Жаҳон | 10:30 / 31.07.2023
8876
4 дақиқада ўқилади

Покистонда кучли портлаш: сайловолди митингида 44 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши яраланган

Қурбонлар сони ўсишда давом этмоқда. Расмийларга кўра, жароҳат олганлардан 20 киши оғир аҳволда. Митингга 500 га яқин киши йиғилганди.

Фото: EPA

30 июл куни Покистоннинг Бажаур вилоятида Жамоат Уламо Ислом-Фазл (JUI-F) исломий партиясининг сайловолди митинги пайтида рўй берган портлаш оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлган. Ҳужум мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган жиҳодчилар гуруҳи томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.

Ҳукумат расмийси BBC нашрига маълум қилишича, полицияда портлаш худкуш ҳужуми орқали содир этилганига далиллар бор.

Турли манбаларга кўра, жабрланганлар сони қарийб 200 кишини ташкил этиши мумкин. Ҳудудни ўраб олган хавфсизлик хизмати ходимлари ҳужум қурбонлари сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, чунки митингда 500 нафар атрофида киши иштирок этган.

Маҳаллий телевидение тез ёрдам машиналари ярадорларни шифохонага ташиётгани акс этган кадрларни намойиш этган. Аҳволи оғирлар эса вертолётларда Пешавордаги клиникаларга етказилади.

Маҳаллий шифохонада жароҳатланганларнинг бундай оқимига дош бериш учун бўш ўринлар ҳам, шифокорлар ҳам етишмайди, уларнинг баъзилари йўлакларда ёрдам кутиб қолмоқда.

Маҳаллий ҳукуматга кўра, портлаш оқибатида JUI-F партиясининг минтақавий етакчиси Мавлон Зиёвулла ҳам ҳалок бўлган, чунки портлаш айнан у тарафдорлари қаршисида чиқиш қилаётганида содир бўлган.

JUI-F йирик диний сиёсий партия бўлиб, Покистон парламентидаги ҳукумат коалициясининг бир қисмидир. Кҳар шаҳридаги митинг мамлакатда жорий йил кузида бўлиб ўтадиган умумий парламент сайловлари арафасида ташкил этилган.

Дин арбоби бошчилигидаги партия

Покистон парламенти Олий палатасига JUI-F партиясидан сайланган депутат Комрон Муртазо Британиянинг Guardian нашрига берган интервюсида «жангарилар атрофга даҳшат солиб, сиёсий йиғилишларга ҳам ҳужум қила бошлагани» ҳақида гапирган.

Покистонда ҳаракатланувчи экстремистик гуруҳлардан ҳеч бири ҳозирча портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Фото: EPA

«Сиёсий митингларга нисбатан шундай ҳужумлар такрорланиши борасида хавотирлар бор, яъни бу йил партиямиз сайловолди ташвиқотини тўлақонли ўтказа олмайди», — дея қўшимча қилган у.

JUI-F партиясига диний уламо, сиёсий фаолиятини қатъий линия тарафдори сифатида бошлаган Фазлур Раҳмон раҳбарлик қилади. Сўнгги йилларда у Покистоннинг дунёвий партиялари билан сиёсий иттифоқ тузиш учун риторикани бирмунча юмшатган.

Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин Покистонда террорчилик ҳужумлари сони кескин ортди. Ҳарбийларнинг айтишича, жангарилар Афғонистонда ин қурган ва қўшни мамлакатдан чегарани бузиб ўтиб, ҳужумлар уюштиради.

Покистон ҳарбийлари «самарали жавоб қайтариш» билан таҳдид қилади, аммо бу билан айнан нима назарда тутилиши аниқ эмас.

Покистондаги жиҳодчилар

Покистоннинг ўзида ҳам толибларнинг маҳаллий «Таҳриқ-а-Толибон Покистон» гуруҳи (ТТП) фаолият юритади. Гуруҳ Афғонистондаги «Толибон»га содиқликка қасамёд қилган бўлса-да, бу гуруҳни унинг бир қисми дейиш қийин.

Сўнгги вақтларда бу гуруҳ хавфсизлик хизмати ходимларига, жумладан ҳарбий полициячиларга ҳужумларни кучайтирган. Аввалроқ ушбу гуруҳ ва Исломобод ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув мавжуд эди, аммо бу келишув бузилган.

Январ ойида ТТП жангариси Пешавор шаҳри шимоли-ғарбидаги полиция участкаси ҳудудида жойлашган масжидда ўзини портлатиши оқибатида 80 нафардан ортиқ зобит ҳалок бўлганди.

ТТП — бу ҳудудда ҳужумлар уюштирадиган ягона жангарилар гуруҳи эмас.

Ҳужум Покистондаги «ИШИД» гуруҳи томонидан содир этилган бўлиши ҳам мумкин, яқинда бу гуруҳ JUI-F партиясини ўз нишонларидан бири сифатида белгилаб олганди.

Июн ойида «ИШИД» Иноят Калли шаҳарчасида ушбу партия фаоли ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. Гуруҳ бу баёнотни Афғонистон ва Покистон шимоли-ғарбида ҳаракатланувчи «Хуросон вилояти» гуруҳи номидан эълон қилганди.

Мавзуга оид