Жаҳон | 20:06 / 07.06.2023
23839
6 дақиқада ўқилади

Херсон областини сув босди. Иккинчи кундаги сўнгги маълумотлар

Aleksey Filippov / AFP / Scanpix / LETA

Украина ва Россия томони маълумотларига кўра, Херсон областида жами беш мингга яқин уй Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши оқибатида сув остида қолган. 7 июн куни тонгда ҳудуднинг Украина томонидан тайинланган раҳбари Олександр Прокудин берган маълумотда Днипронинг Украина назоратидаги ўнг соҳилида 1852 уйни сув босгани ва 1457 киши эвакуация қилингани айтилади. ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, областнинг Россия томонидан аннексия қилинган қисмида 2,7 мингга яқин уй сув остида қолиб, қарийб 1,3 минг киши хавфсиз жойга кўчирилган.

ГЭС жойлашган Нова Каховка шаҳри ҳудудида етти киши бедарак йўқолган. Ўлим ҳолатлари ҳақида расмий маълумот йўқ. Херсон областининг Россия томонидан аннексия қилинган қисмида фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Россия томони баҳоларига кўра, сув тошқини ҳудудида 22 мингдан 40 минггача одам бўлиши мумкин.

Херсон, 2023 йил 7 июн
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Нова Каховкада яшовчи 53 ёшли Валерий сув босган уйида, 2023 йил 7 июн
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Сув тошқини зонаси жами 15 та аҳоли яшаш манзилларини қамраб олган. Нова Каховкада 7 июн куни сув пикдан (юқори нуқтадан) 60 сантиметрга пасайди. Шаҳарда сув нормал даражага қайтишига камида бир ҳафта кетиши кутилмоқда. Олександр Прокудиннинг маълум қилишича, Нова Каховка яқинида жойлашган шаҳар типидаги Днепряни посёлкаси ва Корсунка қишлоғи бутунлай сув остида қолган. Херсон областининг Россия таъсиридаги «маъмурияти» Днипро дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Кринки ва Казачья Лагери қишлоқларида уйларни томгача сув босгани ҳақида хабар берган. Россия армияси назоратидаги Голая Пристан шаҳрининг 80 фоиз қисми сув остида қолган, айрим ҳудудларда сув уйлар томигача етади. Шунингдек, Песчаное, Старая Збурьевка, Кардашинка, Олешки (Алешки) каби шаҳар ва қишлоқларни сув босган. Херсонда кўчалар сув остида қолган, Корабел микрорайонидан қарийб 1,3 минг киши эвакуация қилинган. 7 июнга ўтар кечаси Херсон атрофидаги Белозерск қишлоғи ҳам сувга ғарқ бўла бошлаганди.

Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши украин қўшинини қарши ҳужум бўйича айрим режаларни ўзгартиришига мажбур қилиши мумкин, деган CNN телеканали манбаси. Рўй берган ҳодиса туфайли энди Украина қуролли кучлари Днипрони кечиб ўтиши ва россияликларнинг позицияларига ҳужум қилиши қийин бўлади. «Тўғондан қуйи оқими бўйича режалаштирилган барча ишни, катта эҳтимол билан, кейинроққа қолдиришга тўғри келади», — деган Европа мамлакатларидан бирининг Вашингтондаги элчиси. АҚШ ва ғарб разведкаси тўғон вайрон бўлишида ким жавобгар эканини аниқлаш учун текширувларни давом эттирмоқда, аммо CNN манбасига кўра, расмийлар бунда Россияни айблашга мойил (Москвадагилар бундай айбловларни рад этмоқда). Херсон областининг аннексия қилинган қисми раҳбари Владимир Сальдо эса тўғон вайрон бўлганидан кейин «оператив-тактик вазият РФ кучлари фойдасига ривожлангани»ни айтган. У бундай баҳо беришда нимага асосланганига изоҳ бермаган.

Россиялик ҳарбийлар Херсон областида миналаган майдонлар ҳам сув остида қолган, бу ҳақда ҳам Владимир Сальдо маълум қилди. «Ҳарбийлар миналанган майдонлар қаерда жойлашганини билишади. Шуғулланишмоқда», — деган Сальдо «Соловьев Live» эфирида. Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Каховка ГЭС тўғони бузилиши оқибатида қабристонлар, ҳожатхоналар ва чиқинди полигонларидан хавфли кимёвий моддалар, инфекцион касаллик қўзғатувчилар очиқ сув ҳавзалари ва қудуқларга тушиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Россия ва Украинадагилар сув тошқинлари ўн кундан кейин тўхташини кутишмоқда. 7 июн куниёқ сув сатҳи барқарорлаша бошлаган, бу ҳақда «Донбасс.Реалии» учун берган интервюсида «Укргидроэнерго» бош директори Игорь Сирота айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, учинчи-тўртинчи кунларга бориб сув сатҳи пасайишни бошлайди, «ўнинчи кунда барча сув Қора денгизга кетиб бўлган бўлади», Каховка сув омбори эса деярли қуриб қолади. Херсон области раҳбари Олександр Прокудин сув тошиши интенсивлиги пасая бошлаганини, аммо сув келиши давом этаётгани ва 7 июн охирига қадар сув сатҳи яна тахминан бир метрга кўтарилиши мумкинлигини айтган. Херсон областининг аннексия қилинган қисмида фавқулодда хизматлар қатор ҳудудларда сув кўтарилиши уч кундан ўн кунгача давом этишини кутмоқда.

The New York Times Каховка ГЭС тўғони бузилиши бўйича энг эҳтимолий версияни келтирди — гидроэлектрстанция ичкаридан портлаган. Бу ҳақда нашр сўровига жавобан портлаш қурилмалари бўйича муҳандислар ва экспертлар айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, тўғон вайрон бўлишига олдинги шикастланишлар ва ташқаридан қилинган ҳужум ҳам сабаб бўлиши мумкин, аммо булар эҳтимоли камроқ бўлган версиялардир. Украина томони тўғон РФ қуролли кучларининг 205-мотоўқчилар бригадаси томонидан портлатилганини таъкидламоқда, Россия ҳукумати эса бу «Украина томонининг қасддан содир этган диверсияси» оқибати бўлганини айтмоқда.

Мавзуга оид