Жаҳон | 19:00 / 09.08.2023
8833
6 дақиқада ўқилади

«Вагнер» Нигердаги беқарорликдан фойдаланишга уринмоқда» — Блинкен

Фото: Getty Images

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Нигердаги беқарорликдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен BBC нашри билан суҳбатда айтиб ўтган.

2023 йил июл ойи охирида президент Муҳаммад Базум ағдарилганидан бери Нигерни ҳарбий хунта бошқариб келмоқда.

Аввалроқ, давлат тўнтариши етакчилари, жангчилари аллақачон қўшни Малида жойлашган «Вагнер»га ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилганди.

Блинкен Нигердаги давлат тўнтаришини Россия ёки «Вагнер» уюштирган деб ҳисобламайди. Бироқ, АҚШ ушбу ҳарбий компания Саҳел минтақасининг баъзи қисмларида «ўзини кўрсатиши» мумкинлигидан хавотирда.

«Мен Нигерда содир бўлган ва юз бераётган воқеалар Россия ёки «Вагнер» томонидан уюштирилган деб ўйламайман, лекин... улар бундан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу ХҲК қаерга борган бўлса, ўша ерга унинг ортидан ўлим, вайронгарчилик ва эксплуатация келган. Хавфсизлик даражаси юқориламаган, аксинча пасайиб кетган», деган Блинкен BBC нашри билан интервюда.

АҚШ Давлат котибининг қўшимча қилишича, «Вагнер» келиши билан «улар ўзлари билан фақат ёмонлик олиб келган бошқа мамлакатларда содир бўлган воқеалар такрорланади».

Марказий Африка Республикаси ва Малида «Вагнер»нинг бир неча минг жангчиси мавжудлиги тахмин қилинади. Россия компанияси бу ерда ўз бизнес манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек, ушбу давлатларнинг Россия билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

«Вагнер» жангчилари Африканинг бир қатор мамлакатларида инсон ҳуқуқларини кенг кўламда бузишда айбланган.

Баъзи тахминларга кўра, Нигер ҳарбийлари «Вагнер»га ёрдам сўраб мурожаат қилган, чунки мамлакатга қўшни давлатларнинг ҳарбий аралашуви таҳдид қилмоқда.

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) ўтган ҳафта исёнчилар етакчиларига ултиматум қўйиб, агар ағдарилган президент Муҳаммад Базум 6 август оқшомига қадар ўз лавозимига қайта тикланмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилган эди.

Ҳарбийлар бу ултиматумни эътиборсиз қолдирди, бироқ қўшниларнинг интервенциясидан хавфсираб, мамлакат ҳаво ҳудуди ва чегараларни ёпди. Энди 10 август куни бўлиб ўтадиган йиғилишда ECOWAS ташкилоти аъзолари бундан кейин қандай ҳаракат қилишлари кераклигини ҳал этиши лозим.

7 август куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд давлат тўнтариши етакчилари билан ўзининг сўзларига кўра, «қийин ва очиқ» музокаралар ўтказди. Нуланднинг айтишича, улар (давлат тўнтариши етакчилари) ёлланма аскарлар билан ҳамкорлик қилишнинг барча хавф-хатарларини яхши тушунади.

Айни пайтда ҳибсда бўлган президент Муҳаммад Базум ҳам «Вагнер»нинг Африкадаги таъсири кучайиб бораётганидан хавотир билдирган.

«Бутун Марказий Саҳел минтақаси Украинадаги шафқатсиз террорчилик усулларини барча кўрган «Вагнер гуруҳи» орқали Россия таъсирига тушиши мумкин», деб ёзган Базум ўтган ҳафта Washington Post газетасида нашр қилинган мақоласида.

Ҳозирча «Вагнер» жангчилари Нигерга жойлашиши номаълум, бироқ компанияга яқин Grey Zone телеграм-канали 7 август куни компаниянинг 1500 га яқин жангчиси яқинда Африкага йўл олгани ҳақида хабар берди. Хабарда улар айнан қаерга йўл олганига аниқлик киритилмаган.

«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин 8 август куни телеграмда пайдо бўлган овозли хабарида хунтани унга қўнғироқ қилишга чақирган. «Биз ҳамиша яхшилик, адолат, ўз суверенитети ва ўз халқи ҳуқуқи учун курашаётганлар томонидамиз», деган Пригожин.

Нигер — йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат. Мамлакат Шимолий Африка ва Ўрта Ер денгизига асосий миграция йўлида жойлашган.

Бу давлат узоқ вақт Франция мустамлакаси бўлган ва июлдаги тўнтариш қўшни Мали ва Буркина-Фасода бўлгани каби анти-француз ва россияпараст кайфият тўлқинини келтириб чиқарди. Ушбу икки давлатда содир бўлган тўнтаришлардан сўнг улар Москва билан алоқаларини мустаҳкамлай бошлади.

ECOWAS аъзолигидан чиқарилган ушбу икки давлат Нигердаги тўнтариш раҳбарларини, бошқа Ғарбий Африка давлатлари ва уларнинг ғарблик иттифоқчиларига қарши туришда уларга ёрдам беришига ишонтириш учун Нигер пойтахти Ниамейга ўз делегацияларини юборди.

«Мен сизга эслатиб ўтмоқчиманки, Буркина-Фасо, Мали ва Нигер НАТОнинг Ливиядаги хавфли авантюрасининг салбий ... оқибатлари билан 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери шуғулланмоқда. Бир нарса аниқ: Мали президенти Гоита ва Буркина-Фасо президенти Траоре «йўқ, йўқ ва йўқ» дея аниқ айтди. Биз Нигер ишларига ҳарбий аралашувни қабул қилмаймиз», деган Мали ҳукумати расмий вакили Абдулайе Майга Нигерга ташриф чоғида.

Бу вақтда Нигер хунтаси собиқ молия вазири Али Маман Ламине Зейнни тўнтаришдан кейин мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинлади. У давлат тўнтариши пайтида Европада бўлган Маҳамада Уҳумуду ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид