Жаҳон | 22:00 / 31.07.2023
16063
6 дақиқада ўқилади

АҚШда чегара можароси: Техас губернатори Байден маъмурияти билан судлашмоқчи

АҚШда Жо Байден маъмурияти ва Техас губернатори Грег Эббот ўртасида жиддий можаро юзага келди. Иш АҚШ ҳукумати Техас штатини судга беришигача борди.

Гап шундаки, Техаснинг консерватор губернатори Грег Эбботт штатга мигрантлар оқимини камайтириш учун федерал ҳукумат рухсатсиз Мексика билан чегарадан оқиб ўтувчи Рио-Гранде дарёси ўртасидан сузиб юрувчи тўсиқлар ўрнатишга буйруқ берган. Тўсиқ дарёнинг пиёда кесиб ўтиш мумкин бўлган саёз қисмига ўрнатилган бўлиб, ноқонуний мигрантлар айнан мана шу саёзлик орқали АҚШ чегарасини бузиб ўтади.

АҚШ президенти Жо Байден ва Техас губернатори Грег Эбботт.
Фото: El Paso Times

Профессионал сузувчи ёки ғаввос бўлмаган одам эса бу тўсиқлардан сузиб ўтиши амримаҳол. Кўпчилик АҚШ чегарасини оиласи ва фарзандлари билан кесиб ўтиши инобатга олинса, улар учун бу иш деярли имконсиз. Шу боис мигрантлар бу тўсиқларни айланиб ўтишга уриниб кўриб, нохушликларга дуч келмоқда. Чунки тўсиқ тугаган жойда дарё чуқурлашиб, чўкиб кетиш хавфи ортади.

Рио-Гранде дарёсидаги сузиб юрувчи тўсиқлар. / Фото: MSN

Соҳилгача эсон-омон ўтиб олганлар учун эса Техаснинг республикачи губернатори ташаббуси билан навбатдаги синов тайёрлаб қўйилган: дарё ўзани тўлалигича танани кесувчи симтўрлар билан ўраб чиқилган.

Техас жамоат хавфсизлиги департаменти вакили Кристофер Оливарес Рио-Гранде дарёсининг одамлар кўп кесиб ўтувчи ва тўсиқлар қўйилган қисмини «стратегик муҳим жой» деб атаган. Унинг иддао қилишича, тўсиқлар одамлар дарёда чўкиб кетишининг олдини олиш учун ҳам қўйилган. Аммо аслида тўсиқлар чўкиш хавфини оширган.

Тўсиқлар дарё ўртасига олиб боришга тайёрланмоқда.
Фото: AP

АҚШнинг йирик нашрлари Техас чегарачилари Рио-Гранде дарёсини ноқонуний кечиб АҚШга ўтаётган одамларни очиқчасига сувга итариб юборгани, чегарани кесиб ўтганларга эса ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган вақтда оддий ичимлик суви беришмагани ҳақида маълумот олган. Лекин Эбботт маъмурияти губернатор инсон ҳаётига хавф туғдирадиган бундай буйруқлар берганини рад этмоқда.

Америкалик чегарачилар дарёни кечиб ўтаётган мигрант болани қутқариб олишмоқда.

Флорида губернатори Десантис ҳам қўшилди

АҚШ президентлигига номзодлардан бири сифатида қаралаётган яна бир республикачи, Флорида губернатори Рон Десантис техаслик ҳамкасбининг кескин қарорини қўллаган.

«Жанубий чегарамизда бошқа минтақадан келаётган одамларни ҳам кўряпмиз. Чунки уларнинг ҳаммаси АҚШга кириш учун шунчаки чегара олдига келиб, мамлакатга кириш учун «чипта олиш» етарли эканини билади. Келаётганлар орасида тожикистонлик ва ливияликлар ҳам бор. Яқинда 10 минг нафар хитойлик ҳам жанубий чегарамизни кесиб ўтгани ҳақида ўқидим.

Фақат битта чегара қисмидаги девор етарли эмас, ишни охиригача етказиб қўйиш керак. Айтайлик, уларнинг сумкасида наркотик бўлса-чи? Уларни шунчаки қўйиб юбориш керакми? Менимча, куч ишлатиш керак. Бир марта шундай қилинса, қайтиб келишмайди», деган Десантис.

Жанубий америкалик мигрантлар Рио-Гранде дарёси орқали АҚШ чегарасини бузиб ўтмоқда. / Фото: AP

Техас губернатори буйруғи билан чегарада пайдо бўлган ушбу тўсиқлар оқибатида аллақачон одамлар ҳалок бўлди. Улар орасида болалар ҳам бор. Кўплаб мигрантлар яраланган. Соҳилдаги тўсиққа ўралашиб қолган ҳомиладор аёлнинг эса боласи тушган.

АҚШда Грег Эбботт манзилига танқидлар ёғдирилиб, уни инсон ҳуқуқларини бузишда айблашмоқда. Шунингдек, Эбботтнинг ҳаракатлари АҚШ божхоначилари фаолиятига ҳам халақит бераётгани айтилди. 80 нафар демократлар Техас губернаторининг ҳаракатлари ноинсоний экани ҳақида Жо Байденга хат ёзган. Улар Эбботтнинг ҳаракати Мексика билан келишувни бузишини қўшимча қилган.

Техас губернатори эса маҳаллий чегарачилар штатни ҳимоя қилишда федерал чегарачилардан кўпроқ ваколатга эгалиги, Техасда бу борада мустақил ҳаракат қилиш ҳуқуқи борлигини иддао қилган.

«Судда кўришамиз»

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги Техас губернатори Эбботтга қарши судга ариза киритишга тайёрланмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги Техас штати устидан эса аллақачон фуқаролик судига мурожаат қилган. Шундан кейин Рио-Гранде дарёсидаги тўсиқларни олиб ташлаш ишлари бошланди, лекин Эбботт АҚШ президенти маъмурияти билан судлашмоқчи. «Судда кўришамиз» деб ёзди у Тwitterʼдаги саҳифасида Байден маъмуриятига қарата.

Прокурор Ванита Гуптанинг айтишича, Техас ҳукумати дарёга тўсиқ қўйиш бўйича Вашингтондан рухсат олмай ҳаракат қилган ва бу қонунчиликка зид. Прокурорга кўра, бу тўсиқлар кемачиликка, жамоат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган, АҚШга Мексика томонидан норозилик нотаси юборилишига сабаб бўлган.

Оқ уйда Грег Эбботтнинг бу ҳаракатини сиёсий ўйин деб аташди. Байден маъмурияти ҳозирда АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари охирги икки йилда энг паст даражада эканини эслатган.

Ҳаитилик мигрантлар Рио-Гранде дарёсидаги дамба орқали АҚШ чегарасини бузиб ўтмоқда. / Фото: NYpost

Ўз президентлик даврида Байден одамлар чегарадаги сувликларда чўкиб кетишининг олдини олиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар таклиф қилган. Хусусан, Мексика билан чегарадаги персонал сонини оширилган. Тез орада АҚШ Колумбия ва Гватемалада миграцион марказлар очиши кутилмоқда. Бу одамларни АҚШга киришдаги хавфли йўллардан қайтариш учун қилинаётгани айтилган.

Мексика президенти Андрес Обрадор АҚШ президенти Жо Байденнинг Техасдаги вазият бўйича ҳаракатларини олқишлашини билдирган.

Мавзуга оид