Ахсикент ёдгорлигида тўртта очиқ осмон остидаги музей қурилади
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини водийнинг йирик туризм марказига айлантириш бўйича лойиҳа устида иш бошланди.
Шу кунларда тарихий мажмуада махсус лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида археологлар томонидан ўрганилиб, очиб қўйилган тўртта объектда очиқ осмон остидаги музейлар қурилиши бошланди.
Кейинги босқичда сайёҳлар учун инфратузилма объектларини - катта истироҳатгоҳ, ҳунармандлар маркази ва карвонсарой ҳамда бошқа иншоотларни барпо этиш мақсад қилинган. Режага кўра, қадимги Ахсикент ва Ахси қишлоғини дарё ёқалаб боғлаб, яхлит йирик сайёҳлик мажмуаси барпо этилади.
Ахсикент эрадан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ерости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳарлардан иборат бўлиб, бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари яхши ривожланган.
Бугунги кунда Ахсикентнинг 100 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жоме масжиди, мудофаа деворлари, ерости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Мавзуга оид
14:12 / 11.01.2025
Тошкентда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш музейи ташкил этилади
16:39 / 18.12.2024
«Яшаш ва севги санъатини ўрганса бўлади» — ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова уйидан фоторепортаж
17:23 / 07.12.2024
Бош прокуратура музейида қатағон қурбонларига хотирасига янги экспозициялар очилди – фоторепортаж
23:05 / 22.11.2024