Ўзбекистон | 15:58 / 12.06.2023
71957
10 дақиқада ўқилади

Давлат амалдорининг “ипакдан тўқилган” бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?

Kun.uz суриштируви ипакчилик соҳасининг давлат регулятори ҳам, шу соҳадаги асосий ўйинчилардан бири ҳам айни бир шахс эканини кўрсатди. Ипакчилик қўмитаси раиси, яқингача қўмита билан бирга “Ўзипаксаноат”ни ҳам бошқариб келган Баҳром Шарипов ўзига алоқадор кўплаб компаниялар орқали ипак саноатида шахсий бизнесни юритаётгани маълум бўлди.

Ипак. Дунёдаги энг майин нарсалардан бири. Бироқ у – оддий деҳқонларнинг қаттиқ меҳнати маҳсули. Ипак пилла қуртини тут барглари билан боқиш асносида юзага келади. Баргларни еб каттарган қуртлар ўз атрофида пилла тўқийди. Инсон эса пилла ипини қайтариб ечади ва ундан мато тўқийди.

Ўзбекистонда ипак етиштириш узун тарихга эга – қадим-қадимдан юртимизда ишлаб чиқарилган ипак матоларнинг донғи дунёга достон бўлган. СССР даврида ҳам ипак етиштириш юртимизда давом этди: колхозчи оилаларга боқиш учун қуртлар тарқатилар эди, тайёр бўлган пилла давлатга топширилар, давлат фабрикаларида ипакдан матолар тўқилар эди. Чунки ҳамма завод-у фабрикалар давлатники эди. Хусусий завод-фабрика йўқ эди.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бозор иқтисодиётини қуришни бошлади. Салкам ҳамма нарса энди давлатнинг эмас, балки хусусий корхоналарда ишлаб чиқариладиган бўлди.

СССР пайтида ҳамма соҳа давлатники бўлгани боис, пиллакор оилаларнинг меҳнатини ҳам давлат баҳоларди: “ҳамма нарса давлатникими, демак, меҳнат ҳақини ҳам давлат белгилайди-да”.

СССР тугади, бозор муносабатларига ўтиш эълон қилинди. Энди ҳар бир маҳсулотнинг эгаси уни етиштирган инсон бўлиши, нархини эса давлат эмас, бозор, яъни талаб-таклиф белгилаши керак бўлди.

Бироқ Ўзбекистонда баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳаси эркинлаштирилмади. Пилла ҳам шулардан бири. Пиллани кимдир етиштиради, нархини эса бошқа кимдир белгилайди, ҳамда ўша нархда пиллани пиллабоқардан сотиб олади, қайта ишлайди ва маҳсулотни бозор нархида сотади. Зўр-а, хомашёни халқдан ўзинг белгилаган нархда оласан, қайта ишлаб, бозор нархида сотасан?

Ким ўша – “кимдир”?

Ипакчилик тармоғини тартибга солувчи идора – Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси, 2020 йилда ташкил этилган. Аммо қўмитадан ташқари 2017 йилда асос солинган “Ўзипаксаноат” уюшмаси ҳам бор. Унинг таркибига ипакчилик саноати корхоналари, шунингдек, “Агропилла” ипак қурти пилласини тайёрлаш тузилмалари киради.

Бундан ташқари, уюшманинг вазифа ва функциялари кейинроқ ташкил этилган Ипакчилик ва жун саноати қўмитасиники билан деярли бир хил. Соҳани бошқаришда маҳаллий ҳокимиятлар ҳам чекада қолмаган – улар пилла етиштириш бўйича режаларнинг бажарилишига масъул қилинган бўлиб, маъмурий мажбурлов билан шуғулланади – пилла етиштириш режасини фермерлар ўртасида тақсимлаб, бажарилишини назорат қилади.

Ипакчиликни бошқаришнинг яна бир бўғини – ипакчилик кластерлари. Улар расман хусусий тижорат ташкилотлари ҳисобланади, аммо негадир давлат қарори билан тузилади, улар ҳам фермер хўжаликлари ўртасида пилла етиштириш бўйича режаларни мажбурий тақсимлашда иштирок этади, “Ўзипаксаноат” квазидавлатуюшмасининг мажбурий аъзолари ҳисобланади, уюшмага аъзо сифатида имтиёз ва преференциялар олади. Уюшма таркибида соҳага ихтисослашган 74 та тижорат ташкилоти, хусусан кластерлар бор.

Кластерлар тўғридан тўғри ёки “Агропилла” уюшмасининг туман бўлимлари орқали, маҳаллий ҳокимият ва турли “жамоат ташкилотлари”нинг ёрдамида фермерлар билан шартномалар тузади, фермерлар эса маҳаллий аҳоли ва фермер хўжаликлари ишчиларига ипак қурти уруғи тарқатади, ўз оилаларида ҳам пилла етиштиради. Бундан ташқари, пилла уруғи МФЙлар ва бандлик агентликлари орқали кам таъминланган оилаларга тўғридан тўғри тарқатилади.

Энди соҳани бошқараётган шахс ҳақида...

Ипакчилик ва жун саноати қўмитасига (декабр ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган) ташкил қилинганидан бери унга Баҳром Шарипов раислик қилиб келади. Бу одам шу йил феврал ойигача параллел равишда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини ҳам ўзи бошқариб келган.

Соҳа ва Баҳром Шарипов шахсини ўрганиш жараёнида биз қизиқ фактларга дуч келдик.

Ипакчилик соҳаси деярли шахсий монополияга қараб кетаётганга ўхшайди. Бутун бошли тизимни “қўлида ушлаб” келаётган Баҳром Шарипов ўзбек ипагидан “ўргимчак тўри” тўқиб олган десак адашмаган бўламиз. Буни у ва унинг яқинлари номида бўлган фирмалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гапнинг бошида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши қонунчиликда тақиқланганини эсга оламиз. Аммо қонуннинг бу талаби Баҳром Шариповга тааллуқли эмас кўринади. У Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси раиси бўлган ҳолда бир нечта МЧЖ раҳбари ва таъсисчилигини сақлаб қолмоқда.

Очиқ манбаларга юзланамиз. Баҳром Шарипов, давлат хизматчиси бўлатуриб, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида рўйхатдан ўтган “Karomat-Oyijon-Surxon” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Шунинг баробарида қўмита раиси “1001 Nights” МЧЖнинг 50 фоиз улушига ҳам эгалик қилади. Фаолият тури меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш яшаш жойлари бўлган мазкур МЧЖ 2019 йилда Бухоро шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Баҳром Шариповнинг бизнес тузилмалари асосини унинг турмуш ўртоғи ҳисобланган Сайёра Шарипова номида очилган фирмалар ташкил қилади. Оила бекаси бир эмас, икки эмас, ўндан ортиқ МЧЖларда улушдор.

Жумладан, Сайёра Шарипова ипакчиликка ихтисослашган жамиятнинг эгаси экани эътиборни тортади. Қўшма корхона шаклидаги “Silk Road-Tex” МЧЖнинг 74,40 фоиз улушига бевосита у эгалик қилади. Устав фонди 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган корхона ип газлама ишлаб чиқариш фаолият турига ихтисослашган. Давлат ва хўжалик бошқаруви мансублигида "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси деган ёзув туради.

Фаолият тури жун толаларини тайёрлаш ва йигириш бўлган “Inter Silk Pro” МЧЖнинг 82,50 фоиз улушига ҳам Сайёра Шарипова эгалик қилади. Ушбу МЧЖнинг устав капитали қарийб 7,5 млрд сўм. Бу корхонада ҳам “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига бегона эмаслигини кўрсатувчи белги қўйилган.

51,90 фоиз улуши Шарипованинг “қўлида” бўлган навбатдаги МЧЖ – “Huashen Silkworm Pro”. Фаолият турига кўра, бу МЧЖ ипак қуртини кўпайтириш билан шуғулланади. Давлат реестрида бу фирманинг ҳам “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига алоқадор эканига оид белги бор.

2021 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган, фаолият тури тўқилган ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлган “Dream Silk” МЧЖнинг 98 фоиз улуши ҳам расман соҳа раҳбарининг рафиқасига қарашли.

Шунингдек, Сайёра Шарипова ипакчилик соҳасига алоқадор “Surxon Ipagi” МЧЖ (95,20 фоиз) ва “Dream Silk-Textile” ишлаб чиқариш кооперативи (33,40 фоиз) каби тадбиркорлик субъектларига ҳам эгалик қилади.

Шариповлар оиласи атрофида айланадиган исмлардан бири – Дилдора Адинаевадир.

Таҳририятда бу шахс Баҳром Шариповга ким бўлиши ҳақида маълумот йўқ. Аммо унинг исми-шарифи Сайёра Шарипова билан айрим МЧЖларда ҳамтаъсисчи сифатида кесишади. Адинаева ипакчиликка алоқадор “Saxovat Ipak Servis” МЧЖ (44,3%), “Andijan Silk Co” МЧЖ (100%), “Dream Silk-Textile” ишлаб чиқариш кооперативи (33,3%), “Ipak Qurti Urug‘I” МЧЖ (1,3%), “Denov Dream Silk” ишлаб чиқариш кооперативи (33,3%) каби бир нечта тадбиркорлик субъектларида улушларга эгалик қилади.

Баҳром Шариповга бориб тақалишини тахмин қилиш мумкин бўлган занжирда яна икки шахс бор: Баҳромов Машрабшоҳ Баҳром ўғли ҳамда Баҳромов Ботирбек Баҳром ўғли.

Ушбу шахслар ким экани ҳақида аниқ маълумотимиз йўқ. Бироқ улар исми-шарифи ҳамда юқорида номлари зикр этилган Сайёра Шарипова ва Дилдора Адинаевалар билан кўплаб фирмаларда ҳаммуассислик экани инобатга олинса, катта эътимол билан қўмита раиси Баҳром Шариповга бегона эмас.

Машрабшоҳ Баҳромов эса “Denov Dream Silk” ишлаб чиқариш кооперативида Дилдора Адинаева билан 33,30 фоиздан тенг улушга эга. Шунингдек, у Сайёра Шарипова билан “Surxon Ipagi” МЧЖда улушдор.

Эътибор қаратилса, Баҳром Шариповнинг атрофидаги шахслар раҳбарлигида охирги йилларда рўйхатдан ўтказилган фирмаларнинг аксарияти ипакчилик, жун толалари, трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш каби фаолият турлари билан шуғулланади. “Denov Dream Silk” ҳамда “Dream Silk-Textile” ишлаб чиқариш кооперативлари, “Surxon Ipagi” ва “Andijan Silk Co” МЧЖлари шулар жумласидан.

Ушбу жадвалга Б.Шариповга алоқадорлиги тахмин қилинган шахсларнинг ипакчилик соҳасига оид корхоналаридан айримлари жамланган. Бу шахсларга ўзаро боғланадиган, аммо фаолият тури бошқа бўлган яна ўнлаб корхоналар ҳам мавжуд.

2022 йил декабрида президент топшириғи билан келгуси йилда (яъни 2023 йилда) пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида ушбу соҳага ҳам эркинлик берилиши, етиштирилган пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилиниши белгиланган эди. Аммо афсуски, бундай бўлгани йўқ.

Сўнгсўз

Бозор иқтисодиётидан яхшироқ иқтисодиёт ўйлаб топилмаган – айнан талаб-таклифга, моддий манфаатдорликка ястанган иқтисодиёт самарали экани ўз исботини топиб бўлган. Фақат моддий манфаатдорлик деганда, моддий манфаатни давлат берган ваколатлардан фойдаланган ҳолда, жамият манфаатини чеккага суриб қўйиб топиш назарда тутилмайди.

Шокир Шарипов

P.S. Ипакчиликка масъул қўмита ва уюшма вакиллари биз билан учрашувда Баҳром Шарипов аслида тадбиркор бўлгани, ипакчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан соҳа раҳбарлигига келгунга қадар ҳам шуғулланганини маълум қилди. Аммо суриштирувда туғилган саволларга жавоб берилмади.

Мавзуга оид