Қора денгиз. Нима учун унинг стратегик аҳамияти жуда катта?
Узоқ вақт давомида Қора денгиз, геосиёсий нуқтайи назардан, иккинчи даражали рол ўйнайди, деб ишонилган. Бироқ, Украинадаги уруш буни ўзгартирди. Хўш, минтақада кимларнинг манфаати кесишяпти?
Россия учун ҳам, Украина учун ҳам Қора денгиз ўзига хос дунёга кириш эшиги бўлиб, унинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти жуда катта. Аммо бошқа, биринчи навбатда, НАТО давлатлари – Туркия, Болгария ва Руминиянинг Европа ва Осиё ўртасида жойлашган бу минтақада ўз манфаатлари бор. Бу манфаатлар қандай намоён бўляпти ва Россия томонидан «ғалла битими»ни бекор қилиш уларга қандай таъсир қилди?
Россия «ғалла битими»дан чиққанидан кейин Қора денгиздаги вазиятнинг кескинлашиши
Уруш шароитида Украина донини Қора денгиз портлари орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини берувчи «ғалла битими»дан Россия чиқиб кетганидан кейин Қора денгиз сувларида вазият кескинлашди. 19 июль куни Россия Мудофаа вазирлиги 20 июлдан бошлаб Қора денгиз бўйлаб Украина портларига сузиб кетаётган барча кемалар потенциал ҳарбий юк ташувчилар сифатида кўриб чиқилишини ва бундай кемаларда байроғи ўрнатилган мамлакатлар «Украина можаросида» Киев томонида деб ҳисобланишини билдирди.
20 июль куни Украина Мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. 21 июлдан бошлаб Россиянинг Қора денгиздаги портларига, шунингдек, қўшиб олинган ҳудудлардаги портларга йўл олган барча кемалар Киев томонидан «барча хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда» ҳарбий юк ташувчи сифатида кўриб чиқилади», дея таъкидлади Украина Мудофаа вазирлиги.
Россия: Қора денгиз асосий таъсир доирасидир
Россия Қора денгизни ўзининг асл таъсир доираси ҳудуди деб ҳисоблаган. Ҳатто Россия империяси мавжуд бўлган даврда ҳам, кейин совет даврида ҳам бу денгиз давлатнинг жанубий қаноти эди. Бугунги кунда Қора денгизни Москва Россия Ўрта Ер денгизи, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Жанубий Европага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган таянч нуқтаси сифатида кўрмоқда. Бу, шунингдек, Россияга Сурия ёки Ливия каби ўзи фаол ҳарбий фаолият олиб бораётган узоқроқ давлатларга кириш имконини беради. Хусусан, Суриядаги Тартусда Россия аллақачон ҳарбий-денгиз базасига эга.
Россия учун минтақадаги асосий ролни Қора денгиз флоти ўйнайди, унинг асосий денгиз базаси 1783 йилдан бери Севастополда жойлашган. 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолидаги бу шаҳар Россия учун ниҳоятда муҳим. У ерда қишда ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланишга яроқли, музсиз, чуқур сувли денгиз порти мавжуд.
Халқаро қонунларга кўра, Россия Қора денгиз соҳилларининг атиги 10 фоизига эгалик қилади. Бироқ, минтақадаги таъсирининг кенгайиши туфайли, Москва ҳозирда қирғоқ чизиғининг учдан бир қисмини амалда назорат қилади.
2008 йилда Россия Гуржистонга қўшин киритди, шундан сўнг халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан тан олинмаган, аммо Кремлга содиқ бўлган иккита республика тузилди - Абхазия ва Жанубий Осетия. Улардан биринчиси Қора денгиз соҳилида жойлашган. 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилди ва 2022 йил февралида Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин бу мамлакат жанубидаги бошқа ҳудудларни ҳам эгаллаб олди.
Қора денгиз Россия учун савдо сиёсати нуқтайи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Маҳаллий портлар орқали Москва дон, ўғит ва бошқа товарлар экспортининг катта қисмини амалга оширади. Қора денгиз орқали ўтадиган савдо йўли Россия учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, чунки у ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмаган мамлакатларга товарларни етказиб бера олади.
Украина: Қора денгиз муҳим савдо йўли ҳисобланади
Украина учун Қора денгиз портларининг тижорат аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Тинчлик даврида Украина экспортининг 50 фоиздан ортиғи мамлакатнинг энг йирик Қора денгиз порти - Одесса орқали ўтган. Бу ерда, энг аввало, июл ойи ўрталарида Россия билан ғалла бўйича келишув муддати тугагунча жаҳон бозори учун мўлжалланган ғалла ортилган.
Қора денгиз минтақаси дунёдаги энг катта озиқ-овқат экспорти йўналишларидан бири ҳисобланади. Урушдан олдин Россия ва Украина ҳиссасига жаҳон кунгабоқар ёғи экспортининг 60 фоизи, буғдой экспортининг деярли 24 фоизи ва арпа экспортининг қарийб 19 фоизи тўғри келган.
Россия ва Украинанинг Қора денгиздаги савдо кемалари учун қўшимча хавфлар ҳақидаги баёнотлари фонини таҳлил қилишда ушбу омилни ҳисобга олиш муҳимдир. Минтақадаги савдо юк ташиш интенсивлигининг пасайиши ҳар икки давлатга жиддий иқтисодий зарар келтиради. Гарчи уруш фонида Украина ўзининг экспорт йўналишларини диверсификация қилган бўлса-да - бугунги кунда Украина ғалласининг атиги 40 фоизи Қора денгиз орқали экспорт қилинади, қолган қисми эса Европа Иттифоқи орқали қуруқликдан ўтяпти. Аммо, Киев узоқ вақт давомида денгиз орқали товарлар экспорт қилишга боғлиқ бўлади.
Европа: Қора денгиз - Осиё ва Европа ўртасидаги йўлак
Европа Иттифоқи бўйича эса, Ғарб ва Шарқни боғлайдиган йўллар у учун ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Европа Иттифоқининг икки давлати - Руминия ва Болгария Қора денгизга чиқиш имкониятига эга. Брюссел Гуржистон ва Украина билан Европа Иттифоқи ассоциацияси шартномасини имзолади. Европа Иттифоқи Қора денгизни Осиё ва Европа ўртасида юк ва энергия ташувчилар учун муҳим йўлак сифатида кўрмоқда.
Европа Россия нефти ва газидан борган сари мустақил бўлишга интилаётган бир пайтда, Кавказнинг ресурсларга бой давлатлари, айниқса, Озарбойжон, тобора кўпроқ биринчи ўринга чиқиб бормоқда. Боку нефт ва газни Гуржистон ҳамда Туркия орқали Европага экспорт қилади. Ушбу Қора денгиз йўли шимолда Россияни ва жанубда Эронни четлаб ўтади, шу сабабли икки давлатга нисбатан қаттиқ иқтисодий санкциялар қўйган европаликлар учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, НАТО ҳам Қора денгизда муҳим хавфсизлик манфаатларига эга. 1997 йилдан бошлаб Россиянинг Украинага қарши уруши бошлангунга қадар Шимолий Атлантика альянси ҳар йили ушбу ҳудудда кенг кўламли машқлар ўтказди. Бироқ, НАТОга аъзо бўлган учта давлатнинг ҳарбий-денгиз кучлари доимий равишда бу ерда мавжуд: Болгария, Руминия ва Туркия. Бу Туркиянинг Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига чиқишнинг ягона йўллари - Босфор ва Дарданел бўғозлари устидан тўлиқ суверенитетини кафолатлайдиган 1936 йилдаги Монтрё конвенцияси билан боғлиқ. 2022 йил февраль ойида Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг, Туркия бу бўғозларни нафақат Россия, балки барча ҳарбий кемалар учун ёпиб қўйди, бунинг натижасида Қора денгиздаги денгиз кучларининг мувозанати бугунги кунгача сақланиб қолди.
Туркия: манфаатлар мувозанатини сақлашга интилиш
Шу тариқа, Туркия ҳозирда асосий геостратегик позицияни эгаллайди, чунки у Қора денгизга чиқишни назорат қиляпти, бу халқаро шартномалар билан кафолатланади. Анқара НАТОнинг Қора денгиз минтақасидаги энг муҳим ҳамкори ҳисобланади ва ўзини Марказий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқ ўртасидаги савдо маркази сифатида кўради.
Туркия минтақада НАТО олдида етакчи ролни эгаллашдан жуда манфаатдор. Айни пайтда, Россия билан алоқалар ҳам Анқара учун алоҳида аҳамиятга эга. Анқарада ҳам, Москвада ҳам Қора денгиз устувор манфаатлар зонаси саналади ва Туркия Қора денгиз минтақасида ўнлаб йиллар давомида ривожланган кучлар мувозанати имкон қадар сақланиб қолишини диққат билан кузатмоқда.
Монтрё конвенцияси Анқарага бошқа ўйинчилар, жумладан, НАТОнинг Қора денгиз минтақаси ишларига аралашишига йўл қўймаслик ҳуқуқини беради. Бу, ўз навбатида, Москвага қўл келади.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024