Ўзбекистон | 13:43 / 10.08.2023
8409
4 дақиқада ўқилади

2022 йил Ўзбекистонда 1,8 млн тонна узум етиштирилди — ҚХВ

Ўзбекистон узум майдонлари бўйича дунёда еттинчи, ҳосилдорлик бўйича бешинчи ва экспорт кўрсаткичлари бўйича еттинчи ўринни эгаллади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон 2022 йил якунларига кўра, узум майдонлари бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

«Дунё бўйича 7 млн 300 минг гектар узумзорлар мавжуд бўлиб, 1990 йилга нисбатан 700 минг гектарга камайган. Бироқ ҳосил 77,5 млн тоннани (183,0 млрд долл) ташкил этиб, 130 фоизга ошган. 2025 йилга келиб эса 90 млн тонна ҳосил олиш прогноз қилинмоқда.

Бу ўз навбатида, дунё узумчилигида интенсив технологиялар ҳисобига ҳосилдорлик ошиб бораётганини англатади.

Узум майдони етакчи ТОП-5 мамлакатлар – Испания (955 минг га), Франция (812 минг га), Хитой (785 минг га), Италия (718 минг га), Туркия (410 минг га).

Ўзбекистонда 181 минг гектарда етиштирилган узум билан дунёда 7-ўринни эгаллади. Шундан, 85 минг га хўраки, 73 минг га кишмишбоп, 23 минг га саноатбоп узум. 2022 йилда етиштирилган жами узум ҳосили эса 1,8 млн тоннани ташкил қилган.

Ҳосилдорлик бўйича етакчи ТОП-5 мамлакатлар Ҳиндистон -  212 ц, Хитой - 176 ц, АҚШ - 173 ц, ЖАР - 166 ц, Ўзбекистон - 150 ц.

Европада асосан маҳсулот сифатига эътибор берилади ва 1 тупда 7-10 бош узум қолдирилади ва ҳосилдорлик насбатан кам, яъни Испанияда 65 ц/га, Франция 82 ц/га, Портгугалия 44 ц/га.

Энг кўп узум импорт қилувчи ТОП-7 давлатлар: АҚШ - 1,7 млрд, Нидерландия - 1,1 млрд, Германия - 745 млн, Англия - 700 млн, Хитой - 586 млн, Гонгконг - 500 млн, Канада - 420 млн ва Россия 320 млн долл.

Узум экспорти ТОП-7: Чили -1,2 млрд, Нидерландия - 984 млн, АҚШ- 926 млн, Италия -796 млн, Перу - 690 млн, Хитой - 690 млн, ЖАР - 570 млн доллар (Ўзбекистон 280 млн доллар,13-ўрин)”, – дейилади вазирлик тақдим этган маълумотда.

Шунингдек, қайд этилишича, Ўзбекистон учун бугунги кундаги асосий вазифа узум етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиб, юқори даромад олишдир. Бу учун эса албатта илм, тажриба ва инновация керак.

“4 йил аввал қабул қилинган президент қарорига асосан, 2021-2023 йилларда 48 та узумчиликка ихтисослашган туманларда 106 минг га (кластер ва фермерларда 81 минг га, аҳоли томорқасида 25 минг га) узумзор барпо этилди (75 минг га хўраки, 27 минг га кишмиш, 9 минг га саноатбоп).

Европадан 34 та янги, данаксиз узум навлари келтирилди.

Мисол учун, хўраки ва кишмишбоп навлардан Italia, Centenial Seedless, Superior Seedless, Crimson Seedless, саноатбоп навлардан Albarinho, Cabernet Sauvignon, Tempranillo, Merlot, Chardonnay, пайвандтаглар Richter 110, S04, 41-В Millardet.

Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 3 йилда 183 млрд сўм субсидия ажратилди”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бугунги кунда томчилаб суғоришга 1 гектар учун 8 млн сўм, сув чиқаришга ҳар 1 метрга 600 минг сўмдан - 120 млн сўмгача, лойиҳалашга 10 млн сўмгача, муқобил энергия ускуналари учун 100 млн сўмгача, 1 дона шпалерга 15 минг сўм, «in-vitro»да етиштирилган 1 дона кўчатга 5 минг сўм; табиий винога 5 минг сўм, майиз қуритиш ва қадоқлаш линиялари ва виночилик ускуналарини харид қилиш харажатлари учун 20 фоиз (300 млн сўмгача) субсидия берилади.

Мавзуга оид