарбойжоннинг қарашига кўра, бутун қарама-қаршилик Сумгаит қирғини билан эмас, балки озарларнинг Арманистон жанубидаги Капан шаҳридан қувиб чиқарилиши билан бошланган. Алиев баъзан озарбойжонликлар у ерда яшагани ва у ерга қайтиши кераклигини айтади. У буни жиддий айтаётганга ўхшайди.
Озарбойжон сиёсатчилари ва экспертлари билан гаплашсангиз, улар буни арманларга ишора сифатида изоҳлайди: агар улар (арманлар) Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигига қарши чиқишни тўхтатмаса, Озарбойжон ҳам Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигига қарши чиқишни бошлайди. Озарбойжон, умуман олганда, Арманистондан фарқли равишда бунинг учун ресурсларга эга. Шундай экан, ҳа, Зангезурни бой бермаслик, чегаралардаги тинимсиз тўқнашувларни тўхтатиш учун Пашинян Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олиши керак. Аммо у шундан кейин бошқа жиддий ён беришларга бормайди.
— Ҳозирда келажакдаги келишувнинг асосий шартлари ҳақида гапириш мумкинми? Шартнома имзолаш учун қандай асосий масалалар келишиб олиниши керак?
— Юқорида Зангезур коридори ҳақида айтиб ўтдим. Ундан ташқари, эҳтимол, янада нозик масала бор — Қорабоғнинг арман аҳолиси ҳуқуқлари: маҳаллий ҳукумат билан нима бўлади ва аҳоли тақдири қандай кечади? Айни пайтда аҳоли ва маҳаллий ҳукуматга қарши чиқиш нотўғри, чунки улар биргаликда 120 мингга яқин кишини ташкил қилади. Қорабоғ яқин қариндошлик алоқалари кўп бўлган жуда зич минтақа, тан олинмаган Қорабоғ республикаси президенти улар учун, албатта, қандайдир самовий одам эмас.
Минтақанинг барча эркак аҳолиси армияда хизмат қилган, яъни Озарбойжон ҳукумати уларни қуролли айирмачилар деб аташи мумкин. Деярли ҳар бир эркакда қурол бор: қурол йўқлиги улар учун уят. Демак, уларни қуролланган жангарилар деб аташ мумкин. Бу аҳолини қандай қилиб Озарбойжон ҳокимияти остига ўтказиш мумкин? Улар (Озарбойжон ҳукумати) бу аҳолини кўчириш ёки қамоққа жўнатиш бўйича операция ўтказадими? Арманистон учун бу реал сценарий эмас. Шу билан бирга, реал сценарийни тасаввур қилиш қийин.
Қолаверса, бу масалаларни муҳокама қилиш Арманистоннинг ўзида ҳам кескин реакция келтириб чиқариши аниқ. Ҳозирча Пашинян Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олди, аммо бу шунчаки қуруқ гап. Бу ҳеч қандай оқибатларга олиб келмади. Аммо, масалан, ўн минглаб одамлар хавф остида қолгани учун Қорабоғдан Арманистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлса, бу бутунлай бошқа масала бўлади.
Тинчлик шартномаси имзолаш учун яна бир муҳим масала – чегарани делимитация қилишдир. Ушбу масала, жумладан, анклавлар масаласи ҳам тинчлик шартномасига киритилиши керак. Озарбойжон ҳозир буйруқ бераётгани ва шу билан бирга шошаётганини ҳисобга олсак, Боку ҳеч бўлмаганда шу йил охиригача шартномани имзоламоқчи бўлса керак. Кўриниб турибдики, гарчи уни журналистлардан ҳеч бири ҳали ўқимаган бўлса-да, ҳужжат аллақачон мавжуд. Ҳозир барча мунозаралар, афтидан, аниқ сўзлар ва формулалар атрофида кетмоқда. Аммо бу ерда алоҳида сўзлар ҳам жуда муҳим, чунки ҳар бир вергул кейинроқ турлича талқин қилинади.
Шунингдек, ушбу шартномага мувофиқликни кузатиб борувчи кафиллар ҳам муҳимдир. Арманлар тез-тез сўрамоқда: агар шартнома имзоланса ва Озарбойжон унга риоя қилмаса нима бўлади? Бунинг учун жавобгарликни ким ўз зиммасига олади? Агар ушбу ҳужжат Франция, Германия ва, эҳтимол, Россия томонидан тасдиқланса яхши бўларди.
Арманистон Украина билан бир хил даражада дунё эътиборига эга бўлишни ва қўллаб-қувватланишини жуда хоҳлайди. Лекин, қўрқаманки, бунинг иложи йўқ.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
00:59 / 21.11.2024