Ўзбекистон | 18:22 / 14.07.2023
48517
1 дақиқада ўқилади

Паркент тумани прокурори Шарифжон Акбаров ишдан олинди

Прокурорнинг ишдан кетишига унинг ташаббуси билан Паркент ҳокимининг ўринбосарларидан бири қамоққа олингани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Фото: Паркент тумани ҳокимлиги

14 июль куни Паркент тумани прокурори Шарифжон Акбаров ишдан олинган. Kun.uz манбасининг хабар беришича, прокурорнинг ишдан олинишига айнан унинг ташаббуси билан Паркент тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани сабаб бўлган.

Манбага кўра, кўп ўтмай ҳоким ўринбосари озодликка чиқарилган, қамоққа олиш тўғрисида илтимосномани киритишда қонунбузилишига йўл қўйгани учун прокурор Шарифжон Акбаров эса лавозимидан озод этилган.

Kun.uz билан гаплашган Паркент тумани ҳокимлиги масъул ходими ҳоким ўринбосари қамоққа олинмаганини билдирди. Туман прокурорининг ишдан олинганидан эса бехабарлигини айтди.

Тошкент вилоят прокуратураси ахборот хизмати ходими эса туман прокурори Шарифжон Акбаровнинг ишдан олинганини инкор этмади. Шунингдек, бунинг сабабларини очиқламади.

Шарифжон Акбаров – 2022 йил февраль ойида Паркент тумани прокурори лавозимига тайинланган. Унга қадар Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Мавзуга оид