Иқтисодиёт | 18:07 / 05.07.2023
31758
2 дақиқада ўқилади

Humo ва Uzcard банкоматлари интеграцияси деярли якунланди

Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 24 та тижорат банки Humo ва Uzcard банкоматлари интеграциясини якунлаган. Натижада Ўзбекистонда мавжуд 12 339 та банкоматдан 92 фоизи ҳам Humo, ҳам Uzcard карталарига хизмат кўрсатишни бошлаган.

Фото: KUN.UZ

2023 йил 1 июндан бошлаб тижорат банклари билан келишилган жадвалга мувофиқ Uzcard ва Humo тўлов тизимлари банкоматларини босқичма-босқич ўзаро бир-бирига улаш бошланганди.

Интеграция бир банкомат ҳам Humo, ҳам Uzcard карталарига хизмат кўрсатишига имкон беради.

Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, банкоматларга эга 27 та банкдан 24 таси ўз тармоғидаги банкоматларда интеграцияни 100 фоиз якунлаган.

3 июл ҳолатига, 27 та тижорат банкига тегишли жами 12 339 банкоматдан 11 458 таси интеграция қилинган. Шундай қилиб, умумий интеграциялашув жараёни 92 фоизга етган.

Барча Uzcard ва Humo банкоматларини интеграция қилган банклар қаторида банкоматлари энг кўп бўлган Халқ банки (3111 та), Капиталбанк (1197 та) ва Агробанк (1423 та) ҳам бор. Фақат Саноатқурилишбанк интеграция жараёнини 53 фоизга, Ипак йўли банки эса 55 фоизга етказган; 6 та банкоматга эга Ўзагроэкспортбанк уларни ҳали мослаштирмаган.

Эслатиб ўтамиз, Uzcard ва Humo тўлов тизимлари интеграция қилиниши ҳақида 2020 йилдан буён айтиб келинади. Бу жараён 2021 йил охиригача якунланиши ҳақида расман эълон қилинган, лекин бу амалга ошмай қолганди.

Марказий банк Ўзбекистонда Uzcard ва Humo тўлов тизимларининг банкоматларини интеграция қилиш ишлари 2023 йил май ойигача якунланиши мумкинлигини маълум қилганди. Бироқ интеграция жараёни июн ойида бошланди.

Регулятор 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини якунлашни режа қилган.

Аввалроқ 2022 йилда Ўзбекистондаги банк карталари сони 34 миллионга етгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид