Жаҳон | 11:24 / 16.06.2023
14272
6 дақиқада ўқилади

Ўн ойлигида ўқишни ўрганган, ўн ёшлигида диплом олган Майкл. АҚШлик вундеркинд тақдири

Дунёда шундай кишилар борки, уларга Яратган ғайриоддий қобилият тақдим этади. Баъзилар ёшликдан ўта тиришқоқ бўлиб ўсади ва уларга таълим беришга ҳатто тажрибали ўқитувчилар ҳам қийналиб қолишади.

Фото: Reuters

Гиннеснинг рекордлар китобига энг ёш университет битирувчиси сифатида кирган, бир ёшга кирмасдан туриб, шифокорлар билан мулоқот қила олган, 22 ёшида фан доктори даражасига эришган Майкл Кевин Кирни ана шундай истеъдодлардан бири эди.

Бир ёшга кирмасдан ҳарфларни ўқий олган

Майкл Кирни 1984 йилда АҚШнинг қуёшли ва курорт манзилларидан бири — Гавайи оролларидаги Гонолулу шаҳрида таваллуд топган. Майклнинг онаси келиб чиқиши япониялик эди. Айнан шу аёл болакайни ёшлигидан тарбиялаб, ундаги қобилиятларни ривожлантиради. Қизиғи, Майклнинг опаси Меган ҳам вундеркинд дея тан олинган.

Маълумот ўрнида: Вундеркинд сўзи “Мўъжизавий бола” маъносини англатиб, ўз тенгдошларига нисбатан ақлий жиҳатдан кескин ўзиб кетган болаларга нисбатан қўлланади.

Майкл биринчи сўзларини 4 ойлигида айтган. 6 ойлигида ўзини текшираётган болалар шифокорига «Менинг чап қулоғимда инфекция борга ўхшайди» деганида докторнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Бола тўққиз ойлигида ҳарфларни танишни ўрганди, 10 ойлигида у ўқишни тўлиқ ўзлаштириб олади.

Ҳали бир ёшга тўлмай туриб болага диққат ва гиперактивлик етишмаслиги ташхиси қўйилганди. Ушбу касаллик вояга етганда ақлий заифликка ҳам олиб келиши мумкинлигига ишонишарди.

Майклнинг ота-оналари дори-дармонлар билан даволашни рад этишди ва бола билан мустақил шуғуллана бошлашди. Тўрт яшар болакай математикадан тажриба тестида юқори натижа кўрсатди ва уни мактабга беришга қарор қилишди.

Кирни бошланғич мактабни тугатиши учун бир йил етарли бўлди. Олти ёшида коллежга кирган Майкл икки йил ўтиб геология бўйича кичик мутахассис дипломини қўлга киритди.

Ўн ёшида у энг ёш университет битирувчи сифатида Гиннес рекордлари китобига кирди. 18 ёшида эса Тенесси университетида кимё магистри, Вандербильт олийгоҳида информатика мутахассиси бўлди. Ниҳоят 22 ёшида кимё фанлари доктори унвонига сазовор бўлди.

Пул, машҳурлик ва карьера

Вундеркинднинг илмий амбициялари жуда жиддий ва залворли эди. Бунга унинг 14 ёшида ёзган 114 бетлик «Тимидин фосфорилазанинг кинетик изотоп таъсирлари» мавзусидаги диссертацияси ҳам мисол бўла олади.

Университетларда маъруза ўқишни бошлаган ўн олти яшар ўспириннинг ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ эди. Талабалар кимё, геология ва антропология ҳақида қизиқарли маърузалар ўқийдиган ёш ўқитувчига ҳайрат билан қарарди.

Майкл бироз улғайгач, унинг олдида бир неча йўл пайдо бўлди: у тинчгина университетда дарс бериб, ўқитувчи бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо вундеркинднинг ота-онаси буни истамади. Уларнинг фикрича, боланинг ақл-заковати кўпроқ машҳурлик ва пулга муносиб эди.

Майклнинг ота-онаси у билан Голливудни забт этишга урина бошлашди. 1994 йилда, бола бакалавр даражасини олиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирганидан сўнг, кинога жалб этишди. У «Оила учрашуви» телекомедиясида кичик рол ўйнади, аммо бу муваффақиятсиз чиқди. Бу чиқиш боланинг фаолиятига таъсир этмади ҳисоб.

Майкл ва унинг ота-онаси 2000-йилларнинг бошларида янги ҳаракатни бошлади. Энди Майкл ўз телевизион шоусини яратиши керак, деган фикр ўртага ташланди. Оила Голливудга қайтиб, суратга олишга тайёрланди. Aфсуски, бу уриниш ҳам омадсиз чиқди ва оила Тенессига қайтишга мажбур бўлди.

Миллион долларлик ютуқ

2000-йилларда Майклнинг омади кела бошлади: дастлаб у 2006 йилда савол-жавоб тарзидаги шоуларнинг бирида ўзини кўрсатиб, 100 минг доллар пул мукофоти ютиб олди. Бир ой ўтгач жекпотни ҳам ютиб, нақ бир миллион долларни қўлга киритди.

«Ҳаётим ҳар доим ғалати воқеаларга бой бўлган. Авваллари мен ўн ёшида университетни тугатган бир бола эдим. Ҳозир эса пуллари бор ғалати миллионерман», — дея муваффақиятини изоҳлайди Кирни. Шундан сўнг Майкл яна қатор шоуларда ўз омадини синаб кўрди, аммо катта ютуқларни қўлга кирита олмади. Омад унга бошқа кулиб боқмади.

Тинч ҳаёт ва машҳурликдан четлашиш

2010-йиллардан бошлаб Майкл Кирни оммага кўринмай қўйди. Эрта порлаган юлдузнинг чақнаши сўнганди. Ҳатто унинг ижтимоий тармоқларда саҳифаси ҳам (Тwitterʼдан бошқа) йўқ эди.

Йигитнинг аэрокосмик инженерия соҳасида изланиш олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бу миш-мишлигича қолиб кетди.

Бугунги кунда Майкл Кирни Тенесси штати маркази Нэшвилл шаҳрида тинч ва осуда кун кечирмоқда. Айтишларича, у маҳаллий Nashville Improv театри чиқишларида ҳам қатнашиб туради. Эрта порлаган вундеркинднинг сўнгги манзили ҳозирча ана шу даргоҳ бўлиб қолди.

Дунёда, хусусан АҚШда ёшлигида эътиборга тушиб, балоғатга етганда омма назаридан қолган машҳурлар кўп топилади. “Уйда ёлғиз” филми юлдузи Маколей Калкин тақдири бунга яққол мисол.

Майкл Кевин Кирни ҳам ёшлигида порлаганлар келажакда омадсизликка учраб, ҳаёт ўзанига тушиб кетишига ёрқин мисол бўла олади. Тўғри у Калкин каби гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка муккасидан кетиб, аянчли ҳолатга тушмади, аммо ўн ёшидаёқ университетни битириб қўйган йигитчадан илм соҳаси вакиллари катта натижаларни кутишган бўлса не ажаб.

Бир пайтлар кимё соҳасида докторлик ёқлаб, ҳаммани ҳайрон қолдирган йигитча ҳақида бугун икки қатор маълумот топиш ҳам қийин бўлиб қолган. Омма қарийб «қирқни урган» вундеркиндни унутаёзди, десак муболаға бўлмайди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид