«Шихмуродов иши». Аср бошида Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатлари нега кескинлашганди?
2002 йил 25 ноябр куни Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштирилади. Туркман томони Ўзбекистонни давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродов бошчилигидаги туркман мухолифатини қўллаб-қувватлашда айблайди. Туркман махсус кучлари Ўзбекистон элчихонасига бостириб кириши ортидан икки томонлама муносабатлар ёмонлашиб кетади.
Жорий йил июн ойида Туркманистонда қуролли давлат тўнтаришига уриниш бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда Turkman.news мамлакатдаги бир неча манбаларига таяниб хабар берди. Унда Туркманистон махсус хизматлари қуролли тўнтаришга уринишни тўхтатиб, 20 нафар гумондорни қўлга олгани айтилган.
Тўнтариш иштирокчилари орасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Пайзигелди Мередовнинг ўғли Ботир Мередов ҳам бўлгани, шунингдек, Туркманистон ички ишлар вазири ўринбосари Ахмет Хўжатов ҳам қўлга олингани (Хўжатов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Мари вилояти ички ишлар бошлиғи лавозимида ишлаган) ҳақида хабар қилинган.
Кўп ўтмай Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчиси Ботир Режепов ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга изоҳ бериб, давлат тўнтаришига уриниш бўлганини рад этиб чиқди. «Бу маълумот фейк, ҳақиқатга тўғри келмайди, тасдиқланмаган. Бу туркман матбуоти эмас. Мазкур оммавий ахборот воситаси мамлакатимизда рўйхатдан ўтмаган ва расман фаолият кўрсатмайди», деди элчи.
Улкан миқдордаги углеводород захиралари эга, ўта ёпиқ давлат ҳисобланувчи қўшни республикада бундан 21 йил олдин ҳам давлат тўнтаришига жиддий уриниш бўлганди ва бу иш тафсилотлари ҳалигача очиқланмаган.
«Шихмуродов иши»
Туркманистон расмийлари 2002 йил 25 ноябр куни мамлакат биринчи президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд амалга оширилгани ҳақида маълум қилади.
Расмий талқинга кўра, Ашхободда Ниёзовга суиқасд уюштирилган: президент кортежининг йўлини КАМАЗ юк машинаси ва иккита енгил автомобил тўсиб қўйган, кортеж эса ўққа тутилган. Ниёзов жароҳат олмаган. Шундан сўнг туркманбоши давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълум қилади ва суиқасдда Борис Шихмуродов ҳамда бошқа мухолифатчиларни айблайди.
Борис Шихмуродов 1992 йилдан Туркманистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, 1995-2000 йилларда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарган. У мустақил Туркманистон ташқи сиёсатининг меъмори, президент Ниёзовга жуда яқин бўлган шахс сифатида кўрилиб келинган.
Кейинчалик уларнинг орасидаги муносабат совуқлаша бошлайди. Бунинг ортидан, 2001 йилнинг мартида Шихмуродов Хитойга элчи этиб жўнатилади ва бу лавозимда ўша йил октябригача ишлайди.
2001 йил ноябр ойида мухолифат томонига ўтаётгани ҳақида баёнот билан чиқади ва Туркманистон Халқ демократик ҳаракатига асос солинганини эълон қилади. Туркманистон ҳукумати эса унга қарши ноқонуний қурол-яроғ савдоси айблови билан жиноий иш очади.
Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари кескинлашуви
Ниёзовга уюштирилган суиқасд ортидан мамлакат бўйлаб назорат кучайтирилади. Борис Шихмуродов ва унинг қатор ҳамкорлари қидирувга берилади. 2002 йил 16 декабр куни Туркманистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг 15 нафар зобити Ашхободдаги Ўзбекистон элчихонасига бостириб киради. Улар нафақат хизмат хоналари, балки элчи қароргоҳи ва дипломатик миссиянинг турар жой комплексини ҳам текширади. Бу амалиёт «элчихонада яширинган террорчиларни қидириш», дея изоҳланади.
Туркман томони Ўзбекистон элчисининг рафиқасини Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштирган бир неча маҳаллий фуқаронинг Туркманистондан чиқиб кетишига ёрдам берганликда айблаган. Бироқ, ноқонуний тинтув давомида элчихона ҳудудидан қидирувдаги бирорта шахс топилмайди.
Ўзбекистон ТИВ туркман махсус хизматларининг ҳаракатига қарши кескин норозилик билдиради ва содир бўлган воқеа бўйича зудлик билан тушунтириш берилишини талаб қилади. Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчисига махсус нота топширилади.
Туркман расмийлари қўлга олингунга қадар ўтган бир ой мобайнида Борис Шихмуродов бир неча кун Ўзбекистон элчихонасидан ҳам бошпана топганини келтириб ўтади. Баъзи маълумотларга кўра, туркман томони Ўзбекистон элчисини исталмаган шахс, дея эълон қилиб, мамлакатни тарк этиши учун 48 соат муҳлат беради.
Туркманистон расмийлари Ўзбекистонни президент Сапармурод Ниёзовга муваффақиятсиз суиқасд уюштириб, давлат тўнтаришини амалга оширган Борис Шихмуродов бошчилигидаги туркман мухолифатини қўллаб-қувватлашда айблайди. Ўзбекистон томони барча айбловларни рад этади ва биринчи президент Ислом Каримов Сапармурод Ниёзовга қўллаб-қувватлаш сўзлари билан телеграмма йўллайди: «Террор хуружи орқали ҳаётингизга суиқасд қилингани ҳақидаги хабар Ўзбекистоннинг чуқур хавотир ва ғазабини уйғотди. Ўзбекистон терроризмнинг ҳар қандай шаклини қоралаб келган ва қоралайди ҳамда бу иллатга қарши курашда ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр».
Туркманбоши бу сўзлар самимийлигига ишонмайди ва президентлар ҳамда давлатлар ўртасидаги муносабатлар жуда совуқлашиб, чуқур инқирозга юз тутади. Икки томонлама муносабатлар 2006 йил декабрда Ниёзовнинг вафоти ва ҳокимиятга Гурбангули Бердимуҳамедов келганидан кейингина яхшилана бошлаган.
«Шихмуродов иши» якуни
Дастлаб, Шихмуродов 25 ноябр воқеаларига алоқадор эканини рад этади. Кейинчалик у Туркманистон Халқ демократик ҳаракати Ашхобод, Чоржўй, Тошҳовуз ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида Ниёзовнинг истеъфосини талаб қилиб, оммавий тинч намойишлар ўтказишни режалаштиргани ҳақида маълум қилади. Унинг ўзи бу вақтда мамлакатдан ташқарида бўлганини таъкидлайди.
2002 йилнинг 25 декабр куни Борис Шихмуродов Туркманистон расмийларига ихтиёрий равишда ўзини топширади ва айбсиз эканини маълум қилади. У бу ишни ўз тарафдорларига нисбатан кейинги репрессияларнинг олдини олиш учун қилганини айтиб ўтади. 29 декабр куни миллий телевидениесида Борис Шихмуродовнинг нутқи намойиш этилди:
«Биз жиноий гуруҳмиз, мафиямиз. Орамизда битта ҳам оддий одам йўқ. Мен мамлакатни бошқаришга қодир эмасман, аксинча, давлатни йўқ қилишга бел боғлаган жиноятчиман. Бизнинг вазифамиз Туркманистондаги вазиятни беқарорлаштириш, конституциявий тузумга путур етказиш ва президентга суиқасд қилиш эди», деган у.
Атиги бир неча кун давом этган терговдан кейин 2002 йилнинг 30 декабр куни Туркманистон Олий суди Борис Шихмуродовни 25 йилга озодликдан маҳрум қилади, бироқ ўша куниёқ бу жазо умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. У билан бирга яна 54 киши Ниёзовга қарши фитнада айбланиб қамалади. Улар орасида собиқ вазирнинг укаси Константин Шихмуродов, Туркманистоннинг ЕХҲТдаги собиқ элчиси Ботир Бердиев ҳам бор эди. Шундан сўнг уларнинг тақдири нима бўлгани номаълумлигича қолмоқда.
Туркман ҳукумати ушбу иш юзасидан бутун назоратни ўз қўлига олгани сабаб ҳозирга қадар ўша пайтда давлат тўнтаришига уриниш бўлган-бўлмагани аниқланмаган. Ниёзов режими эса «Шихмуродов иши» ортидан кенг кўламли тозалов ишлари олиб борди, мамлакат хорижликлар учун бутунлай ёпилди, ёпиқ сиёсат янада қаттиқлашди.
Мавзуга оид
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
15:25 / 06.12.2024
Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтиради
19:33 / 05.12.2024
Туркманистон Ўзбекистон билан чегарада жойлашган божхона постини фойдаланишга топширди
18:02 / 05.12.2024