Жамият | 17:22 / 13.06.2023
39167
6 дақиқада ўқилади

85 кундан бери ҳибсда қолаётган таржимон: унинг яқинлари процессуал чора асоссиз эканини айтишмоқда

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида давлатга 1,5 млрд сўм зарар келтирган майнинг ферма иши бўйича корхона раҳбарлари эмас, таржимон ҳибсга олинган. Яқинлари ва адвокатларининг асосли талабларига қарамай, тергов органи эҳтиёт чорасини бекор қилишга шошилмаяпти.

Фото: Getty Images

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нурафшон шаҳрида 127 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, давлатга 1,5 млрд сўм зарар етказган шахслар ушлангани ҳақида хабар берганди.

Расмий хабарда майнинг қурилмалари Нурафшон шаҳри “Ойбек” МФЙдаги фуқаро А.У.га тегишли нотурар бинога ўрнатилгани, хорижий давлат фуқароси Й.С. ва фуқаро Б.Р. электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани таъкидланади. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) ва 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо негадир тергов органи томонидан Нурафшонда фирма очган Жанубий Корея фуқароси ва унга нотурар жойини ижарага берган шахс қолиб, уларга тилмочлик қилган таржимон эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Хорижлик тадбиркорга таржимонлик қилган Ботиржон Раҳимовнинг рафиқаси Гулинисо Солижонова Kun.uz’га мурожаат қилиб, эрига нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси асоссиз экани, тергов давомида процессуал нормалар қўпол равишда бузиб келинаётгани, бу борада юқори инстанцияларга қилган мурожаатларидан фойда бўлмаётганини билдирди.

“EMKOREA” МЧЖ ҚКнинг фаолият тури, таъсисчиси ҳақида маълумот
Фото: Stat.uz

Аёл умр йўлдоши 2021 йилнинг 16 мартидан буён “EMKOREA” МЧЖ ҚКда таржимон сифатида ишлаб келаётгани, корхона уй-жой олди-сотди ва ижараси бўйича реэлторлик фаолияти билан шуғулланиб келганини айтмоқда. Корхона таъсисчиси ва раҳбари Янг Синг Мин, жамият иш бошқарувчиси эса Чо Ҳюн Тай бўлиб, ҳар икки шахс Корея Республикаси фуқаролари ҳисобланади. Ботиржон Раҳимов ушбу икки шахсга таржимонлик хизматини кўрсатиб келган.

Тухумни дудловчи қурилма
Фото: Kun.uz

Корхона Нурафшон шаҳар Ойбек маҳалласида жойлашган Акмал Усмоновга тегишли нотурар бинода ташкил этилган. Корхона парранда тухумини дудлаб пишириш, сўнгра уларни қадоқлаб сотувга чиқариш фаолияти билан шуғулланиши керак бўлган.

Гулинисо Солижонова Kun.uz’га тақдим этган суратлар айни мақсадда Жанубий Кореядан тегишли ускуналар олиб келиб, корхона томонидан ижарага олинган жойга ўрнатилганини тасдиқлайди.

Тухумни дудловчи қурилма
Фото: Kun.uz

“Кореяликлар бу ерга тухумни дудлаб пиширадиган техника олиб келиб ўрнатишган. Эрим 3 млн сўм ойликка ишлаган. Унинг вазифаси Жанубий Корея фуқароларининг маҳаллий аҳоли билан, шунингдек, корхона фаолиятига дахлдор масалаларда давлат идоралари ходимлари билан мулоқотида таржимонлик қилиш, яъни ҳар икки тарафнинг сўзларини қарши томонга тушунарли тилда етказиш бўлган.

Корхона Акмал Усмоновга тегишли нотурар бинода ташкил этилган, Усмонов ижара ҳақи сифатида ҳар ой 6000 доллардан олиб келган. Келишувга кўра, электр энергияси ва бошқа харажатларнинг пулини ижарага берувчи тўлаши керак бўлган.

Корхонада эримдан ташқари яна бир қанча ишчилар бор. Қолаверса, иккита кореялик раҳбар бор. Уларнинг бирортаси терговга жалб қилинмаган”, дейди Гулинисо Солижонова.

Дубланган тухумлар
Фото: Kun.uz

Мурожаатчининг таъкидлашича, турмуш ўртоғи 2023 йилнинг 23 мартида ИИБ биносига олиб кетилган. У ерда икки кун ушлаб турилгач, 25 март куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

“Рамазоннинг биринчи куни эди. Оғиз очишлари билан ИИБ ходимлари келиб ушлаб кетишганди. Шундан бери уйга қайтганлари йўқ. Эримга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини асоссиз деб ҳисоблайман. Боиси у Жиноят кодексининг 185-2-моддаси билан айбланмоқда. Аслида бу айблов ҳам асоссиз.

Мен шу пайтгача бир неча марта юқори турувчи идораларга мурожаат қилдим. Вилоят ва шаҳар прокуратураси раҳбарияти қабулида бўлдим, улардан адолат истадим. Терговчилар ушбу мурожаатларимдан кейин эримни тезда қўйиб юборишга раҳбарлар олдида ваъда бериб, амалда бу ваъдаларини бажармай келишмоқда”, дейди Гулинисо Солижонова.

Мурожаатчининг таъкидлашича, мазкур жиноят иши тергови бир томонлама олиб борилаётгани, асосий гумондорлар қолиб жиноят ишига тўғридан тўғри алоқаси бўлмаган шахс – умр йўлдоши қамаб қўйилгани, бу вақтда эри ишлаган фирманинг раҳбарлари ва уларга мулкини ижарага берган шахс очиқда юргани ҳақида юқори инстанцияларга йўллаган шикоятларидан сўнг эрим қамалганидан 53 кун ўтибгина 19 май куни Акмал Усмонов ҳам процессуал тартибда ушланган.

Гулинисо Солижонова адвокатлари берган маълумотга таяниб, Акмал Усмонов Ботиржон Раҳимов билан юзлаштириш чоғида унинг оддий таржимон экани, бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тан олганини айтмоқда.

Тошкент вилояти ИИББнинг тергов назоратига масъул бошқармаси мансабдори терговчилар томонидан тақдим этилган маълумотга таяниб, мазкур вазият бўйича изоҳ бераркан, Ботиржон Раҳимов ҳар ойлик электр энергияси харажати ва бошқа коммунал тўловларни ўз ичига олган 6000 доллар миқдоридаги ижара пулини Акмал Усмонов билан туя қилгани, бу уларнинг тергов давомидаги кўрсатмаларида ҳам ўз аксини топганини таъкидлаганди.

Бироқ гумонланувчининг умр йўлдоши томонидан таҳририятга тақдим этилган ҳужжатларда ойлик ижара ҳақи сифатида келишилган 6000 долларни “EMKOREA” МЧЖ ҚК таъсисчиси ва раҳбари Янг Синг Мин Акмал Усмоновга шахсан топширгани, у эса пулни қабул қилиб олганини ўз имзоси билан тасдиқлагани акс этган.

Бироқ шунга қарамай Нурафшон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими Ботиржон Раҳимовга нисбатан қўлланган эҳтиёт чорасини бекор қилишга шошилмаяпти. Бу ишлар ортида шунчаки терговчиларнинг инжиқлиги турибдими ёки бошқа гаплар ҳам борми? Kun.uz вазият юзасидан мутасадди органлардан изоҳ кутиб қолади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид