Жамият | 19:27 / 11.06.2023
34961
8 дақиқада ўқилади

“Қизингиз ҳолидан хабар олиб туринг” — андиша сабаб қизидан айрилишига бир бахя қолган она ҳикояси 

“Қайнонаси ишдалигида қизим кун бўйи рўзғордаги барча ишларни қиларкан. Овсини қайнонаси келиш вақтига яқин уйидан чиқар экан-да, ҳамма ишни мен қилдим деб айтаркан қайнонасига. Қизим гапиролмаса, нима ҳам қилоларди”.

Фото: Kun.uz

Қиз бола узатилдими, унга бошқа бир оиланинг вакили сифатида қаралади. Ҳатто уйига бориш ҳам уят ҳисобланади. Шу сабабданми, кўпчилик ўзбек оилаларида узатилган қизнинг рўзғорига аралашилмайди. Нима бўлса, ўша уйда бўлсин, уйдаги гап кўчага чиқмасин дейишади. Лекин ҳар доим ҳам бундай йўл тутиш тўғри бўлавермайди. “Ҳаётий ҳикоялар”нинг бугунги қаҳрамони ўз қизининг бошидан ўтганлари ҳақида ҳикоя қилади.

“Уч қиз, икки ўғил фарзандим бор. Ўғилларимни уйлантириб, қизларимни жой-жойига қўйдим. Фақат кичкина қизим қолганди. Бўй етгани сари оқи оққа, қизили қизилга бўлиб, жуда чиройли қизга айланди. Коллежда биринчи курс пайтидан уйимиздан совчи аримасди.

Отаси билан маслаҳатлашиб ўзимизга маъқул бўлган бир оилага берадиган бўлдик. Ҳали ўқимоқчиман, шошилманглар, деди қизим. Ёнимга олиб тушунтирдим. Болам, совчилар бир ёпирилиб келади. Кейин аста-секин қадами узилади. 

Ўқишингга қаршимасмиз. Пешонангда бўлса, тўйдан кейин ҳам ўқиб олаверасан. Ўзимизга мос, яхши оила экан. “Ўқисанг, ишласанг-у, ўзингга муносиб бундай жой қайтиб чиқмаса-чи? Қиз боланинг бахти оиласида, ана опаларинг ҳам ўқимади, лекин кам бўлишмаяпти”, дея тушунтирдим. 

Коллежни тамомлаши билан тўй қилишга келишдик. Фотиҳа ҳам бўлиб ўтди. Айни имтиҳон пайтлари эди. Ҳам тўй ташвишлари, ҳам курсдан курсга ўтиш имтиҳонига тайёрланиш билан қизим жуда чарчаб қолгани шундоққина сезилиб турарди. 

Шундай кунларнинг бирида шошиб йўлни кесиб ўтаман деб, автоҳалокатга учради. Шифохонадан телефон қилиб айтишгандаги ҳолатни тасаввур қила олмайсиз. Қаттиқ қўрққанидан комага тушиб қолган экан бечора болам. 

Жароҳати у қадар оғир бўлмаса-да, тузалиши жуда қийин бўлди. Оёққа ҳам турди, аммо гапирмасди. Кўрсатмаган докторимиз, олиб бормаган жойимиз қолмади. Ҳамма бир хил гапни айтар, мўъжиза сабаб тузалиши мумкин дерди. 

Қудалар узр айтиб тўйни тўхтатди. Бу қизим учун иккинчи зарба бўлди. Нафақат қизим, балки мен ҳам анча вақт ўзимга келолмай юрдим. Гўзаллигига ошиқ бўлиб эшигимизни тешгудай бўлиб келаётган совчилар ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Соқов келин ҳеч кимга керак эмасди...

Тақдирга тан берган қизим имо-ишоралар билан гаплашишни ўргана бошлади. Мен эса унинг гапириб кетишидан умид узмасдим. Уйимизни тақиллатиб яна совчи келди. Бу сафар туғма соқов йигитдан.

Ёшлар бир-бири билан учрашди. Имо-ишоралар орқали гаплашишди. Бир-бирига маъқул бўлган, шекилли, қизим ўзларинг биласизлар, деб ёзиб берди. Шу билан тиниб-тинчиб кетса қанийди. Барча ташвишлар кейин бошланди. 

Орқама-кейин икки фарзандли бўлишди, тиллари бурро чиқсин деб ҳар куни Худодан сўрашимни сўз билан тушунтириб беролмайман. Минг шукур, тиллари чиқиб, ота-онаси учун ҳам гапирадиган бўлишди. Қизим икки келиннинг кичкинаси эди. 

Қайнонаси ишдалигида қизим кун бўйи рўзғордаги барча ишларни қиларкан. Овсини қайнонаси келиш вақтига яқин уйидан чиқар экан-да, ҳамма ишни мен қилдим деб айтаркан қайнонасига. Қизим гапиролмаса, нима ҳам қилоларди.

Одатда ўзбек оилаларида кичик ўғил ота-она билан қолиб, катта фарзанд алоҳида уй-жой қилиб чиқади. Лекин негадир қуда томон кичик фарзандларини боғларидан лойcувоқ икки хона уй кўтариб кўчиришди, рўзғорини алоҳида қилиб қўйишди. Иккиси ҳам гапиролмаса, нега ундай қилдингиз дегим келди, бироқ андиша қилдим. Майли, бир кунларини кўришар, биз ёрдамлашармиз дедик. 

Бола пулини қудам ўзи оларди. Алоҳида кўчирганидан кейин ҳам қизимга бермади. Рўзғори бошқа бўлганидан кейин “энди бермайсизми бир камига ишлатсин” дегим келди, яна тилимни тишладим. 

Бир куни қизимни базўр суяб олиб келишди. Ранг-рўйига қараб бўлмайди. Шифокорга кўрсатдик. Умид йўқ, укол-дори билан икки-уч ой яшаши мумкин, деди. Қизим қаттиқ шамоллаган экан. Одатда касал бўлса, уйимизга жўнатиб юборишарди. Бу сафар шифохонада ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган қайинакаси ўзича даволабди. Нотўғри муолажа сабаб аҳволи оғирлашиб бораверган.

Кўплаб шифокорларга кўрсатдик. Барчаси шу аҳволга келгунча ҳам қарамайсизларми, деб уришарди. Шифохонага ётқиздик, лекин умид йўқ, деб уйга қайтариб юборишди.

Уйда қарай бошладик. Бахтимизга аста-секин ўзига кела бошлади. Олти ой деганда соғайди. Касал ётганида, ёрдам кераклигида қорасини ҳам кўрсатмаган қудалар, тузалганидан сўнг кўриниш бериб қолди. 

Икки боласи бор, ўзи ҳам қайтишни хоҳлади. Нима ҳам қилардик. Уйига қайтди. Бироздан сўнг эри чет элга қурилишда ишлашга танишлари билан бирга кетди. Бу вақтда қизим учинчи боласига ҳомиладор эди.

Бир куни қудам телефон қилди. Қизингизни олиб кетинг, бир нима қилиб қўйишим мумкин, деб. Юрагим ёрилай деди. Қандай етиб борганимни билмайман. Салом-алик қилмасдан қайнонаси қизимни ёмонлашга тушиб кетди. Менинг ҳам сабрим шу ергачалигини тушуниб етдим.

Шунча пайт индамай келганим етар деб, тўғри ногиронлар жамиятига бордим. Боламни уйида шундай аҳвол, менга битта психолог билан, битта таржимон беринглар дедим. Уларни олиб, қизимнинг уйига қайтиб бордим. Маълум бўлишича, эри четга кетгани учун қизим болаларининг пулини ўзи олаётган экан. Шу пулларни бир ойга етказиб, рўзғорини амаллаб турибди экан. Эри жўнатган пулларни эса қайнонаси оларкан.

Сен пулни ҳавога совуряпсан деб роса жанжал қилишибди. Бола пули 800 минг сўм, ўзининг ногиронлик нафақаси билан 1 миллиондан базўр ўтади. Шуни амаллаб рўзғорини ўтказиб турганига раҳмат дейишмайдими?

Қизимни ўлар ҳолатга олиб келганда ҳам улар билан яхши-ёмон бўлмагандим, лекин сабрнинг ҳам чегараси бор-да ахир. Қайнонасининг олдида “ҳомиладор ҳолингга иш қилма, ўзингни асра”, дедим. Қудам индай олмай қолди.

Қиз узатган оналарга икки оғиз гапим бор: қизимни эгасига топширдим, кўнглим тинч деманг. Ҳар куни бориб рўзғорига аралашинг дейишдан йироқман. Лекин қизингиз қандай аҳволда, оиласида унга қандай муносабатда бўлишади, у ўзини қандай ҳис қиляпти, ана шулар билан қизиқиб туринг.

Қизингизга нимадир бўлса, қайнонаси нари борса келиним яхши эди, дейди. Ўғлига бошқа қиз излашга тушади. Куйганда сиз куясиз, азобланганда болангиз азобланади. Шунинг учун унинг руҳиятидаги ўзгаришлар билан ҳам қизиқиб туринг.

Ажраштириб олиб кетиш, бундай вазиятда яшатишдан осон. Лекин қизим ҳам, мен ҳам қийин йўлни танладик”, дея ҳикоясини якунлади она.

Онанинг айтишича, қизи ва куёви бир-бирига кўнгил қўйиб, боғланиб қолган. Икки ёрти бир бутун бўлишган. Шу боисдан ажрашмасликка қарор қилишган. 

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид