Жаҳон | 13:17 / 01.08.2023
15571
9 дақиқада ўқилади

Мўъжизавий сакраш: яқин фазодан соатига 1 357 километр тезликда учиб тушган инсон ҳақида ҳикоя

2012 йилда австриялик парашютчи Феликс Баумгартнер Ер сатҳидан 39 километр баландликдан пастга сакрайди. У 36 километр 402 метр баландликдан эркин ҳолда жуда катта тезликда учиб тушади. Ерга етишига 1,5 километр қолганда Феликс парашютни очади. Ўшанда унинг тезлиги товушдан тез кўрсаткичга етади. Шу тариқа Феликс ҳеч қандай техник асбобларсиз товуш тезлигидан юқори тезликда учган инсон сифатида тарихда қолди.

Фото: alamy.com

Инсоният XX асрда ва XXI аср бошида техник тараққиётнинг чўққисига чиқди. Самолётлар билан осмонда учди, сув остида ҳаракатланадиган техникалар билан океанлар тубига тушилди.

20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб космос забт этилди. Товушдан тез учувчи самолётлар яратилди. 21-асрга ўтиб инсон энди космосга сайёҳ сифатида чиқиши мумкин бўлди.

Бундан ташқари, кўз кўриб қулоқ эшитмаган турли синовлар ўтказилди. Ана шундай синовлардан бири 2012 йилда австриялик парашютчи Феликс Баумгартнер томонидан ўтказилади.

У ер сатҳидан қарийб 40 километр баландликдан пастга сакрайди ва 43 секундда товушдан тез бўлган тезликка эришади. Феликс бу парвози билан бир нечта рекордларни қайд этади.

Фото: alamy.com

Туғма парашютчи

Феликс Баумгартнер дунёга машҳур парашютчи бўлиб, у 1969 йилда Австриянинг Залцбург шаҳрида туғилган. У ҳарбий хизматни Австрия армияси ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида ўтайди. Ана шунда Феликс илк марта парашютдан сакрайди ва бу иш унинг доимий машғулотига айланади.

Ҳарбий хизматдан сўнг Феликс парашютдан сакраш спорти билан мунтазам шуғуллана бошлайди. Кейинчалик бирин-кетин парашютдан сакраш бўйича жаҳон рекордларини ўрната бошлайди.

1999 йилда Малайзиядаги осмонўпар эгизак бинодан сакраб биринчи рекордини ўрнатади. 2013 йилда у Британия оролларини материк Европадан ажратиб турган Ла-Манш бўғози устидан углерод толадан тайёрланган махсус қанотлар ёрдамида учиб ўтиб яна бир рекорд ўрнатади.

Шунингдек, Феликс бейсжампинг (махсус парашют) ёрдамида энг паст жойдан сакраш бўйича ҳам жаҳон рекордини ўрнатган. У Бразилияда 29 метрли ҳайкал тепасидан сакрайди.

Феликс дунёдаги кўплаб бино ва иншоотлардан биринчи бўлиб сакраган инсон сифатида тарихда қолган. Жумладан, Франциядаги кўприк, Швециядаги энг баланд бино, Тайбейдаги (Тайван) осмонўпар бино шулар жумласидан.

2012 йилда Феликс яна бир муҳим ишни амалга оширади ва жаҳон рекордини ўрнатади. У ер сатҳидан қарийб 40 километр баландликдан пастга сакрайди.

Фото: alamy.com

Парвозга тайёргарлик

2010 йилда Феликс Австриянинг энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи Red Bull компанияси билан шартнома имзолайди. Шартномага кўра у қарийб 40 километр баландликдан ерга сакраши керак эди.

Аслида Феликс бу компания билан илк шартномани 1988 йилда имзолаган ва ўшандан буён ҳамкорлик давом этиб келаётганди. Янги лойиҳа Red Bull Stratos деб номланади.

Парашютчи компания янги шартнома имзолар экан, машқларга зўр беради. У бир неча марта махсус кийимларда турли баландликлардан сакрайди. Машқлар давомида махсус кийимларни синовдан ўтказади, руҳиятини чиниқтиради.

Жумладан, 2012 йил 12 март куни қарийб 22 километрдан, 2012 йил 25 июл куни 29,6 километрдан пастга сакрайди. Шу тариқа у 21 километрдан ошиқ баландликдан сакраган учинчи парашютчи бўлади.

Парвоз 2012 йил 8 октябрга белгиланади. Бироқ об-ҳаво ноқулайлиги учун 14 октябрга кечиктирилади.

Caption

Ақлбовар қилмас иш

2012 йил 14 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 9:30 да Феликс АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги космодромдан махсус капсула илинган аэростатда (махсус ҳаво шарида) фазога парвоз қилади. Махсус капсула шиша толадан тайёрланган бўлиб, унинг оғирлиги 1 400 кг эди.

Феликс Баумгартнер махсус капсула ичида

Феликсни фазога олиб чиққан аэростатнинг ҳажми 850 000 метр куб эди ва у гелий билан тўлдирилганди. Аэростат белгиланган баландликка чиққунча мабодо фавқулодда ҳолат юз берса ундаги махсус парашют капсулани ерга олиб тушарди.

Аввалига Феликс ер сатҳидан 37 километр баландликдан пастга сакраши белгиланганди. Бироқ у тепага кўтарилаётганда режа ўзгаради ва янада баландроққа чиқади.

Феликс Баумгартнер шу ҳаво шарида фазога кўтарилади

Феликснинг аэростат билан белгиланган баландликкача чиқишига 2 соат 16 дақиқа вақт сарфланади. Аэростат 39 километр (128 100 фут) баландликка чиққанидан сўнг капсула ичида бир муддат сакрашга тайёргарлик кўради. Сўнг махсус скафандр кийган ҳолда пастга сакрайди.

Парвоз жами 4 дақиқа 36 секунд давом этади. Феликс 36 километр 402 метр масофани жуда катта тезликда эркин учиб щтади. Ерга етишига 1,5 километр (денгиз сатҳидан 2,5 километр) қолганда у парашютни очади ва АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги Розуэлл шаҳри яқинига тушади.

Феликснинг фазодан сакраши YouTube платформаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилади. Жараённи дунё бўйлаб 8 миллиондан ошиқ одам томоша қилади ва бу ҳам рекорд ҳисобланади.

Кейинчалик Феликс ўзи учун энг қийин бўлган ҳолатни эслаб ўтганди:

«Мени қарийб 40 километр баландликка чиқиб пастга сакраш ташвишлантирмасди. Чунки бу ишни аввалдан қилиб келаман ва тажрибамга ишонардим. Ўшанда менга энг оғири тайёргарлик жараёни бўлди. Гарчи лойиҳага ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар йиғилган бўлса-да парвоздан аввал жуда катта жамоа ва фазога чиқишда фойдаланиладиган ускуналар билан ишлашда жуда қийналдим. Бироқ жамоа мени руҳлантира олди. Шундай бўлса-да парвоздан сўнг руҳий томондан қайта тикланишим керак бўлди».

Феликс Баумгартнер шу ҳолида Ер сатҳидан 39 км баландликдан пастга сакрайди.

Муваффақиятли синовлар ва рекордлар

Феликс ерга учиб тушар экан, дастлабки 20 секундда унинг тушиш тезлиги соатига 700, 33 секундда соатига 1000, 43 секундда эса соатига 1357 километрни ташкил этади. Бу кўрсаткич товуш тезлигидан баланд эди. Шу тариқа у ҳеч қандай махсус техникасиз товуш тезлигида учган инсон сифатида тарихда қолади.

Феликс ушбу сакраши билан бирданига бир нечта рекордларни қайд этади. Жумладан:

  • Парашютдан сакралган энг баланд масофа;
  • Эркин сакраш бўйича энг баланд масофа;
  • Ҳаво шарида (стратостатда) энг баланд масофага парвоз;
  • Ҳеч қандай техникасиз энг тез тушиш.

Феликснинг сакраши давомида соҳа мутахассислари жуда кўп нарсаларни синовдан ўтказишади. Жумладан, янги турдаги скафандр, ҳаво шари, инсоннинг пастга тушаётгандаги ҳолати ва бошқа синовлар ўтказилади.

Феликс 39 километр баландликдан сакрар экан, бу ишнинг оқибати фожиа билан тугаши мумкин эди. 1962 йилда советлар ўтказган синовда Андреев билан бирга Петр Долгов ҳам сакраган, бироқ скафандрдаги арзимаган носозлик (унда тешик бўлади) туфайли у ҳалок бўлганди.

Феликс аввалига жуда қаттиқ совқотади. Сўнг ер сатҳига яқинлашганда қизиб кетади. Бироқ охир-оқибат сакраш муваффақият билан тугайди ва у ерга эсон-омон қўнади. Шу тариқа барча синовлар ва парвоз ижобий якунланади.

Феликс Ер сатҳига 1,5 км қолганда  парашютни очади

Феликсгача бўлган рекордлар

Феликснинг натижасигача энг баланд жойдан эркин тушиш рекорди совет учувчиси Евгений Андреевга тегишли эди. У 1962 йилда 24,5 километр масофада эркин учиб тушган эди.

Феликсгача баландликдан ерга сакраш бўйича рекорд эса америкалик Жозеф Киттинжерга тегишли эди. АҚШ армиясининг собиқ зобити 1960 йилда 31,3 километр масофадан сакраганди.

Киттинжер фазодан соатига 988 километр тезликда тушган ва ер сатҳига етишига 5500 метр қолганда парашютни очган эди. Ўшанда Киттинжер ҳам бир нечта рекордларни ўрнатган. Бироқ Халқаро авиация федерацияси Киттинжер мувозанатни сақловчи парашютдан фойдалангани учун уларни ҳисобга олмаган.

Айнан Киттинжернинг сакраши фазога парвоз қилишда янги эрани бошлаб беради. Яъни скафандр инсонни очиқ фазода ташқи босимдан, совуқ ва иссиқдан ҳимоя қилиши исботланади.

Шундан сўнг инсонни космосга учириш даври бошланади. Кейинчалик эса космонавтлар ва астронавтлар скафандр билан очиқ фазога чиқа бошлашади.

Феликс сакрашни амалга ошираётганда унинг тушишини кузаётган жамоа вакиллари орасида Киттинжер ҳам бор эди. Киттинжер Феликс парвозга тайёргарлик кўраётганда унга ёрдам берган жамоа таркибида эди.

Феликс Баумгартнер ва Жозеф Киттинжер

2013 йилда Халқаро авиация федерацияси Феликснинг рекордларини қайд этади. Шунингдек, Феликснинг рекордлари Гиннесснинг рекордлар китобига ҳам киритилади.

Орадан бир йил ўтгач Google компаниясининг топ менежери Алан Юстас 41,4 километрдан сакрайди ва Феликснинг рекордини янгилайди. Ўшанда унинг эркин учиб тушиш масофаси 37,6 километрни ташкил этган, ерга етишига қарийб 4 километр масофа қолганда парашютини очганди.

Бироқ Алан ҳам мувозанатни сақловчи парашютдан фойдаланади. Шунингдек, у Феликс эришган тезликка ета олмайди. Шу сабабли Аланнинг рекорди Халқаро авиация федерациясида алоҳида рўйхатга олинган. Мутлақ рекордчи сифатида эса Феликс қолдирилган.

Феликс Баумгартнер Ерга қайтиб тушганидан сўнг / Фото: alamy.com

Стратосферадан сакраш бўйича аёлларга тегишли рекорд 1977 йилда СССРда ўрнатилган. Элвира Фомичева 15 километр баландликдан эркин тушиб, ерга яқин қолганда парашютни очган ва муваффақиятли қўнган эди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид