Жаҳон | 10:39 / 29.07.2023
11524
2 дақиқада ўқилади

Нигерда давлат тўнтаришига раҳбарлик қилган генерал ўзини мамлакат етакчиси деб эълон қилди

Генерал Абдураҳмон Чиани Нигердаги ҳарбий тўнтаришни кенг кўламли муаммолар ва кенг тарқалган коррупция билан изоҳлади. Европа Иттифоқи исёнчиларга Европа ҳуманитар ёрдамидан маҳрум этиш билан таҳдид қилди. 

Абдураҳмон Чиани / Видеодан кадр

Нигерда ҳарбий тўнтаришдан икки кун ўтиб, президент гвардияси қўмондони генерал Абдураҳмон Чиани ўзини мамлакатнинг янги раҳбари деб эълон қилди. 62 ёшли Чиани 28 июль, жума куни телевидение орқали халққа мурожаат қилиб, ўзини «Ватанни қутқариш миллий кенгаши президенти» деб атади. У ҳарбий тўнтаришни Нигердаги вазиятнинг ёмонлашуви билан изоҳлади.

Чианининг сўзларига кўра, исёнчилар томонидан ағдарилган президент Муҳаммад Базум даврида одамлар мамлакатда ҳаммаси жойида эканига ишонтирилган, бироқ «ҳақиқат бошқача эди – ўлдирилганлар ва кўчирилганлар, хўрланганлар ва умидсизликка туширилганлар сон-саноқсиз бўлган». Мамлакатда иқтисодий ва хавфсизлик инқирози, шунингдек, коррупция туфайли кўплаб муаммолар тўпланиб қолган, дейди у. 

Абдураҳмон Чиани Нигер президент гвардиясини 2011 йилдан бери бошқариб келади. 2018 йилда унга генерал унвони берилди. 26 июль куни Нигер ҳарбийлари 1960 йилда Нигер француз мустамлакачилигидан озод бўлганидан кейин ҳукуматга тинч йўл билан келган биринчи президент Муҳаммад Базумни ҳибсга олди. Базум оиласи аъзолари ҳам қамоққа олинган. 

Франция президенти Эммануэл Макрон Нигердаги тўнтаришни «мутлақо ноқонуний ва нигерликлар, Нигер ва бутун минтақа учун ўта хавфли» деб атади. У Нигерда қонун ва тартибни тиклаш ва президент Базумни озод қилишга чақирди. 

Мавзуга оид