Ўзбекистон | 17:48 / 06.07.2023
33958
6 дақиқада ўқилади

Қабул ва ОТМда ўқиш жараёнларига оид янги қарор қабул қилинди. Қандай янгиликлар бор?

Янги қарор билан кейинги ўқув йилларидан абитуриентлар кириш имтиҳонларида иштирок этиб, кейин йўналиш танлайди, лицейлар учун ёзма имтиҳон шакли олиб ташланади, талабалар стартаплари битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертацияси ўрнига ўтади. Kun.uz қарордаги янгиликлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида мутахассислардан изоҳ олди.

3 июл куни президент “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унда кўрсатилган энг муҳим ўзгаришлардан бири 2024/2025 ўқув йилидан абитуриентлар кириш имтиҳонларида иштирок этиб, кейин йўналиш танлайди. Янги тартибнинг абитуриентга берадиган афзаллиги ҳақида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бўлим бошлиғи Ҳасан Собиров тушунтириш берди.

2019 йилдан бошлаб абитуриентларга бир нечта таълим йўналишларини танлаш имконияти берилганди. Ўтган йилдан эса таълим йўналишларини турли таълим шаклларида (кундузги, кечки каби) танлаш имкони тақдим этилди. Бу ўз самарасини кўрсатиб, билим даражаси юқорироқ бўлган абитуриентларни қамраб олиш имкониятини берди. Эндиликда абитуриентнинг ўқишга кириш имкониятини ошириш учун тест жавоблари чиққандан кейин танлов имконияти тақдим этилади”, – дейди агентлик мутахассиси.

Унинг изоҳича, бунда абитуриентлар танлаган соҳаси бўйича фанлардан имтиҳондан ўтади ва тўплаган балларига қараб таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Яъни ОТМга кириш имконияти оширилади. Дейлик, абитуриент инглиз тили таълим йўналиши бўйича имтиҳон топширди ва унинг тўплаган балли етарли бўлмади. Бундай ҳолатда абитуриент тест топширган фанлари тўғри келадиган ва тўплаган балли етадиган бошқа йўналишда ўқиш имкониятига эга бўлади.

Ҳали бунинг батафсил механизм ва тартиблари ишлаб чиқилади. Квоталар масаласи ҳам бор. Тенг баллилар кўпайиб кетиши мумкин бу вазиятда, лекин қайсидир таълим йўналишида талабалар сони кўпайиб кетмайди”, – деди Собиров.

Яна бир жиҳат абитуриентларга “давлат гранти” ёки “таълим йўналиши” устуворликларидан бирини танлаш ва танлаган устуворлиги бўйича бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши бўлди. Бу тартиб ўтган ўқув йили синов тариқасида ўтган бўлса, эндиликда ҳар йилги қабулда сақланиб қолади.

Грант устуворлиги танланганда, грантга тавсия этиш учун кетма-кетликдаги 5та танланган жой кўрилади. Агар 5 тасида ҳам грант учун балл етарли бўлмаса, ундан кейин худди шу тартибда тўлов контракти асосида ўқишга тавсия этиш бўйича кўрилади. Яъни чеклов йўқ, фақат устуворликни танлаш имкони берилади. Масалан, абитуриент танлаган биринчи таълим йўналишида контракт асосида талабаликка тавсия этиляпти, иккинчисида эса унинг балли грант учун етарли. Шундай ҳолатда абитуриент грант устуворлигини танлаган бўлса, у иккинчиси ё қолган бошқа йўналишларда грант асосида тавсия этилади”, – деб изоҳ берди Ҳасан Собиров.

Қарордаги яна бир янгилик академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон бекор қилингани бўлди. Вазирлик мутахассиси Олимжон Йўлдошев ёзма имтиҳон олиб ташланганига сабаб абитуриентни сарсон қилмаслик бўлганини айтади.

Олдинги йилларда бу тизимни кўрдикки, академик лицейларга имтиҳон топшираётганлар жуда саводли, билимли болалар. Улар ёзма имтиҳонни яхши топширишяпти. Шунинг учун уларни яна бир марта овора қилишни истамадик. Тестдан ҳам яхши ўтишяпти”, – дейди Йўлдошев.

Шунингдек, қарорда кейинги ўқув йилларидан талабаларга бериладиган имкониятлар ҳам кўрсатилган. Масалан, 2023/2024 ўқув йилидан талабанинг стартап лойиҳаси ҳамда рационализаторлик ғоясини битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияси сифатида қабул қилинади. Хўш, бу ҳамма таълим йўналиши учун амал қиладими ва тартиби қандай бўлади?

Бу ҳақда Олий таълим фан ва инновациялар бўлим бошлиғи Иноятулло Неъматов маълумот берди. Унинг таъкидлашича, бакалавриат ва магистратура йўналишларида битирув малакавий иш ва магистрлик диссертациясига мос бўлган Стартап лойиҳалари битирув иши сифатида қабул қилинади.

Бундай амалиёт келажакда талабаларнинг инновацион ғоялар устида ишлашига шароит яратиб беради. Ўз лойиҳаларига, бизнес режаларига эга бўлган кадрлар етиштириш имкониятини беради бундай амалиёт. Рағбатлантириш сифатида қўллаш бўлади”, – дейди Неъматов. 

Ўтган ўқув йилдан бошлаб ОТМда масофавий таълим йўналишида ҳам квоталар ажратиладиган бўлди. 2023/2024 йилда ҳам шу йўналишда 2825та квота ажратилди. Kun.uz мухбири мутахассисдан бу тартиб ўзини қанчалик оқлагани масаласида маълумот олди.

Неъматовнинг маълумот беришича, масофавий таълим келажак таълим шакли ҳисобланади. Сиртқи таълим ўз самарасини кўрсатмаяпти ҳозир, шунинг учун унинг ўрнига гибрид ёки масофавий таълим жорий этиб борилади.

Масофавий таълим деяпмиз, лекин бу гибрид шакл. Талаба барибир ОТМга келиши керак. Якуний назоратларни топшириш учун талаба ўқишга келади”, – дейди вазирлик вакили.

Мутахассис бу тизимни жорий қилишда айрим муаммолар юзага келганини ҳам айтди. Масалан, контентлар шакллантириш, видеодарслар, топшириқлар, синхрон ва асинхрон шаклда таълим жараёнини ташкил этиш каби масалалар бор. Янги тизим бўлгани учун бир қатор: талабалар билан мулоқот қилиш, вазифа бериш, ресурс билан таъминлаш, назорат ишлари ўтказиш кабиларда муаммоларга дуч келинган.

Масофавий таълимнинг ривожланишида тўсиқ бўлаётган интернет тезлиги, фойдалана олиш имконияти, чекка ҳудудларнинг ҳам таъминланиши каби муаммолар бор. Бундан ташқари, шахснинг идентификацияни аниқловчи дастурлар ўрнатишда муаммолар бўлди. Умуман, шу жараёнлар тўлиқ ва талаб даражасида бажарилишига вақт керак. Ўрганишлар натижасида камчиликлар топиляпти ва жойида бартараф этиш бўйича ишлар олиб бориляпти”, – деди Иноятулло Неъматов.

Журналист – Зуҳра Абдуҳалимова
Тасвирчи – Жавоҳир Йўлдошев
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид