Жаҳон | 14:30 / 27.07.2023
13440
11 дақиқада ўқилади

Иқтисодий ва сиёсий диверсификация: Кўрфаз билан яқинлашиш нима учун муҳим?

Ўтган ҳафта Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё етакчилари саммити минтақалар даражасидаги анжуман бўлгани билан Ўзбекистон иштирокидаги бошқа тадбирлардан ажралиб турди. Саммит арафасида Эрдўғаннинг ҳам Ар-Риёдга кутилмаган ташрифи мавзу атрофидаги интригаларни кучайтирди.

Kun.uz саммитнинг муҳим нуқталарини таҳлил қилиш учун сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Наргиза Умароваларни таклиф қилди.

— Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони мезбонлик қилган халқаро саммитда қатнашди. Сайловдан сўнг илк ташриф рамзий маъно англатиши сир эмас. Айтинг-чи, бу ташриф Ўзбекистон ташқи сиёсатида қандайдир маънога эгами ёки вазият тақозо қилдими?

Фарҳод Каримов: Бу саммит Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатларининг сиёсий ва иқтисодий интеграциясини тезлаштириш мақсадида ўтказилди. Саммит ўтказиш масаласи иштирокчи давлатларнинг ташқи ишлари вазирлари томонидан 2022 йил сентябр ойида келишиб олинганди. 2023 йил январда саммитнинг кун тартибидаги масалалар ва лойиҳалар ишлаб чиқилган. Саудия Арабистони томони таклифи билан, 18-19 июл кунлари ташкил этилди.

Фарҳод Каримов

Президентимизнинг биринчи ташрифи сифатида оладиган бўлсак, бу саммит олдиндан белгиланган эди ва ортга суриб бўлмасди. Олдинги сайловдан кейин президентимиз биринчи Туркманистонга ташриф буюрган эди. Бу эса ташқи сиёсатда Марказий Осиё минтақаси устуворлигини билдирган. Бу галги ташрифнинг рамзий маъноси эса қўшни минтақалар яқинлашиши бўлиши ҳам мумкин.

Умуман, Ўзбекистон ташқи сиёсати 2016 йилдан бери трансформация бўляпти. Бу эса векторларнинг кўпайиши, очиқланиши, сиёсий кафолатларнинг берилишида кўриняпти. Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда ҳам трансформацияни кўриш мумкин.

— Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида Кўрфаз давлатлари билан транспорт-логистика соҳасида амалий ҳамкорликни кучайтириш заруратини урғулади. Минтақаларимиз ўртасидаги транспорт боғлиқликнинг бугунги ҳолати ва муаммолари ҳақида нима дея оласиз?

Наргиза Умарова: Кўрфаз араб давлатлари билан алоқаларни кучайтириш масаласи президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан ўртага чиққан. Хусусан, 2017 йил май ойида ва ўтган йили Саудия Арабистонига ташрифлар бўлди. Бундан ташқари, БАА, Қатар каби давлатлар билан ҳам дипломатик алоқалар мустаҳкамлана бошлаган эди.

Наргиза Умарова

Бу саммитнинг Ўзбекистон учун асосий мотиви – савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш. Шавкат Мирзиёев нутқидаги асосий масалалар инвестиция, савдо айланмани кўпайтириш ва транспорт-логистика бўлди. Яқингача Яқин Шарқ минтақаси Ўзбекистон билан сиёсий жиҳатдан узоқлашган эди. Бу минтақа катта потенциалга ва катта бозорга эга. Яқин Шарқ билан яқинлашув Эрон билан муносабатлар яхшиланиши билан бошланди.

Саммитда Шавкат Мирзиёев ўрта логистик коридор – Транс-Каспий йўлаги ва Транс-Афғон темирйўли ҳақида ҳам гапирди. Бундан олдинги ҳукуматлараро ва ишчи гуруҳлар ўртасидаги музокараларда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон мултимодал транспорт коридори ҳам муҳокама қилинганди. Бу ҳақда Мирзиёев гапирмади, лекин бу йўлни фаоллаштириш ишлари бир неча йил олдин бошланган.

Бизда транспорт-логистика у қадар яхши эмас Форс кўрфази давлатлари билан, биттагина коридор бор, лекин у ҳам ташлаб қўйилган, салоҳияти тўла очилмаган. Бу эса Эрон санкцияларда қолгани, мулоқот олиб бориш чеклангани билан боғлиқ эди. Эрон билан муносабатлар яхшилангач, транспорт-логистикага ҳам эътибор қаратилди. Савдо айланмасини яхшилаш учун транспорт-логистика муҳим ҳисобланади, шунинг учун Ўзбекистон икки масалада ҳам иш олиб боряпти.

— Кўрфаз араб давлатлари орасида “Толибон”га таъсир қила олувчи давлатлар мавжуд. Афғонистон масаласи ҳукуматлар даражасида муҳокама қилиндими? Шунингдек, Шавкат Мирзиёев араб монархияларини Транс-Афғон темирйўли қурилишида фаол иштирок этишга чақирди. Бу лойиҳа Кўрфаз давлатлари учун нечоғлик аҳамиятли?

Фарҳод Каримов: Саммитда асосан савдо-иқтисодий масалалар кун тартибида бўлди. Шунингдек, хавфсизлик масаласи ҳам кўтарилди. Чунки ҳар қандай инвестицион муҳит учун хавфсизлик масаласи муҳим.

Биламизки, “Толибон” ҳукумат тепасига келишдан олдин Қатарда штаб-квартирасига эга бўлган. Умуман, Қатар кўп сиёсий ҳаракатлар учун сиёсий бошпана ҳисобланади. Қатар амири Ўзбекистонга келган пайтда ҳам Афғонистон масаласи кўриб чиқилган эди. Афғонистон билан мулоқот қилишда Қатар ўз платформасини таклиф этган эди.

Наргиза Умарова: Яқин келажакда амалга оширилиши кутилаётган 2 та лойиҳа бор: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли ва Транс-Афғон темирйўли. Афғонистон орқали ўтувчи темирйўлнинг биринчи варианти ҳам бор эди, у Эронга олиб бориши керак эди. Лекин Эрондаги санкциялар муаммоси ортидан ташлаб қўйилган эди бу йўналиш. Аммо Афғонистон ва Эрон ўртасидаги қисми қурилиб, ишга туширилган. Ўзбекистон ҳозирги эътиборини Покистонга олиб чиқувчи темирйўлга қаратган. Лекин икки вариантдаги йўлдан ҳам Кўрфаз давлатлари манфаатдор, чунки икки йўналишда минтақага чиқиб бориш мумкин. Мен Эрон орқали ўтувчи темирйўлдан фойдаланишни иқтисодий жиҳатдан самаралироқ деган бўлардим, гарчанд Транс-Афғон темирйўлига кўпроқ урғу қаратилаётган бўлса-да.

Кўрфаз давлатларининг Марказий Осиёга йўл очилишидан манфаатларига келсак, улар учун Марказий Осиё охирги нуқта бўлмайди. Минтақа орқали Хитой ва Европага йўл очилади.

— Кўрфаз араб давлатларининг Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат бошлаганини Россиянинг кучсизлангани билан боғлаш мумкинми?

Фарҳод Каримов: Кўрфаз давлатлари ва Марказий Осиё давлатларининг алоқалари яқинда пайдо бўлиб қолгани йўқ. Тўғри, геосиёсий жараёнлар мураккаб ҳозир. Лекин Форс кўрфази давлатлари вазиятдан фойдаланяпти деёлмайман. Улар жуда катта сармоявий потенциалга эга, шунинг учун кўпроқ қизиқиш Марказий Осиё давлатлари томонидан бўляпти.

Марказий Осиё давлатлари фақат Хитой, Россия ва ғарбга боғланиб қолмасликка интиляпти. Минтақамиз давлатлари минтақавий инвестицион муҳит биргаликда яратилиши кераклигини англаб етяпти ва бунга потенциал ҳам бор. Форс кўрфази давлатлари Марказий Осиё орқали Хитойга чиқиш тарафдори, чунки уларнинг ҳозирги йўли айрим товарлар бўйича қимматга тушади. Шунинг учун ҳам Хитой Эрон ва Саудия Арабистонини яқинлаштиришга ҳаракат қилди. Энди Марказий Осиё давлатлари имкониятдан фойдаланиб қолиши керак.

Наргиза Умарова: Инвестиция – асосий омил. 2016 йилдан кейин Ўзбекистон ўз иқтисодиёти учун инвесторлар жалб қилишга, асосий инвесторлар бўлмиш Хитой ва Россия инвестицияларини диверсификация қилишга интиляпти. Бу йўлда Кўрфаз давлатлари потенциалидан фойдаланиш тўғри бўлади. Бу минтақа давлатлари билан охирги вақтлардаги учрашувларда Ўзбекистон қўлга киритган инвестициялар пакети анча жозибадор. Бундан ташқари, Ўзбекистон Форс кўрфази давлатларининг инновацион имкониятларидан ҳам фойдаланишни мақсад қилган.

— Саммит арафасида Эрдўған ҳам Ар-Риёдга борди. Бунинг саммитга алоқаси борми? Саудиянинг қурол-яроғ бўйича асосий ҳамкори АҚШ Саудия-Туркия ҳамкорлигига қандай қарайди?

Фарҳод Каримов: Туркия Яқин Шарқдаги асосий давлатлардан бири ва доимий лидерлик учун рақобатда бўлиб келган. Эрдўғаннинг ташрифидан мақсад – инвестиция жалб қилиш. Ва туркий давлатлар бўлган Марказий Осиё билан Форс кўрфази давлатлари яқинлашуви Туркиянинг эътиборидан четда қолиши мумкинмас, албатта. Шунинг учун кузатади, таҳлил қилиб боради. Бундан ташқари, Туркия лидер бўлган Туркий давлатлар ташкилотида йўқ потенциал Форс кўрфази давлатларида бор. Шу сабабли Туркия ҳам жараёнлардан четда қолгиси йўқ. Четда қолиб кетса, миллий манфаатларига тўғри келмайди.

Туркия ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида ҳарбий жиҳатдан келишувлар аввалдан бор. Масалан, Қатарнинг кучли армияси йўқлиги учун Туркия ёрдам беради. Саудия Арабистони ҳарбий қуролларни АҚШдан ташқари Россия ва Ҳиндистондан ҳам сотиб олади. Ҳарбий қурол саноатида янги куч бўлиб Туркия ҳам чиқяпти ва табиий равишда ўз хизматларини таклиф этяпти Саудияга. Бу ҳамкорликда асосан ҳарбий дронлар ва пиёда қўшинлар учун ҳар хил қуроллар назарда тутилади. Лекин Саудия Арабистони асосий стратегик ҳамкорлардан воз кечмайди.

— Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларининг биронтаси ҳам Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари сирасига кирмайди. Иқтисодий муносабатлар динамикаси охирги 5-6 йилдагина юқорилашни бошлади, бироқ ҳали қониқарли даражада эмас. Бунинг сабаблари нимада?

Наргиза Умарова: Динамиканинг юқорилаши сўнгги вақтлардаги Евросиёдаги вазиятга боғлиқ. Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий алоқаларда бир-иккита давлатга боғланиб қолган эди. Кризис бошлангандан кейин тушундикки, янги бозорлар излаш, янги логистика йўлларини яратиш керак. Шу сиёсат орқали Форс кўрфази давлатлари билан ҳамкорлик юқорилаша бошлади. Лекин қониқарсиз даражада.

Бизнинг асосий экспорт маҳсулотларимиз – текстил, қора металлар ва мевалар. Айтганимдек, бизнинг биринчи муаммомиз Яқин Шарқ минтақаси бозорларини унутиб қўйганимиз эди. Шу пайтгача бўлган савдомизда товарлар хилма-хиллиги ҳам паст эди. Савдо айланмамизни ҳеч бўлмаганда 1 млрдга етказиш учун бир неча йил талаб қилинади. Ҳали бозорни ўрганиш, ўз ўрнимизни топишимиз керак. Рақобатда асосий омил нарх, нархга асосий таъсир қилувчи омил эса – транспорт-логистика.

Форс кўрфази давлатлари ҳам бизнинг бозорларга қизиқяпти. 2025 йилда бўладиган навбатдаги саммитга Ўзбекистон мезбонлик қилиши кўзда тутиляпти. Шунгача савдо айланмаси анча жонланиб қолса керак. Форс кўрфази давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўтган йилги савдо айланмаси 3 млрд доллардан ошди. Туркия билан эса 30 млрд доллардан ошиқ. Демак, жуда кам ҳозирда савдо айланмаси.

Фарҳод Каримов: Яқин ўтмишгача биздаги асосий муаммо – Марказий Осиё давлатларининг ўзаро муносабати эди. Инвестицион муҳит талаби эса қўшни давлатлар билан муаммо бўлмаслиги. Ҳозир минтақавий барқарорликка ишонч борлиги қизиқиш ортишига сабаб бўляпти. Олдин Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги совуқ муносабатлар сабаб кафолат йўқ эди. Охирги йилларда яқинлашиш кучаймоқда. Ўзбекистоннинг 2016 йилдан кейинги олиб борилаётган сиёсати асосий рол ўйнамоқда бунда.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ўртасидаги муаммони ҳал қилади деб ўйлайман. Чунки кичикроқ муаммони деб катта имкониятни қўлдан чиқаришни исташмаса керак. Умуман, интеграция масаласида ҳали ҳам муаммолар бор, лекин ҳал қилса бўлади буларни. Охирги вақтларда алоқалар минтақа билан бўляпти, алоҳида давлат бўлиб ажратилмаяпти. Кўплаб томонлар билан C5 формати шаклланди.

Наргиза Умарова: Одатда Туркманистон бундай форматларга қўшилмас эди. Аммо Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ортидан Туркманистон ҳам бу форматга қўшиляпти ва энди ўз манфаатлари борлигини биляпти улар ҳам. Туркманистон транзит йўли ҳам муҳим аҳамият касб этади бунда. Агар бу транзит йўлаги бўлмаганда, Форс кўрфазига чиқишимиз қийин бўлиб қоларди айни вазиятда. Минтақанинг бирлашуви кўп нарсани енгиллаштирди.

Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.

Мавзуга оид