Ўзбекистон | 18:28 / 25.07.2023
5608
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги қатор банклар «Юнистрим» билан ишлашни тўхтатди

«Ипотека банк», «Халқ банки», «Трастбанк», «Туронбанк» ва «Ҳамкорбанк» «Юнистрим» орқали халқаро пул ўтказмалари бўйича операцияларни вақтинча тўхтатганини эълон қилди. Марказий банкка кўра, умумий ҳисобда Ўзбекистоннинг 14та банки ушбу тизим билан ишлашни тўхтатган.

Фото: ТАСС

Жорий йилнинг 20 июль куни АҚШ Россиянинг бешта банкига қарши санкциялар жорий қилганди. Рўйхатга «Тинькофф», «Солидарность», «Локо Банк», «Юнистрим» ҳамда Петербург ижтимоий тижорат банки киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, янги чоралар Москванинг Украина урушини давом эттиришига имкон берувчи товарлардан фойдаланишини тўхтатиш, шунингдек, Россиянинг металлургия ва тоғ-кон саноатидан тушадиган даромадларини камайтириш, унинг келажакдаги энергетика имкониятларига путур етказиш ва халқаро молия тизимига киришини ёмонлаштириш учун мўлжалланган. 

«Юнистрим» пул ўтказмалари эгаси бўлган «Юнистрим» банки АҚШ санкцияларига учрагач, айрим ўзбек банклари мазкур тўлов тизими билан ишлашни тўхтата бошлади. Хусусан, 21 июль куни «Ипотека банк», 24 июль куни «Халқ банки» ва «Трастбанк», 25 июль куни «Туронбанк» ва «Ҳамкорбанк» «Юнистрим» орқали халқаро пул ўтказмалари бўйича операцияларни вақтинча тўхтатганини маълум қилди.

Банклар муқобил вариант сифатида «MoneyGram», «Astrasend», «CONTACT» ва «Золотая Корона», «Asia Express», «SberBank Onlayn», «UPT» каби тизимларидан фойдаланишни тавсия қилишган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг февраль ойидан бошлаб «Ипак Йўли» банки, июль ойидан бошлаб эса «Капиталбанк» ушбу тизим билан ишлашини тўхтатган эди. 

Бошқа тижорат банклари ҳозирча «Юнистрим» билан ишлаш ёки ишламаслиги тўғрисида расман маълум қилмаган бўлса, Daryo.uz’нинг Ўзбекистон Марказий банкига таяниб ёзишича, умумий ҳисобда Ўзбекистоннинг 14 та банки ушбу тизим билан ишлашни тўхтатган.   

Мавзуга оид