Ўзбекистон | 13:48 / 30.07.2023
27604
3 дақиқада ўқилади

Когон тумани ИИБ ходими 1300 доллар билан ушланди

ДХХ ўзгаларнинг пулларини ўзлаштиришга уринган ИИБ, солиқ, Миллий гвардия ходимларини қўлга олди.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро вилояти Когон тумани ички ишлар бўлими ходими фуқарога нисбатан ички ишлар органларига келиб тушган аризани ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

  • 28 июн куни Фарғона вилоятида президент раислигида ўтказилган йиғилишда жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган ўндан ортиқ туман ИИБ бошлиқлари ишдан олинганди, улар орасида Когон тумани ИИБ бошлиғи Умиджон Ҳасанов ҳам бор эди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори масъулияти чекланган жамиятнинг молиявий фаолияти юзасидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида МЧЖга 383 млн. сўмлик фойда солиғи қўшимча ҳисоблангани ва ушбу пул маблағи МЧЖ томонидан тўланиши кераклигини айтади.

Лекин, у солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш орқали ушбу суммани бартараф этиб бериш эвазига МЧЖ вакилидан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
 
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Миллий гвардиянинг Андижон вилояти қўриқлаш бошқармаси Андижон туман бўлими сафдор ходими юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали фуқарони Миллий гвардия тизимига ҳарбий хизматчи сифатида ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Видеодан кадр

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Навоий вилояти Томди туманида ИИБ инспектори олтин қазиб олиш учун шароит яратиб бериш эвазига фуқародан 30 минг доллар талаб қилиб, 15 минг доллар олган вақтида ушлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид