Нигердаги давлат тўнтариши: исёнчилар тарафдорлари Россия байроқлари билан митингга чиқди
Украина Африкадаги иттифоқчисини йўқотдими?
Нигердаги исён тарафдорлари мамлакат парламенти биноси олдида митинг уюштиришди. Уларнинг айримлари Россия байроқларини кўтариб олишганди.
Митингчиларнинг бир қисми кейинроқ ағдарилган президент Муҳаммад Базумнинг партияси қароргоҳига ҳужум қилди ва унга ўт қўйди.
Расман Россия бошқа мамлакатлар қатори ағдарилган ва намойишчилар томонидан гаровга олинган президент Базумни озод этишга чақирган.
Айни вақтда Ғарбий Африканинг ушбу мамлакатини ким бошқараётгани тушунарсиз. Армия қўмондони исёнчиларни қўллаган, ўзининг сўзларига кўра, мамлакат қуролли кучлари бирлигини сақлаш ва қон тўкилишига йўл қўймаслик учун шундай танлов қилган.
Хунтанинг ўзи ҳам раҳбари кимлигини эълон қилмаган.
Давлат телевидениесида президент ағдарилгани тўғрисидаги бир кун олдинги мурожаат ватанпарварлик руҳидаги мусиқа ва Қуръон оятлари билан аралаштириб такроран қўйиб берилди. Одатда тушлик вақти эфирга чиқадиган янгиликлар дастури 27 июл куни намойиш этилмади.
Аммо Нигер пойтахти Ниамейда дўконлар ва бозорлар одатдаги вақтда очилган, эрталабки ёмғирдан кейин эса исёнчиларнинг тарафдорлари кўчаларга чиққан.
Юзлаб намойишчилар Миллий ассамблея биноси олдида тўпланган. Уларнинг айримлари байроқларни ҳилпиратган, бошқалари «Франция йўқолсин!» ва «Хориж базалари даф бўлсин!» ёзувлари акс этган плакатларни кўтариб туришган.
Нигер – Ғарбнинг минтақадаги асосий ҳамкорларидан бири
Нигер 1960 йилга қадар Франция мустамлакаси бўлган ва ҳозирга қадар бу ерда французлар таъсири ва ҳарбий базалари сақланиб қолган.
Уран рудасига бой бўлган ушбу мамлакат — Ғарбнинг Саҳелдаги (Саҳройи Кабир жанубига туташган минтақа) асосий ҳамкорларидан бири, бу ерда нафақат французларнинг, балки маҳаллий ҳукуматга қуролланган радикал гуруҳларга қарши курашда ёрдам берувчи Америка қўшинлари базаси ҳам жойлашган.
Нигернинг ушбу кампания учун аҳамияти қўшни Мали ва Буркина-Фасодаги давлат тўнтаришларидан кейин янада ортган. Қўшни мамлакатлардаги давлат тўнтаришлари ҳам Россияга симпатия билдирган кучлар томонидан амалга оширилган; Мали «Вагнер» ХҲКнинг Африкадаги асосий базаларидан бирига айланган ва кўп масалаларда россияпараст позицияни танлаган.
«Биз давлат тўнтариши — конституцияга зид бўлган ташаббус деб ҳисоблаймиз ва принципиал жиҳатдан биз доимо бундай ҳолатларда жуда аниқ позицияни эгаллаймиз», — деди пайшанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Нигернинг демократик йўл билан сайланган президенти Базум Украина президенти билан яхши алоқалар ўрнатган ва «Қрим платформаси»га қўшилганди.
Хунта ҳаво чегаралари ёпилганини эълон қилганига қарамай, пайшанба куни тонгда французларнинг ҳарбий-транспорт самолёти Франциянинг Нигердаги ҳарбий базасига келиб қўнди. Хунта Францияга норозилик билдирди.
Украина иттифоқчисини йўқотдими?
Георгий Эрман, BBC Украина хизмати:
Ҳозирча Африканинг фақат тўрт мамлакати мақсади Қримни Украина назоратига қайтариш бўлган Қрим платформасига қўшилган. Президент Муҳаммад Базум раҳбарлигидаги Нигер ушбу давлатлардан бири эди.
У шунингдек БМТда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб овоз берган.
Кенг кўламли уруш бошлангунига қадар Украина ва Нигер ўртасида қандайдир ривожланган сиёсий муносабат ёки фаол савдо йўқ эди.
Аммо Володимир Зеленский ва Муҳаммад Базум ўртасида 2022 йил августида ўтказилган суҳбатдан сўнг — бу икки давлат тарихида биринчи бор олий даражадаги мулоқот бўлганди — Нигер Қрим платформасини қўллаб-қувватлашга қарор қилди.
Ҳозирча ҳарбий хунта бошқаруви шароитида Нигернинг ташқи сиёсати қандай олиб борилиши аниқ эмас, аммо катта эҳтимол билан Украина Африкадаги дўстларидан бирини йўқотди.
Гап шундаки, Ғарбий Африкада 2020 йилдан буён ҳарбий хунталар бошқарувга келган барча давлатлар — Мали, Буркина-Фасо ва Гвинея — БМТ Бош Ассамблеясида Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш бўйича резолюцияда ёки бетарафлик сақлаган ёки овоз беришда қатнашмаган.
Бундан ташқари, «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари жойлашган ва Россиядан ҳарбий ёрдам олувчи Мали 2023 йил февралида Африканинг (Эритрея билан биргаликда) БМТда Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш резолюциясига қарши овоз берган икки давлатидан бири бўлганди.
Украина ТИВ Нигердаги давлат тўнтаришини қоралаб чиқди.
Худди Нигерни жангарилар ва қуролланган гуруҳлар ҳужумлари остида яшаётган Саҳел минтақасида хавфсизликни таъминлашда асосий ҳамкори сифатида кўрадиган АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари каби.
Бир неча ҳафтагина олдин Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел ушбу мамлакатга ташриф буюриб, минтақада барқарорлаштирувчи ролни ўйнайдиган Нигерга хавфсизликни таъминлаш ва ажалвор қуроллар, жумладан вертолётларда қўлланадиган ўқ-дорилар сотиб олиш учун юзлаб миллион евро миқдорида маблағ ваъда қилганди.
Энди бу ваъда қайтариб олиниши мумкин, чунки ЕИ ноқонуний ҳукуматларни қўлламайди.
Ва бундай ҳолатда Нигердаги хунта ёрдам сўраб Россия ва «Вагнер» ХҲКга юзланиши мумкин, руслар эса аллақачон Саҳел минтақасининг можаролар гирдобида қолган уч мамлакатига кириб келган: Мали, Буркина-Фасо ва Судан.
Мавзуга оид
14:42 / 21.12.2024
Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойигача олиб чиқишни талаб қилди
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
22:17 / 16.12.2024
Корея ва Франциядаги можаролар: Демократиялардаги инқирозлар демократияни созлайди
17:17 / 13.12.2024