Жаҳон | 11:36 / 15.08.2023
9811
2 дақиқада ўқилади

Херсон области ўққа тутилиши оқибатида етти киши ҳалок бўлди

Қишлоқлардан бирида беш кишидан иборат оила аъзолари ҳалок бўлган, қурбонлардан бири янги туғилган чақалоқ эди.

Фото: Игорь Клименко

Херсон области 13 август куни ўққа тутилиши оқибатида етти киши ҳалок бўлди, қурбонларнинг икки нафари болалар, шунингдек 13 киши яраланган. Област маъмурияти раҳбари Олександр Прокудиннинг сўзларига кўра, Россия қўшини регионни кун давомида 83 бор ўққа тутиб, жами 400 снаряд учирган, шундан 23 таси Херсон шаҳрига келиб тушган. 14 август куни регионда қурбонлар хотирасига мотам эълон қилинди.

Широкая Балка қишлоғида 13 август тонгида беш кишидан иборат оила ҳалок бўлди. Ўққа тутиш вақтида икки эркак ва бир аёл шунингдек туғилганига 23 кун бўлган чақалоқ ҳалок бўлган. Кўп ўтмай унинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилган 12 ёшли акаси ҳам жон берган.

Херсон областида зарба оқибатлари. Фото: Игор Клименко

Қўшни Станислав қишлоғида зарбалар оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган яна бир аёл яраланган. Қурбонлар орасида — христиан черкови пастори Николай Тачишвили ҳам бор. Бешта хусусий уй вайрон бўлган ва шикастланган.

«Суспильне» телеканалига кўра, Херсон областида 13 август куни қуйидаги аҳоли яшаш манзиллари ҳам зарбага учраган:

Велетенске — 28 ёшли йигит оғир яраланган;
Камишани — 49 ёшли киши ва 51 ёшли аёл яраланган;
Золотая Балка — 61 ёшли аёл яраланган;
Херсон — уч киши яраланган, уларнинг икки нафари оғир аҳволда;
Новокаири — 61 ёшли киши яраланган;
Белозерка — икки киши яраланган;
Одрадокаменка — авиазарба оқибатида бир неча уй вайрон бўлган.

Херсон областида зарба оқибатлари. Фото: Игор Клименко

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён, Украина прокуратураси маълумотларига кўра, 500 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. 14 август тонгидаги маълумотларга кўра, Украинада уруш қурбони бўлган болалар сони 502 нафарга етган. Украина бош прокурори офисидагилар бу якуний маълумотлар эмаслигини қайд этган.

Мавзуга оид