«Машинали киши – эркиндир»: нафақат автомобиль, сувости кемасидан тортиб танккача ишлаб чиқарган 120 йиллик Ford Motor
Генри Форд номи нафақат дунёда, балки АҚШдан ўн минг километрлаб олисда жойлашган Ўзбекистонда ҳам таниш ва машҳур. Бундан роппа-роса 120 йил аввал, 1903 йил, июнь ойида Форд ўзининг машҳур Ford Motor компаниясига асос солганди.
Бугунги кунда 183 мингдан зиёд ходим ишлаётган гигант компания машҳур Генри Форд томонидан 28 минг доллар эвазига ташкил этилган. Ҳозирда компания тепасидаги раҳбарлардан бири Форднинг эвараси кичик Уильям Клэй Форд саналади. Ford Motor эса дунёга энг машҳур сулолавий компаниялардандир.
«Машинасиз киши – қулдир...»
Мазкур сўзлар Генри Форднинг Ford News газетасининг 1925 йил 1 августдаги сонида босилиб чиққан. Машҳур тадбиркор машинасиз кишиларга шундай таъриф берганди.
У вақтда ҳали АҚШда ирқчилик ва сегрегация гуллаб-яшнар, «қул» ўта ҳақоратомуз ибора эди. Форднинг иборасига кўра, «машинали киши – эркин шахсдир».
Форднинг камолоти жуда қизиқ эди: у ирландиялик муҳожирлар оиласида туғилди, ўн олтига тўлгач, уйдан қочиб, Детройт шаҳрига ишлагани келди. Тиришқоқ йигитча инженерликкача кўтарилди, ишдан бўш вақтида мустақил равишда автомобил ясашга муваффақ бўлди. Ўз компаниясига асос солгач эса, биринчи авто — «Ford A»ни чиқарди.
Лекин компанияга биринчи шуҳратни 1908 йилда чиқарилган Ford T келтирди. 1910 йилда эса ўша даврлар учун энг яхши бўлган «Хайленд парк» заводи ишга туширилди.
Форд ушбу заводда илк бор конвейер имкониятларидан фойдаланиб, генератор йиғишга муваффақ бўлди. Кейин двигател йиғилди. Агар битта ишчи двигателни йиғишга қарийб 10 соат вақт кетказган бўлса, янги йўналишда 40 дақиқагача қисқарди. Форд йўлга қўйган конвейер усули нафақат автомобилсозликда, умуман саноатда инқилоб яратди.
Кучли назорат ўрнатиш мақсадида Форд руда эритишдан тайёр автомобил яратишгача бўлган жараённи йўлга қўйди.
Форд АҚШ тарихида илк бор нафақат менежерларга, балки ишчиларга ҳам компания фойдасига қараб йиллик бонуслар тўлай бошлади.
Коммунистлар эса буни пролетарларнинг синфий туйғусини сусайтирувчи ҳийла деб аташган. Aммо ишчилар ҳақиқатан ҳам корхонанинг эгалари бўлмаса-да, Форднинг манфаатдор шерикларига айланишди.
1914 йилда у кунига беш долларлик энг кам иш ҳақи (АҚШдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп) ва 40 соатлик иш ҳафтасини жорий қилди. Бошқа иш берувчилар у ишчиларни «бузаётгани»ни айтиб, жиғибийрон бўлишганди.
Шу билан бирга, Форд ўз корхоналарида, унинг фикрича, «меҳнаткашларни эркинлик ва мустақилликдан маҳрум қиладиган, ҳамкорлик ўрнига қарама-қаршиликни келтириб чиқарадиган касаба уюшмалари»нинг тузилишига рухсат бермади.
«Паст иш ҳақи ишчидан аввал корхонани хонавайрон қилади», дерди у. Аммо юқори маош ҳаммага ҳам насиб этмасди.
Форд ишчиларнинг ахлоқига алоҳида эътибор берар, маишатбозларни жини суймасди. Оиласини боқмай, ичкиликка берилган ходим юқори маошдан қуруқ қоларди.
У фақат машина ишлаб чиқармаган
Машҳур тадбиркорнинг ҳаёти икки жаҳон уруши даврларини ҳам қамраб олади. Тўғри уруш АҚШдан жуда узоқда содир бўлганди, аммо етакчиликка чиқиб бораётган давлат унга аралашмаслиги мумкин эмасди.
Биринчи жаҳон уруши даврида АҚШ Антантани қўллаб-қувватлади, Форд заводи эса дастлаб, противогазлар, сўнгра танк ва сувости кемаларигача ишлаб чиқара бошлади. Форднинг ўзи эса, бу ишлари учун пул олмаслигини, фойдалар давлатга қайтарилишини эълон қилди. Бу тадбиркорнинг обрўсини кўтариб юборди.
1925 йилда шахсий авиакомпанияси — Ford Airwaysʼга асос солди.
Узоқ умр кечирган Генри 1945 йилда ўз ваколатларини набираси Генри Форд IIга топширди. Ўзи эса икки йил ўтгач, 83 ёшида вафот этди.
Фойда учун ҳатто душманлар билан ишлаган
Кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин, Генри Форд компанияси 1920-йиллар охирида СССР ҳукумати билан ҳамкорликда Нижний Новгородда завод очади. Бунгача Германия ва Буюк Британияда заводлар очилганди.
Биринчи совет серияли трактори «Фордзон-Путиловец» ҳам Форд фирмаси лицензияси асосида ишлаб чиқарилади.
Ўша йилларда Форд империяси шунчалик томир ёядики, ҳали АҚШ тан олмаган (Қўшма Штатлар расман СССРни 1933 йилдагина тан олган) ва ашаддий душман санаган давлатга сармоя киритиб, завод очади. Ушбу заводдан ГАЗ-А ва ГАЗ-АА каби автомобиллар чиқади.
Форд ва нацистлар Германияси
1941 йил. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб бўлган, у ўзининг фаол босқичига чиқишига тобора яқин қолаётганди. New York Herald-Tribune газетасига интерью берган Форд қуйидаги сўзларни айтади:
«Урушлар биз бошқа йўл билан ўргана олмайдиган сабоқларни ўргатиш учун ҳам керак».
Бунгача Генри Форд ўзининг антисемитик қарашлари нацистлар Германияси раҳбарияти билан ижобий алоқалари билан машҳур бўлганди.
Маълумотларга кўра, Форд фашистлар партияси қудратга келгунига қадар ҳам уларни молиявий жиҳатдан таъминлаб турган. Ҳатто Ҳитлер ўзининг «Менинг курашим» асарида АҚШлик тадбиркор номини тилга олади. 1931 йилда Гитлердан интервью олган журналист Аннетта Энтона бўлғуси фюрернинг иш столида Форднинг суратига кўзи тушганини маълум қилган.
Форд ва замонавий дунё
Генри Форд вафот этгач, унинг меросини асраб қолиш осон бўлмади. Айниқса, жаҳон автомобил бозорларида японлар пайдо бўлгач, компания иши орқага кетди.
1970-йилларда Ford ўз кўрсаткичларини бой бера бошлади, 1980 йилни эса 1,54 млрд доллар зарар билан якунлади. Кейинчалик Mazda ва Kia Motors билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ва компания қаддини тиклай бошлади. Компания чиқарган Ford Mustang, Ford GT пойга автомобили энг машҳур русумлардан бирига айланди. Шунингдек, автобуслар ҳам ишлаб чиқарилди (хусусан мактаб ўқувчиларини ташишга ихтисослашган сариқ автобуслар).
2019 йилда Ford Volkswagen билан глобал иттифоқ тузиб, автопилот тизимларини ишлаб чиқарувчи Argo AI стартапига сармоя киритди. Ушбу йўналишга жами инвестициялар 2,6 млрд долларни ташкил этди.
2021 йилда компания 3,942 млн дона автомобил сотишга муваффақ бўлди. Бу жаҳон автомобил бозоридаги улушнинг 5,1 фоиз улушини ташкил қилди.
Аброр Зоҳидов