Бухорода 22 туп қарағай ноқонуний кесилгани аниқланди
Табиатга 144,3 миллион сўмлик зиён етказилган.
Бухоро шаҳрида 22 туп қарағай ноқонуний кесилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 1 октябр куни Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида «Bukhara G.C.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан қимматбаҳо 22 туп қарағай ноқонуний кесилиб, табиатга 144,3 миллион сўмлик зиён етказилган.
Бироқ, мазкур қилмиш Бухоро вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мансабдор шахслари томонидан енгилроқ жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахтларни олиб қўйиш ўрнига ҳуқуқбузарларнинг ўзига топшириб корхона томонидан шахсий манфаатларда ишлатиб юборилишига йўл қўйилган. Бундан ташқари, жамиятга янги дарахт экиб бериш мажбурияти юкланмаган.
Фуқароларнинг хабарига асосан ушбу қўпол қонунбузилиш ҳолати фош этилди. 2023 йил 12 июл куни Бухоро вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилди.
Таҳлилларга кўра, 2017–2021 йилларда Бухоро шаҳрида амалга оширилган интенсив қурилиш ишлари давомида шаҳарнинг марказий қисми яшиллик даражаси 37 фоизга қисқарган бўлиб, ушбу ҳудуддаги назорат қилувчи давлат идоралари масъул мансабдор шахслари томонидан ўз хизмат вазифалари суъиистемол қилиниши атроф-муҳитга зарар етказилишига сабабчи бўлаётган омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024
2025 йилда Россия шаҳрида Бухоро маданияти кунлари ўтказилади
17:27 / 30.11.2024