Ўзбекистон | 14:05 / 10.06.2023
13571
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда севган қизининг уятли расмларини интернетда тарқатиш билан қўрқитган йигит қўлга олинди

Йигит қизнинг уятли видео ва фото тасвирларини Теlegramʼдаги каналларда тарқатмаслик эвазига ундан 800 доллар талаб қилган.

Жиззах шаҳрида яшовчи қиз ИИБга мурожаат қилиб, севган йигити унинг яланғоч ҳолдаги видео ва фото тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдирган.

ИИВ ТДҚ Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, қизга таҳдид қилган шахс Жиззах шаҳрида яшовчи, 19 ёшли йигит экани аниқланган.

Маълум бўлишича, йигит қиз билан севишиб, ишқий муносабатда бўлган вақтларида уйланиш истаги борлигини айтиб, унинг ишончига кирган. Сўнг яширин тарзда қизни кийимсиз ҳолатда фото ва видеотасвирга олган

Кейинроқ, қизнинг бошқа йигит билан унаштирилганини эшитган йигит унинг уятли видео ва расмларини Теlegramʼдаги каналларга тарқатиб юбориб, никоҳ тўйини бузиш билан қўрқитган. Шунингдек, қизнинг уятли видео-фото тасвирларини ўчириш эвазига 800 доллар талаб қилган.

Тезкор тадбирда йигит қиздан келишилган 800 долларнинг бир қисми сифатида берилган 4 млн сўм пулларни олган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қонунга мувофиқ, О.Р. томонидан содир этилган жиноий ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.   

Мавзуга оид