Жамшид Қўчқоровга янги ўринбосарлар тайинланди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлигига қайтган Жамшид Қўчқоровга жами олти ўринбосар тайинланди; Илҳом Норқулов яна вазирнинг биринчи ўринбосарига айланди, Аҳадбек Ҳайдаров вазирликка қайтарилди.
Президент қарори билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигида айрим раҳбар ходимлар лавозимга тайинланди ва лавозимдан олинди.
Илҳом Норқулов Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Илҳом Иброҳимович Норқулов 1981 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, маълумоти олий. Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Шунингдек, Глазго Университетида «Иқтисодий ривожланиш» йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган.
2004 йилдан иқтисодиёт вазирлигида ишлай бошлаган, 2006 йилдан Бухоро вилояти ҳокимлигида, 2006-2009 йилларда «Нефтегазмонтаж» МЧЖ қўшма корхонасида фаолият юритган.
2010 йилдан Марказий банкда иш бошлаган, 2013-2018 йилларда турли департаментларга раҳбарлик қилган. 2018-2020 йилларда Марказий банк бошқаруви раисининг ўринбосари ва раиснинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган, 2020 йил сентябрида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, 2023 йил февралида қайта ташкил этилган иқтисодиёт ва молия вазирлигида вазир ўринбосари бўлганди.
Аҳадбек Ҳайдаров вазирликка қайтган.
Аҳадбек Яҳёбекович Ҳайдаров 1971 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 1994 йил Тошкент Давлат университети, 1998 йили Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, 2001 йили Япония сиёсий фанлар Миллий институти магистратура босқичи, 2006 йил АҚШнинг Массачусетс штатида Виллиамс Коллежини тамомлаган.
У 2017 йилда молия вазири ўринбосари, 2017-2019 йилларда молия вазири биринчи ўринбосари бўлган, бир муддат Давлат активларини бошқариш агентлиги директори сифатида ишлагач, 2019 йил сентябрида яна Молия вазирлигига қайтганди. 2023 йил февралидан буён эса қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаётганди.
Абдулазиз Абдулаҳадович Ҳайдаров вазир ўринбосари этиб тайинланди. У 2020 йил июнидан буён бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси директори эди.
Отабек Рустамович Фозилкаримов вазир ўринбосари этиб тайинланди, шу муносабат билан соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Отабек Фозилкаримов 1986 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Маълумоти олий, 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
У ўз вақтида Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш, спорт ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича бюджет сиёсати департаменти директори лавозимида ишлаган. 2020 йилда Молия вазирлигининг Ижтимоий ҳимоя соҳасида бюджет сиёсати департаменти директорининг ўринбосари – аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида бюджет сиёсати бошқармаси бошлиғи бўлган, Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида бюджет сиёсати департаменти директори сифатида ишлаган.
2022 йил мартида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланганди.
Бобур Ботирович Хўжаев вазир ўринбосари этиб тайинланди.
У бунгача Президент администрациясининг банк-молия, солиқ соҳаларини ривожлантириш ва «хуфёна иқтисодиёт»ни қисқартириш шуъбаси мудири лавозимида ишлаган.
Жасур Ҳазратқулович Қаршибоев вазир ўринбосари этиб тайинланди.
Тайинловга қадар Жасур Қаршибоев Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат қарзи департаменти директори лавозимида ишлаган, шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг Монетар сиёсат ва капитал бозори департаментида молия сектори эксперти сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, Муродбек Бекберганович Отажонов вазирлик ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси этиб тайинланди.
Бунгача у Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси ўринбосари бўлган.
Бундан олдинроқ Дилшод Султонов ва Эркин Рустамов иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
Вазирлик сайтига кўра, Адиз Бобоев ва Гулнора Раҳимова вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолган.
- Бу ўзгаришлар 2 август куни президент раислигида танқидий руҳда кечган йиғилиш ортидан рўй бермоқда. 3 август куни солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридан чиқарилиб, вазирлик раҳбари Шерзод Қудбиев қўмита раислигига, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эса вазирликка қайтарилганди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
19:28 / 18.12.2024
Тошкентда иссиқлик таъминоти нархлари 2 йилда 4 марта оширилади. Лекин бу ҳам етарли эмаслиги айтилмоқда
14:14 / 18.12.2024
“Энергетика соҳасини субсидиялаш 2028 йилдан тўхтатилади” – Жамшид Қўчқоров
17:52 / 11.12.2024