Жаҳон | 22:42 / 07.08.2023
12237
5 дақиқада ўқилади

Цукерберг ва Маск жангга тайёрланмоқда 

Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг ва SpaceX, Tesla ва Х (Twitter) компанияларини бошқараётган миллиардер Илон Маск рингда жанг қилиши мумкин. 

Фото: Getty Images

Американинг Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг SpaceX, Tesla ва Х (Twitter) компанияларини бошқараётган миллиардер Илон Маск билан дуэлининг эҳтимолий санасини айтди. Цукерберг 26 август куни жанг қилишни таклиф этди. Маск ҳали унга аниқ жавоб бермади. 

«Жанг бугун бўлса ҳам тайёрман. Аммо Маскдан ҳеч қандай тасдиқ йўқ. Ва мен бўлишига ишонмайман», деди Цукерберг. 

Маск таклиф қилинган санани тасдиқламади, бироқ у жангга фаол тайёргарлик кўраётганини ва ҳар куни штанга билан шуғулланаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, машғулотларга вақт етишмаслигини қоплаш учун ҳатто офисга гантел олиб келган. 

Айни пайтда Цукерберг махсус дастур бўйича машғулот ўтказмоқда ва уйининг ҳовлисида саккиз бурчакли ринг ясаб олган. Жисмоний фаолликнинг ошиши туфайли у ҳар куни камида тўрт минг килокалория истеъмол қилиши керак. 

Маск жангда кураш элементларидан фойдаланиш ниятида. «Мен жанг учун WWE услубини танлайман», деди тадбиркор. 

Фойдаланувчилардан бири ундан Цукербергга қарши жангнинг маъноси ҳақида сўради. Маск рингдаги жанг урушнинг цивилизациялашган шакли эканини айтди. «Ва эркаклар урушни яхши кўрадилар», деб қўшимча қилди у. 

Афтидан, узоқ давом этадиган жанг унинг стратегиясининг бир қисми эмас. Маск жанг узоқ давом этса, Цукерберг ўзининг чидамлилиги туфайли ғалаба қозониши мумкинлигини тан олди. Маскнинг бир афзаллиги бор - унинг гавдаси. Цукербергнинг вазни атиги 70 килограмм, бўйи 170 сантиметр (UFC қоидаларига кўра енгил вазн), Маск эса камида 135 килограмм, бўйи 185 сантиметр (супер оғир вазн тоифаси). 

Маск аллақачон жанг ўзининг Х ижтимоий тармоғида (Twitter) трансляция қилинишини маълум этди. Шунингдек, у барча даромадлар Америка армияси фахрийларига берилишини айтди. 

Цукерберг Х платформасида трансляция қилиш ғоясига шубҳа билан қаради. «Сиз хайрияга пул тўплаш учун ишончли платформадан фойдаланганингиз маъқул эмасми?», деди у катта эҳтимол билан ўзининг Facebook тармоғига ишора қилиб. 

Маскнинг соғлиғи туфайли жангни кейинга қолдириш эҳтимоли ҳам бор. Миллиардернинг таъкидлашича, 7 август куни у бўйин ва умуртқа поғонаси юқори қисмини магнит-резонанс томографиясидан ўтказиш ниятида. МРТ натижаларига кўра, шифокорлар унинг орқа мия операцияси керакми ёки йўқлигини ҳал қилишади. «Аниқ сана ҳали номаълум. Буни шу ҳафта билиб оламиз», деб ёзди Маск. 

Маск камида тўққиз йил олдин исми ошкор этилмаган сумо курашчиси билан жанг қилганидан кейин бел оғриғидан азият чекмоқда. У душманни ердан узиб ташламоқчи бўлганида умуртқалараро дискларидан бирини шикастлаган деб ҳисоблайди. 

2022 йилда Маск умуртқа поғонасини бирлаштириш операциясини ўтказгунга қадар саккиз йил давомида оғриқдан азият чекканини ёзган эди. 

Соғлиги билан боғлиқ муаммолардан ташқари, Маск жангга тайёргарлик кўришда яна бир тўсиққа дуч келди. Машҳур UFC жангчиси россиялик Хабиб Нурмагомедов принципиал сабабларга кўра уни шуғуллантиришдан бош тортди. 

Аввалроқ, икки миллиардер ўзаро жанжаллашиб қолишган эди. Цукерберг Meta томонидан Twitter ижтимоий тармоғининг муқобили ишлаб чиқилишини эълон қилганидан сўнг, тадбиркорлар муштлашувга тайёргарлик кўра бошлади. Маск бунга жавобан Цукербергни плагиатда айблади ва уни илонвачча деб атади. Twitter вакиллари Meta компаниясини тижорат сирлари ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун судга бериш ниятида эканлигини айтишди. 

Июнь ойида Маск жанг қилишни таклиф этиб твит ёзган эди. Цукерберг таклифни қабул қилди. Рақиблар Римдаги Колизейни жанг ўтказиш мумкин бўлган жойлардан бири деб ҳисоблашди, аммо, эҳтимол, беллашув Лас-Вегасда бўлиб ўтади. Тадбирни UFC президенти Дэйна Уайт олиб боради. 

Мавзуга оид