Жаҳон | 19:32 / 13.07.2023
25499
4 дақиқада ўқилади

Каспий ҳам қуримоқда. Қозоғистонлик мутахассислар денгизнинг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилди

Иқлим ўзгаришлари дунёдаги энг катта кўл – Каспийга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда ва унинг суви ҳам сўнгги бир неча ўн йилдан буён муттасил камайиб келмоқда. Хусусан, охирги 15 йилда Каспийнинг Қозоғистонга тегишли қисми сезиларли даражада 7,1 фоизгача қисқарган.  

«Қазақстан Ғарыш Сапары» миллий акциядорлик жамияти охирги 15 йилда Каспий денгизининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилди. Ерни масофадан зондлаш орқали тўпланган маълумотларига кўра, Каспийнинг Қозоғистон сектори акваторияси сезиларли даражада - 7,1 фоизга қисқарган.

Каспий денгизи, 2008 йил
Каспий денгизи, 2013 йил
Каспий денгизи, 2018 йил
Каспий денгизи, 2022 йил
Каспий денгизи, 2023 йил

Юқоридаги расмларда 2008-2023 йилларда Қозоғистон чегарасида сув сатҳининг ўзгариш динамикаси келтириб ўтилган. Суратларга эътибор берилса, Атирау шаҳри яқини ва Ёйиқ дарёси дельтасида улкан янги чўл ҳосил бўлганини кўриш мумкин.

«Каспий денгизи Қозоғистон секторининг сув юзаси 2008 йилда 113 минг 866,67 квадрат километрни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 105 минг 745,23 квадрат километргача камайган. Ўн беш йил давомида турли вақтларда олинган космик тасвирлар таҳлили шуни кўрсатдики, сув сатҳининг майдони қисқарган, шу билан бирга умумий денгиз сатҳи ҳам қисқарган бўлиши мумкин, бу ҳар томонлама ўрганишларни талаб қилади. Каспий денгизи сатҳининг пасайиши ҳам экотизимга, ҳам денгиз саноатига таъсир қилувчи бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ерни масофадан зондлаш маълумотларига кўра, бу борадаги энг заиф жой Каспий денгизининг Атирау шаҳри яқинидаги Қозоғистон қисмидир», дейилади тадқиқот хулосасида. 

Каспий сувининг камайиш сабаблари

Каспий сувининг камайиб бораётганига асосан иқлим ўзгаришлари сабаб бўлмоқда. Ёғингарчиликлар кам бўлиши туфайли баланд тоғлардаги музликлар эриб кетмоқда. Оқибатда, дарёларнинг сатҳи пасайиб, Каспийга тушадиган сув миқдори камайиб бормоқда.

Озарбойжонлик олим, узоқ йиллардан буён Каспий қирғоқларини ўрганиб келаётган Амир Алиевнинг маълум қилишича, денгизга тушадиган сувнинг 80 фоизи Волгадан, 5 фоизи Уралдан қуйилади.

Сўнгги йилларда иқлим ўзгаришлари туфайли Волгадан Каспийга тушаётган сув миқдори 30 фоизга камайган.

Бундан ташқари, Эрон ва Турманистонда содир бўлаётган аномал иссиқлар туфайли Каспийнинг бу давлатларга туташ қисмида денгиз суви янада кўпроқ буғланиб кетмоқда. Оқибатда, икки томонлама «зарба остида қолаётган» Каспий суви шиддат билан камаймоқда.

«Каспий денгизи қирғоғининг қисқариши унинг турли ҳудудларида турлича кечмоқда. Қаердадир 200-300 метр, бошқа жойда бир неча километрлаб қисқармоқда», дейди Алиев.

Қозоғистонлик экологлар фикрига кўра, Каспийда сувнинг камайишига иқлим ўзгаришларидан ташқари, унга қуйилаётган дарёлар тўсилиб, уларга кўплаб гидроэлектростанцияларнинг қурилиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Каспий денгизининг суви камая бошлагандан буён манфаатдор давлатлар олимлари томонидан вазият кузатиб келинмоқда. Уларнинг ҳисоботларига кўра, денгиз суви ҳар йили 7-10 сантиметр пасаймоқда.

2019 йилда Волганинг суви кескин камайган ва унда қурилган ГЭСлардан дарёнинг қуйи оқимига камроқ сув оқизилган. Оқибатда ўша йили Каспий суви 15 сантиметрга камайган.

Аср бошидан буён бугунгача Каспий суви жами 1,5 метрга пасайган. Сўнгги тадқиқотларга кўра, агар вазият шу тахлитда давом этса ХХI аср охирига бориб Каспийнинг суви 20 метргача пасаяди ва денгизнинг ярми қуриб кетади.  

Маълумот учун, Каспий денгизи бешта давлат – Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбойжон ва Эроннинг ўртасида жойлашган. Денгизнинг умумий қирғоғи 6 500-6 700 километрни ташкил этади ва унинг асосий қисми чўллар билан туташган.  

Мавзуга оид