«Марказий Осиё давлатлари тўлиқ эркин савдо режимини назарда тутувчи янги моделини ишлаб чиқиши керак» – Элдор Арипов
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Марказий Осиё форумида иштирок этиб, минтақа келажак моделининг бир қатор асосий элементларини санаб ўтди.
Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси президенти ҳузуридаги Cтратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган «Ўзгарувчан дунёда Осиё: келажак кун тартиби» мавзусида хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Марказий Осиё форуми бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган анжуманда минтақа мамлакатлари, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва бошқа давлатлар мутахассислари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги вакиллари, таниқли сиёсатчилар ва дипломатлар, етакчи экспертлар, хусусан, дунёнинг 25 давлатидан жами 60 га яқин делегат қатнашди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ҳам иштирок этиб, «Марказий Осиёни минтақалаштириш: янги модел излаб...» мавзусидаги сессияда маъруза қилди.
Эксперт Марказий Осиёнинг кейинги 10 йиллик ривожланиши хусусидаги прогнозлари билан ўртоқлашиб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун минтақавий ўзига хосликни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратди.
СМТИ директорининг таъкидлашича, бугунги кунга келиб, Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди. Аксинча, айни жараён минтақада содир бўлаётган умумий воқеа-ҳодисаларга бевосита боғлиқ.
Қайд этилишича, стратегик устувор йўналишларни биргаликда келишиш, долзарб вазифаларни амалга ошириш учун ресурс ва механизмларни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Марказий Осиёнинг келажакдаги модели мавзусини муҳокама қилар экан, Арипов бир неча асосий унсурларни ажратиб кўрсатди:
- минтақавий ҳамкорлик жараёнига тўсқинлик қилаётган мавжуд фундаментал келишмовчилик ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш;
- ўзаро манфаатли мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур платформа ва механизмлар яратиш;
- иқтисодий ҳамкорликнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида тўлақонли эркин савдо режими шакллантирилишини назарда тутувчи янги моделини ишлаб чиқиш;
- жаҳон миқёсида умумий манфаатларни самарали ҳимоя қилиш;
- минтақа давлатлари ва манфаатдор ташқи кучлар ўртасидаги конструктив ҳамкорликнинг муҳим шарти сифатида Марказий Осиё очиқлигини сақлаш.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
17:07 / 24.12.2024
Хитойнинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди
13:33 / 18.12.2024
Ўзбекистон савдони осонлаштириш бўйича миллий "йўл харитаси"ни имзолади
14:40 / 17.12.2024