Ўзбекистон | 14:20 / 17.06.2023
13270
3 дақиқада ўқилади

“Эркак киши бажарган ишни аёллар ҳам эплайди” – 60 ёшида ҳам тандир ясаётган аёл ҳикояси

Олмахон Ғозиеванинг билагида эркак кишининг кучи бор. 60 ёшни қаршилаган аёл 40 йилдирки тандир ясайди. Келин бўлиб тушган хонадонда қайнотасидан тандир ясашни ўрганган.

Фурқат тумани Кўкдўппи қишлоғининг оддий хонадонида бир кунда 30 тагача тандир ясалади. Олмахон опа тандирларни 50 минг сўмдан сотади, ночор оилаларга тандирлар эҳсон қилинади. Тиниб-тинчимаган аёл эндиликда ўз ҳунарини келини ва набираларига ўргатяпти. Меҳнатда чиниққан аёлда тиним йўқ. Томорқасига картошка, помидор, қалампир экиб, деҳқончиликдан ҳам завқ олади.

“1984 йилда турмушга чиқдим. Келин бўлиб тушган хонадонда тандир ясаб сотишар экан. Бир ҳафта келинлик гаштини сурдим. Орадан 10 кун ўтиб қайнотам тандир ясашни ўргатишга тушди. Тўғрисини айтсам, ўша пайтда қайнотамни ёмон кўргандим. Янги келинман, у эса менга эркаклар бажарадиган ҳунарни ўргатарди. Қайнотам олти ўғлига тандирчиликни ўргатган экан. Шу қатори олти келин ҳам бу ҳунарни ўргандик. Ота-онам келин бўлиб тушган янги уйимда ҳунар ўрганаётганимни эшитиб хурсанд бўлди. Қайнотам бизга яхшилик қилиб кетганини кейинчалик англаб етдим. Бу ҳунарнинг бошини тутиб кам бўлмадик. Қишлоқда яшасак-да, устимиз буд, қорнимиз тўқ.

Оилавий бўлиб ишга киришсак бир кунда 30 тагача тандир ясаймиз. Турмуш ўртоғим иккимиз эса 6-8 та ясай оламиз. Уйда ёрдамчи йўқлигида бир ўзим амаллайман. Тандирнинг донасини 50 минг сўмдан сотамиз. Эҳтиёжманд оилаларга бепулга бераман. Ҳар йили камида 6 оилага тандир эҳсон қиламиз. Қўли юпқа оилаларга 20-30 минг сўмдан ҳам сотамиз. Эндиликда тандирчиликни келиним ва набираларимга ўргатяпман.

Жисмоний меҳнат қилсам танам яйрайди. Ўзимни енгил ҳис қиламан. Тандирчилик оғир касб, лекин кўникиб кетганман. Тандир ясаш ишлари сабаб турли тадбир, ўтиришларга дугоналаримдан бир-икки соат кеч бораман. Қўлида ҳунари бор инсон кам бўлмас экан. Шу ҳунар ортидан фарзандларимни уйлаб, жойладим.

500 минг сўм пенсия олсам-да, давлат пулига қараб қолмаганман. Тўпланиб қолган тандирларни сотиб яхшигина пул жамғараман. Томорқага картошка, помидор ва турли сабзавотлар экканман. Ҳеч кимга қарам бўлиб қолган жойимиз йўқ. Ҳунар ортидан топган даромадимиз рўзғор учун етиб ортади.

Об-ҳаво яхши бўлиб турса, декабр ойигача тандир ясаймиз. 60 ёшга киряпман, шу ёшимда ҳам ўзимни анча тетик ҳис қиламан. Чунки доимий ҳаракатдаман. Шукрки бирор марта бемор бўлмадим. Қон босимим ҳам йўқ”, – дейди 60 ёшли тандирчи Олмахон опа.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид