Жаҳон | 11:31 / 06.07.2023
6646
2 дақиқада ўқилади

Meta Twitter’га рақобатчи бўлган янги сервисни ишга туширди

Instagram базасига асосланган Threads иловаси функционаллиги жиҳатидан Twitter’га ўхшайди ва у билан рақобатлаша олади. 

Фото: AP

Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Американинг Meta компанияси 6 июль, пайшанбага ўтар кечаси Илон Маскнинг Twitter’ига рақобатчи бўлиши мумкин бўлган Threads номли микроблоглар хизматини расман ишга туширди

«Келинг, буни амалга оширамиз. Threads’га хуш келибсиз», деб ёзган Meta бош директори Марк Цукерберг янги платформадаги биринчи постида. Унинг қайд этишича, ишга туширилгандан кейинги дастлабки икки соат ичида икки миллион фойдаланувчи иловада рўйхатдан ўтган. 

Twitter каби Threads сервиси ҳам лайк қўйиш, фикр билдириш ёки ўқувчилар билан бўлишиш мумкин бўлган қисқа матнли хабарларни жойлаштириш имконини беради, лекин у тўғридан тўғри хабарларни юбориш имкониятига эга эмас. Илова Instagram базасига асосланган бўлиб, у ердан шахсий маълумотлар ва обуначиларни кўчириб ўтказиш мумкин. Meta блогига кўра, постлар узунлиги 500 та белгидан иборат бўлиши мумкин ва ҳаволалар, фотосуратлар ҳамда беш дақиқагача бўлган видеоларни ўз ичига олади. 

Компания маълумотларига кўра, иловани дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида Apple App Store ва Google Play Store’дан юклаб олиш мумкин. 

Meta постларни кўришга чекловлар қўйилгани сабабли Twitter фойдаланувчилари орасида кенг тарқалган норозилик фонида Threads ишга туширилганини эълон қилди. Энди тасдиқланган фойдаланувчилар кунига 10 000 тагача, тасдиқланмаган фойдаланувчилар 1000 тагача ва янги фойдаланувчилар атиги 500 тагача твитларни кўриши мумкин. 

Маск чекловлар заруратини «маълумотлар йиғиш ва манипуляциянинг ўта юқори даражаси» билан изоҳлади, аммо бу чора вақтинчалик бўлишига ишонтирди. Бироқ, чекловлар кўплаб фойдаланувчиларни Twitter’га муқобил вариант излашга мажбур қилди. 

Мавзуга оид