Жамият | 14:11 / 01.07.2023
24393
5 дақиқада ўқилади

«Неварам билан бирга ўқидим» – 71 ёшида бакалавр даражасини олган аёл ҳикояси

“Неварам билан битта курсда, бир гуруҳда ўқидим. Курсдошларим ҳам неварам тенги. 70 ёшида ўқиб нима қиларкан дейдиганлар кўп бўлди. Ўқиш орзум эди, армон бўлиб қолмасин деб ўқидим”, - дейди Чиннигул Дўстхўжаева. У Kun.uz’га ўз ҳаёти ва ўқиши ҳақида гапириб берди.

Чиннигул Дўстхўжаева 71 ёшда. У Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида ўқиб, бакалавр даражасини олди.

“Оилам учун ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлгандим”

Тахтакўпир туманида туғилганман. Кейин Хўжайли шаҳрига кўчиб кетганмиз. Чунки мендан олдин 7 нафар фарзанд нобуд бўлган. Ўша пайтда ота-онамга “бир дарё нарига кўчиб кетинглар, бўлмаса, бу фарзандингиз ҳам ўлади” дейишган. Ота-онам бир дарё эмас, уч дарё узоқроққа – Хўжайли туманига кўчиб кетишган.

1970 йил бошларида техникумда акушер гинекологликка ўқидим, лекин бу касб бўйича ишламадим. Санъатга қизиқишим кучли бўлгани учун телевидение, радио, ансамблда қўшиқлар айтардим. Эфирга қўшиқларни ўзим тайёрлаб чиқардим. Шундай қилиб, телевидениеда қўшиқларимни айтиб юравердим, 1979 йил Тошкентга қараб кетдим, санъат техникумига ўқишга кирдим.

Ўқишни битира олмадим, 2 йил ўқиб, ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлганман. 1981 йил қизим 7 синфда ўқир, ўғлим 1,5 яшар эди. Онам ва турмуш ўртоғим ўқишимни хоҳлашмади. Оилам учун ўқишни ташлашга мажбур бўлдим: ўғлим бетоб, болаларимга ғамхўрлик қилишим керак эди.

“Бир кун ҳам ўқишни қолдирмаганман”

Бир неча йил олдин ўқишни давом эттиришга қарор қилдим. Олий таълим вазирлигига бориб ташлаган ўқишимни давом эттириш ниятида эканимни айтдим. “Исталган ўқишингизда ўқишингиз мумкин, ҳеч қандай чеклов йўқ” дейишди. Маданият институтига бориб, ҳужжатларимни сўрадим, 3 кунда уларни топиб беришди. Улар ҳам “исталган ўқишингизга кириб ўқишингиз мумкин, ёшингизнинг аҳамияти йўқ” дейишди.

Шундан кейин Санъат ва маданият институти Нукус филиали ректорининг олдига кирдим. Ректор “имтиҳондан ўтсангиз оламан, бўлмаса олмайман” деди. Август ойининг бошида ижодий имтиҳон топширдим. Ансамблда узоқ ишлаганим учун етарли тажриба ва билимим бор эди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтдим.

Институтдагилар “сентябрдан ўқишга келаверинг, ўқишга кирдингиз” дейишди. Сентябрда ўқишга борсам, деканат мендан сиртқи таълимда ўқийсизми ёки кундузгидами деб сўради. Мен кундузги таълимда ўқишни хоҳладим. Қизим, ўғлим ва невараларимнинг барчасини ўқитдим. Энди ўзим ҳам ўқишни хоҳладим. Ҳар куни эрталаб 8:00да ўқишга бориб ўтирардим, барча имтиҳонларни 4-5га топширганман, бир кун ҳам ўқишни қолдирмаганман.

Илм олишнинг эрта-кечи бўлмайди, қарисанми, ёшсанми – илм олишга бел боғлаш керак. Мен қариман деб ўтирмадим, ўқитувчилардан аяшни сўрамадим, дарсларда ҳам аъло қатнашдим.

“Ёшлар ҳайратланиб қарашарди, шу ёшида ўқиб нима қилади деб”

Қизиғи шуки, мен неварам – ўғлимнинг қизи Меҳрибон билан бир курсда, битта гуруҳда ўқидим. У 23 ёшда. Курсдошларим ҳам неварам тенги. Ўрганиб кетиш жуда қийин бўлди. 22-23 ёшдаги ёшлар билан бир гуруҳда, бир курсда ўқийман. Ёшлар 70 ёшида ўқиб нима қиларкан деб ҳайратланиб қарайдиган ҳоллар жуда кўп бўлди. Инсонда бир армон бўлса, шу армонидан қутулмагунча тинчимас экан. Ўқиш орзум эди, бутун умрга армон бўлмасин деб ўқидим ва буни уддаладим. Вақтида ўқий олмадим, мен ҳам бир диплом олай, олий маълумотли бўлай деган мақсадим бор эди.

“Ёлғиз она бўлишимга қарамай, фарзандларимни ўқимишли қилдим”

Ҳозир 8 нафар неварам бор. Ёлғиз она бўлишимга қарамай, барини ўқимишли қилдим. Қизим педагогика-психология фанидан университетда дарс беради, 25 йиллик педагог. Ўғлимни ҳам ўқитдим, у педагогика институтининг тарих факултетини тугатган.

Секин-аста невараларимнинг ҳам барчасини ўқимишли қилишга ҳаракат қиляпман, Бир неварам шифокор, тез ёрдамда ишлайди. Яна бири мен билан бирга санъат соҳасини битирди. Бири эса Қозоғистонда ўқийди. Ахборот технологиялар соҳасида университетда ўқиётгани ҳам бор. Қолганлари ҳали мактабда.

“Шогирдлар тайёрлашни ва магистратурада ҳам ўқишни хоҳлайман”

Яна ўқигим келяпти, олдимга қўйган режаларим бор. Август ойида магистратурага топшираман, Ҳозир магистратурага кириш учун тил сертификати керак. Бу талаб эса мени чўчитмаяпти. Турк тилини бемалол ўрганиб сертификат олишимга ишонаман. Бизнинг вақтларда инглиз тили ўқитилмас эди, шу сабабли инглиз тилини нолдан ўргана олмаслигим мумкин.

Шогирдлар тайёрласам дейман. Ортимда издошларим қолишини орзу қиламан. Қорақалпоқ халқ куйлари, фолклорларини уларга ўргатсам, шогирдларим шогирларига ўргатса, миллийлигимизни сақлаб қолишса дейман. Ўзбекистонимга хизмат қилсам деб орзу қиламан. Нафақахўрман, ёшларга тенг бўлолмайман деб ўйлаб ўтирмайман.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид