Антикоррупция агентлиги ходимлари 2023 йилда қандай совғалар олгани маълум қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан 2023 йилда хизмат сафарлари, халқаро ва расмий тадбирларда жами 33,7 млн сўмлик 26 та ҳадя олинган. Қиймати 4 БҲМдан ортиқ совғалар кирим қилиниб, агентлик музейига қўйилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йилда ходимлари томонидан қандай совғалар қабул қилгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда агентлик сайтида эълон қилинган совғалар реестрида кўрсатиб ўтилди.
Маълум қилинишича, агентликка 2023 йилда 33 млн 736 минг сўмлик 26 та совға ҳадя қилинган. Уларнинг аксарияти – рамзий сувенир ва турли буюмлар.
Совғалар ичидан энг қиммати нархи 4,8 млн сўм бўлган иккита сувенир ҳисобланади. Улардан бири Қатар давлати Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази, иккинчиси эса Қатар давлати Бош прокуратураси томонидан ҳадя қилинган. Қатарнинг давлат аудит бюроси совға қилган лаган эса 2,4 млн сўмга баҳоланган. Шунингдек, совғалар орасида Қатар давлати Мамурий назорат ва шаффофлик идораси томонидан берилган, Қатар ҳамда Ўзбекистон давлатлари байроғи акс эттирилган, металлдан ясалган кема шаклидаги 2,5 млн сўмлик сувенир ҳам бор. Уларнинг барчаси агентлик раҳбари Акмал Бурхоновга ҳадя қилинган.
Бундан тақшари, Тожикистон давлат Молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлигидан 2,8 млн сўмлик яшил оникс ваза, Сингапур Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюросидан 1 млн 350 минг сўмлик расм, Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан 1 млн 350 минг сўмлик сувенир, Тожикистон давлат Молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлигидан 1,6 млн ҳамда 1,9 млн сўмлик иккита кумуш танга қабул қилиб олинган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан давлат хизматчиларининг совға олиши масаласи ҳуқуқий тартибга солинган. Шу асосда “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинган.
Низомга кўра, қиймати 4 БҲМгача деб топилган совғалар давлат хизматчисида қолдирилади. Ундан юқори қийматга эга совғалар давлат органи балансига кирим қилиниб, шу орган эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
12:00 / 11.12.2024