Ўзбекистон | 15:44 / 20.07.2023
10357
13 дақиқада ўқилади

Президент мактабларига қабулдаги айрим ҳолатлар юзасидан изоҳ берилди

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев ва бошқа масъуллар президент мактабларига кириш имтиҳонларининг илк босқичида саволларнинг такрорлангани ҳақидаги хабарлар ва бошқа ҳолатлар юзасидан ОАВ вакиллари саволларига жавоб берди.

Фото: Хушнудбек Худойбердиев

19 июл куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигида ОАВ вакиллари билан мулоқот ташкил этилди. Унда агентлик директори Алишер Уббиев, Cambridge University Press & Assessment ташкилоти бош маслаҳатчиси Стив Кинг (видеоалоқа орқали) ҳамда Kun.uz, Daryo.uz мухбирлари, ЎзА директорининг ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев иштирок этди.

Учрашувда агентлик вакиллари президент мактабларига кириш имтиҳонлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бир нечта саволларга жавоб беришди. Kun.uz қуйида берилган изоҳларни келтириб ўтади.

Стив Кинг: Ўзбекистон билан анча йиллардан бери дўстона алоқадамиз. 2019 йилдан бери президент мактаблари билан ишлаб келамиз. Cambridge University Press & Assessment Президент мактабларига кириш имтиҳонлари тайёргарлигида иштирок этган. Биз дастлабки кириш имтиҳонларини 2019 йилда ўтказганмиз. 2020 йилда пандемия фонида бирмунча танаффуслар бўлганди. Лекин кейинроқ, 2021, 2022 ва 2023 йиллардаги кириш имтиҳонларини ўтказишда тўлиқ қатнашишга муваффақ бўлдик.

Кэмбриж бунақанги баҳолашларда 1858 йилдан бери иштирок этиб келади. Шундай экан, биз тест топшириқларини тайёрлаш, уни тузиш билан 165 йилдан бери шуғулланамиз, бу борада ташкилотимизда катта тажриба мавжуд. Биз учун имтиҳонни хавфсиз ва адолатли ўтказилиши катта аҳамиятга эга.

Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман ва у ердаги ота-оналар билан суҳбатлашганман. Ўзбек ота-оналари фарзандларини жуда яхши кўради ва уларнинг муваффақият қозонишларини истайди. Шундай экан, уларнинг имтиҳон қандай ўтаётгани ва унинг атрофида бўлаётган воқеаларга қизиқиши тушунарли.

Бизнинг ташкилотимиз жуда катта ҳисобланиб, кўплаб департаментларга бўлинган. Бизда Cambridge Assessment Admission Testing, Cambridge University Assessment, Cambridge Assessment International education ҳамда тадқиқотлар олиб борадиган бўлимимиз ҳам мавжуд. Шунингдек, таълим дастурлари бўйича дунё миқёсида турли ҳамкорликларимиз бор.

Стив Кинг / Фото: Хушнудбек Худойбердиев

Адашмасам, кеча бир ҳолат юзага келган. Ташкилотимизнинг Манилладаги мижозлар билан ишлайдиган жамоа вакилларидан бири Кэмбриж ташкилотининг Ўзбекистон билан ишламаслигини айтиб, нотўғри жавоб берган. Тестларни ўтказиш бўйича ҳар йили жамоа таркиби ўзгариб боради. Шуниси аниқки, Cambridge 2019 йилдан бери [Ўзбекистон билан] ҳамкорликда ишлаб келмоқда.

Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос: Жамоатчиликда шундай версия бор. Яъни биринчи босқичдаги тестларда Cambridge ташкилоти қатнашгани йўқ, лекин имтиҳон саволлари билан боғлиқ гап-сўзлар пайдо бўлгач, тезгина шартнома янгиланиб, "бизнинг шартномамиз бор, биз қатнашяпмиз", – деган умумий жавоб беришяпти. Халқаро ташкилотнинг қатнашиши фақат 2-босқичга тааллуқлими? Айнан мана шу тестлар олдин айтилганидек Буюк Британияда Cambridge томонидан тузилиб, тўғридан тўғри ДТМ (Билим малакаларини баҳолаш агентлиги)га юборилганини тасдиқлай олишадими?

Стив Кинг: Cambridge ташкилоти 2 та босқич имтиҳонда ҳам жалб қилинган. Бу борада тегишли шартномалар қилинган.

Хушнудбек Худойбердиев,: Ташкилотнинг бир нечта вакиллари электрон почта орқали [мурожаат қилганларга] 2-3 маротаба Ўзбекистондаги президент мактаблари имтиҳон жараёнида қатнашмаётганини маълум қилган. Агар бу ҳолат бир шахс билан юзага келганида ҳам адашди дердик. Шу сабабли Стив Кинг ҳақиқатан президент мактабига кириш имтиҳонларида иштирок этаётганини ўзининг саҳифаларида эълон қила оладими?

Стив Кинг: Фикримизча, бу унчалик ҳам муҳим эмас. Лекин биз расмий муносабат тайёрлаб беришимиз мумкин. Шунга алоҳида эътибор берилиши керакки, бизнинг ташкилотимиз имтиҳон жараёнларига тўлиқ қўшилган, бизнинг тестларимиз ишончли эканини ҳам алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Бу (расмий муносабат – таҳр.) бўйича ўзим бир нима дейишим қийин, матбуот хизмати билан гаплашиб, аниқ жавобини айтишимиз мумкин. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, Cambridge билан Ўзбекистон ўртасида дўстона алоқалар мавжуд, шу сабаб менинг сўзим ҳам қандайдир кучга эга деб ҳисоблайман.

Дилшода Шомирзаева, Kun.uz мухбири: Саволлар ташқарига тарқаб кетганидан ташқари, мана шу тест топшириқлари кетма-кет бошқа сменаларда ҳам такрорлангани ҳақида гап-сўзлар бор. Бунга агентлик қандай изоҳ бера олади?

Алишер Уббиев, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори: 1-сменадаги саволларнинг 2-сменада тўлиқ такрорланиши мумкин эмас. Бундай саволлар тузилмайди. Расмий баёнотда ҳам айтилди, бу йил учун 8 та вариант ишлаб чиқилди. Ҳар йили 10 дан ортиқ вариант ишлаб чиқилар эди. Бу йили эса 8 та билан кифояланди.

Хушнудбек Худойбердиев: Аниқлаштирувчи савол бермоқчи эдим. Бу ерда вариантлар такрорлангани ҳақида гап кетмаяпти. Айрим саволлар қайта тушиб қолган ҳолатлари бўлганми? Ҳеч қайси савол бошқа вариантда, бошқача ўринларда, бошқача кетма-кетликда бошқа сменаларда тушмади деган нарса борми? Ёки бир қанча саволлар бор, улар умуман бошқа вариантларда, умуман бошқа-бошқа формулаларда, жойларда тушган дейсизми?

Алишер Уббиев: 1-сменада тушган саволларнинг 2-3 таси бошқа вариантда тушганлик эҳтимоли бор. Бундай нарса ҳар йили бўлади. Бу борада, баҳолаш тизими бўйича Сардор ака батафсил маълумот беради.

Сардор Ражабов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг департамент бошлиғи: Вариантлар Cambridge Assessment томонидан тузилади ва бу борада уларнинг махсус портали бор. Бу порталга бир нафар одамни ташкилотнинг ўзи масъул қилиб белгилайди. Шу одамга логин, парол берилади. Шундан сўнг бу одамнинг порталга кириш-чиқиши назорат қилинади. Қачон кириб, қачон очгани, неча марта юклаб олгани – ҳамма маълумотлари кўринади.

Давлат тест марказида қандай бўлади? Бунда ходимлар ёпиқ режимга киради. Тест бошланишидан олдин тест тузувчилар кирмасидан туриб, типография режимга киради. Шундан сўнг тестга [тест саволларини олишга] "доступи" бор одам [топшириқларни] ечиб олади. У ерда агентликнинг вакиллари ҳам бўлади. Аммо у ходим вариантни очмайди, унга тегмайди. Шунчаки уни кўчириб олади, дискка ёзади ва далолатнома билан ичкарига киргизиб юборади. Шундан кейин ҳамма нарса тозаланади.

Агар [тест топшириқлари] 2-3 марта ечиб олинган, [юкланган] бўлса, бу ҳаракатлар Cambridge Assessment'га ҳам кўринади, ўша вақтда шикоят хати ҳам юборилади. Шунинг учун шунча йилдан бери мана шундай тартибда ўтказиб келинмоқда.

Тестнинг хавфсизлик масаласига келадиган бўлсак, бу ерда ҳам катта тест механизми ишлайди. Яъни тест кирaди, чиқарилaди, фельдегерлик хизматига топширилaди. Фельдегерлик хизмати жойларга тест бошланишидан бир ёки ярим соат олдин олиб бориб беради ва у ерда очиб, қопнинг муҳри билан қабул қилиб тарқатилади. Йиғиб олиб келинади ва натижаси ўқилганидан кейин калит қўйиш жараёни Cambridge Assessment томонидан амалга оширилади. Яъни ДТМ бу жараёнларга аралашмайди.

Вариантлардаги саволларнинг такрорланишига келсак, тўғрисини айтаман, мен уни кўрмаганман. Параллел тест деган нарса бор. У қандай тузилади? Структура бўйича биринчи саволда қандай савол турибди. Тестология нуқтайи назаридан айтиб ўтяпман. Савол турган бўлса, унинг ичидаги рақами ёки ўша саволдаги сўралаётган нарса салгина ўзгартирилиб, параллел тестлар тузилади. Яъни тестологияда кўп вариантли топшириқларда шу усул қўлланади. Биринчи босқичда апробацияда битта тест формати ўтказилади ва кейин шунга параллел тестлар тузилади. Бир-бирига ўхшаш саволлар дейиляпти, вариантлар тенг кучли бўлиши учун савол ўхшамасдан иложи йўқ. Структура бўйича бир хил турибди.

Тестология, айтяпман-ку, бу нарса бизнинг менталитетимизга мослашмаган-да. Тестологиянинг мезонларида боланинг имтиҳонга кириб-чиқиб, репетиторга айтиб бериши, репетитор эса бошқа одамга ёдлатиши йўқ. Бу ҳолат бизда бўлгани учун кўп вариантли тест берилишининг, битта вариантга ўта олмаганимизнинг асосий сабаби ҳам шу.

Хушнудбек Худойбердиев: Имтиҳонни бир сменада бир нечта биноларда ўтказиш мумкинми, буни кўриб чиқса бўладими?

Алишер Уббиев: Ҳозир Тошкент шаҳрини мисол қилиб келтирадиган бўлсак, имтиҳонлар 3 та бинода: UzExpo марказининг 4-павильони, Атрум деган бино ва Тошкент молия институтига қарашли олий ўқув юртлараро спорт мажмуаси биносида 1 сменадан ўтказилди. Жами 3 440 нафарлик ҳажмга эга бўлди.

Бошқа ҳудудларимизда ҳам, мисол учун, Андижонда ҳам минг кишилик катта бино, ундан кейин яна минг кишилик бинони – умуман Андижондаги катта биноларни тўлиқ олганмиз. Шу сонлардан келиб чиқсак, 1 сменага сиғдиришимиз жуда қийин. Лекин баъзи ҳудудларимиз бўлди, масалан, Сирдарё, Навоийни айтишим мумкин, у ерда талабгорлар сони оз бўлгани учун 2 смена билан тугата олдик.

Исломбек Умаралиев, Daryo.uz мухбири: Яна бир муҳокама бўлган жиҳат: 4-синфларга 8-синф саволи тушган дейилган гапларга қандай изоҳ бера оласизлар?

Дилшода Шомирзаева: Саволни тўлдирмоқчи эдим. Агентликнинг расмий баёнотида Ирода Саибова келтирган стандартлар Миллий ўқув дастуридан олинган. МЎД ва унинг асосидаги дарсликларни жорий қилиш 2021 йилдан бошланган. МЎД асосидаги 1-синф математика дарслиги 2021 йилда нашрдан чиққан. Бу йил 4-синфни битирган ўқувчилар 2017 йилдаги стандартлар ва шу стандартлар асосидаги эски дарсликлардан ўқишган. Тест саволларининг ўқувчилар ўқимаган стандартлар асосида тузилиши қанчалик тўғри?

Ирода Саибова, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги марказ директорининг ўринбосари: Вариантларнинг тўғри эканини исботлаш, ҳозирги гап-сўзларни асослаб бериш учун ҳеч ким кўриши мумкин бўлмаса ҳам битта вариантни олишга муваффақ бўлдик. Ундаги ҳар битта мисолни қайси дарслик, 3-синф бўлса дарсликка, стандартга боғладим. 4-синф бўлса, 4-синфнинг дарслигини очиб қайси бирида шундай ўхшаш мисоллар борлигини кўриб чиқдик. Бу саволларни биз тузмаганмиз, фақат четдан экспертиза қиляпмиз.

Cambridge ҳам бизнинг эски дарслигимиздан олиб саволларни тайёрлаган.

Алишер Уббиев: Халқаро ташкилотдан 1-, 2-, 3-сменаларнинг [шу сменаларда қатнашган болаларнинг] ўртача тўғри жавобларининг сони ҳақидаги маълумотини олдим. 1-сменада 22 минг нафар бола иштирок этган бўлса, уларнинг ҳаммасига 1 баллдан қўйилса, энг максимали 30 бўлади, энг ками 0 бўлади. Шунинг ўртачасини айтишим мумкин. Бу балл эмас.

Ўртача жавоб берганлар кўрсаткичи:

1-смена – 16,3
2-смена – 13,3
3-смена – 11,4

***

Агентлик раҳбари бир қатор тест саволларининг ижтимоий тармоқларда тарқалганини одатий ҳолат деб изоҳлади.

“Ҳар йили бундай ҳолатлар бўлган. Тайёрлов курслари бор, имтиҳонда қатнашган айрим болалар чиққанидан сўнг отасига, репетиторига гапириб беради. Бу йил ҳам бу нарса истисно бўлгани йўқ. Ўтган йил ҳам шундай бўлганди. Болалар эсига келган бир-иккита саволларни айтиб беради”, – деди Алишер Уббиев.

Тестларнинг валидлигига оид маълумотлар ва интернетда тарқалган саволларга ҳар икки сменада берилган тўғри жавоблар кўрсаткичларини очиқлаш ҳақидаги саволга жавобан эса, агентликда бундай маълумотлар йўқлиги, бу Кэмбриж ваколатидаги масала экани айтилди.

Маълум қилинишича, бу йил президент мактабларининг кириш имтиҳонларида қатнашган талабгорларнинг сони ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошган, 2022 йилда 41 минг нафарни ташкил этган. 2023 йилда бу кўрсаткич 51 минг нафар деб қайд этилди. Андижонда энг кўп, 6 минг нафардан ортиқ бола имтиҳонда қатнашиш учун ҳужжат топширган. Бу бир ўқувчи ўрни учун 267 талабгор танловда иштирок этган дегани. Уббиевга кўра, Андижонда, умуман бутун республикада шунча болани сиғдириб, 1 сменада имтиҳон ўтказиш мумкин бўлган бино мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам Андижон, Фарғона ва бошқа ҳудудлардаги жойларнинг сиғимидан келиб чиқиб тест бир нечта сменаларда бўлиб ўтган.

“Ўтган йили 2 сменада ташкил этилган бўлса, талабгорларнинг ошгани туфайли бу йил 3 та сменагача кўтаришга мажбур бўлдик”, – дейди Уббиев.

Суҳбат сўнгида мутасаддилар Cambridge University Press & Assessment ташкилоти билан имзоланган шартномани тақдим қилишди. Унга кўра, бу икки томонлама ҳужжат 2022 йил 23 майдаги бош шартномага мувофиқ 2023 йил 24 мартда тузилган. Амал қилиш муддати 2023 йил 31 декабргача деб белгиланган.

Мавзуга оид