Жаҳон | 13:03 / 31.07.2023
8821
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон ҳамжамияти Нигерда тўнтариш уюштирганларга босимни кучайтирмоқда

Фото: AP

Ғарбий Африка давлатлари тўнтариш уюштирганларга кенг кўламли санкциялар билан таҳдид қилди. Улар Нигернинг янги раҳбарларига қарши куч ишлатиш имкониятини истисно этмади

Жаҳон ҳамжамияти Нигерда ҳарбий тўнтаришни амалга оширганларга босимни кучайтирмоқда. Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) уларга кенг кўламли санкциялар ва куч ишлатиш билан таҳдид қилди. 30 июль, якшанба оқшомида эълон қилинган ҳамжамият баёнотига кўра, агар тўнтаришни амалга оширганлар Нигернинг ағдарилган президенти Муҳаммад Базумни бир ҳафта ичида қўйиб юбормаса, ЭКОВАС куч ишлатишни истисно этмайдиган чораларни кўради. 

26 июль куни Нигер президент гвардияси қўмондони генерал Умар Тчиани бошчилигидаги зобитлар гуруҳи демократик йўл билан сайланган президент Базумни ағдариб, конституциянинг амал қилишини тўхтатиб, мамлакатнинг барча конституциявий ҳокимиятларини тарқатиб юборди. Тчиани ўзини Нигернинг янги раҳбари деб эълон қилди. 

Нигерия пойтахти Абужада бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилиш чоғида ЭКОВАС давлатлари тўнтаришни амалга оширганларни Нигерда конституциявий тартибни тўлиқ тиклашга чақирди ва уларга қонуний таъқиб этиш билан таҳдид қилди. ЭКОВАС мамлакатлари ва Нигер ўртасидаги савдо ва молиявий алоқалар тўхтатилди, ҳаво ва қуруқлик чегаралари ёпилди. 

ЭКОВАС, шунингдек, аъзо давлатларнинг марказий банкларини Нигер давлат компаниялари, шунингдек, давлат тўнтаришида иштирок этган ҳарбийларнинг активларини музлатишга чақирди. Нигерга ҳар қандай молиявий ёрдам тўхтатилди ва бу мамлакат билан ҳар қандай молиявий операциялар тақиқланди. ЭКОВАС зудлик билан махсус вакил тайинлашга ва уни Нигерга Ғарбий Африка давлатлари ҳамжамиятининг талабларини етказиш учун юборишга қарор қилди. 

Мавзуга оид