Жаҳон | 15:43 / 20.08.2023
24996
9 дақиқада ўқилади

«Уотергейт иши»: АҚШ тарихидаги энг шов-шувли сиёсий можаро ҳақида

1972 йилда АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловида Ричард Никсон қайта сайланади. Бироқ унинг президентлиги узоққа чўзилмади. Бунга «Уотергейт иши» деб ном олган можаро сабаб бўлди. Президент истеъфоси билан якунланган сиёсий можаро қандай келиб чиққанди? 

Ҳаммаси нимадан бошланади?

«Уотергейт» — АҚШ пойтахтидаги бинолар мажмуаси. У ерда меҳмонхоналар, квартиралар, дўконлар ва офислар жойлашган. 1972 йил 17 июн куни полиция Демократик партия штаб-квартираси жойлашган Вашингтондаги ушбу мажмуага яширин тарзда кирган беш кишини ҳибсга олади. Уларнинг ёнидан иккита кичкина микрофондан ташқари бинога кириш учун калитлар тўплами ва 5300 доллар нақд пул топилади. 

Ўтган асрнинг 70-йилларидаги «Уотергейт мажмуаси». Фото: Марион С. Трикоско

Тергов давомида ҳибсга олинганлардан бири Жеймс Маккорд президент Ричард Никсоннинг сайлов комиссияси ходими экани, шунингдек, у яқин ўтмишда Марказий разведка бошқармасида фаолият олиб боргани аниқланади. Қолганлари эса Майамидан келган кубалик муҳожирлар эди.  

Босқинчилар эшитиш мосламаларини ўрнатишга, шунингдек Демократик партиянинг муҳим ҳужжатларини ўғирлаб олиб нусхалашга уринган. Баъзи маълумотларга кўра, улар президент Никсоннинг сиёсий рақиби, Демократик партиядан президентликка номзод Жорж МакГоверннинг ёзишмаларини суратга олишган. Ишни тергов қилиш ФҚБ директори ўринбосари Марк Фелт бошчилигидаги махсус тузилган гуруҳга топширилади.

Босқинчилик дастлаб якка тартибдаги ҳодиса сифатида қабул қилинган, аммо кейинги текширувларда Президентни қайта сайлаш қўмитаси (CRP) аъзолари ва Никсон маъмуриятидаги юқори мартабали амалдорлар томонидан амалга оширилган кенг қамровли ноқонуний ҳаракатлар тўри аниқланади. Шундай қилиб калаванинг учи Оқ уй томонга етаклар эди.

Қайд этилишича, 1972 йил 27 январда Президентни қайта сайлаш қўмитасининг (CRP) молиявий маслаҳатчиси Гордон Лидди, CRP раиси вазифасини бажарувчи Жэб Стюарт Магрудер, бош прокурор Жон Митчел ва президент маслаҳатчиси Жон Дин Демократик партияга қарши кенг қамровли ноқонуний фаолиятни амалга ошириш режасини ишлаб чиқади. Дастлаб, бу режа реаликка тўғри келмаслиги ва мураккаб иш экани таъкидланади. Икки ой ўтгач, режанинг қисқартирилган версияси тасдиқланади, жумладан, Вашингтондаги «Уотергейт» мажмуасидаги Демократик миллий қўмитанинг штаб-квартирасидаги сайловолди ташвиқот ҳужжатларини суратга олиш ва телефонларга тинглаш мосламаларини ўрнатиш.

Шу тариқа, президент Ричард Никсоннинг истеъфосига сабаб бўлган можаро бошланди. Бу Америка ички сиёсати тарихидаги энг шов-шувли воқеа эди.

«Уотергейт иши» дастлаб Ричард Никсоннинг сиёсий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва 1972 йил ноябрида у АҚШнинг 37-президенти сифатида қайта сайланади.

«Тўртинчи ҳокимият»нинг таъсири

1972 йил октябр ойида Марк Фелт Washington Post газетаси мухбирлари Боб Вудворд ва Карл Бернштейн билан яширинча учрашиб, Оқ уйнинг 1972 йилги «Уотергейт» сайлов кампаниясидаги иштироки ҳақида суҳбатлашади. Шундан кейин Washington Post биринчи бўлиб «Уотергейт можароси» бўйича бир қатор тергов материалларини нашр этади. Мақолаларда Оқ уйнинг «Уотергейт»га алоқаси борлигига шама қилина бошланади. Марк Фелт эса тунги қўнғироқлар ва автотураргоҳдаги махфий учрашувлар орқали тергов жараёнида тўпланган маълумотларни сиздира бошлайди.

Фотo: The Washington Post

Washington Post мухбирлари Адлия вазирлиги, ФҚБ, МРБ ва Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдорлари босқин ҳақидаги маълумотларни яширишга уринaётганини аниқлайди. Никсоннинг қайта сайланиш кампанияси ҳисобчиси Жуди Ҳобек Миллердан интервю олинди. У нотўғри ишлатилган маблағлар ва йўқ қилинган ёзувлар ҳақида маълумотларни очиқлайди. 

Америкалик тадқиқотчи Самуэл Ҳантингтон 70-йилларда ташкил этилган Уч томонлама комиссия учун қилинган ҳисоботида шундай деб ёзган эди: «Никсон маъмурияти давридаги энг драматик ички сиёсий можаролардан иккитаси – Пентагон ҳужжатлари ва «Уотергейт иши»нинг очилишида мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари катта аҳамият касб этди. Америка тарихидаги ҳеч бир институт, гуруҳ ёки институтлар бирлашмаси сайланганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган президентни лавозимидан узоқлаштиришда ОАВ каби муҳим ролни бажармаган».

Текширувлар ва суд жараёни бошланиши

1973 йил январ ойида тингловчи аппаратлар ўрнатишга уринишда гумон қилинган шахслар устидан суд иши бошланади. Мазкур воқеа Америка учун жуда аянчли эди. Деярли барча «Уотергейт» бўйича судни кузатган. Кўчада кетаётган одамлар ҳам ойналар ортидаги телевизорларга тикилиб қолган. Суд зали эса доим тўла бўлган.

«Уотергейт иши» бўйича суд жараёни. Фото: Getty Images

Суд жараёнида айбланувчилар ва амалдаги президент Никсоннинг иккинчи муддатига қайта сайланиш қўмитаси ўртасида боғлиқлик аниқланади. Никсоннинг ишончли одами Гордон Лидди Демократик партия миллий қўмитаси штаб-квартирасига махфий равишда киришда айбдор деб топилади ва 4 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Никсон ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни истаганига қарамай, можаро авж олишда давом этади. Суд жараёнида 21 киши турли жиноятларда, жумладан, президентнинг яқин маслаҳатчилари, АҚШ бош прокурори ва Никсоннинг сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича директори айбдор деб топилади. Бунга параллел равишда демократлар ташаббуси билан республикачилар маъмуриятининг бошқа мансабдор шахслари фаолиятига оид қатор текширувлар бошланади.

1973 йил апрел ойида Оқ уйнинг «Уотергейт можароси»га алоқадорлиги ошкор этилиши ортидан президент маъмурияти раҳбари Боб Ҳалдеман, президентнинг ички сиёсат бўйича маслаҳатчиси Жон Эрлиҳман ва АҚШ бош прокурори Ричард Клендинст истеъфога чиқишга мажбур бўлишади. Бир йил ўтгач, учаласи ҳам «Уотергейт воқеаси» терговига тўсқинлик қилиш учун фитна уюштирганликда айбдор деб топилади ва турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

1973 йил июл ойида Сенатнинг ҳуқуқий ишлар бўйича қўмитаси Оқ уй «Уотергейт» меҳмонхонасидаги воқеа билан бевосита боғлиқ суҳбатларни ёзиб олганини аниқлайди.

Никсоннинг истеъфоси

1974 йил феврал ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Никсонга импичмент жараёнини бошлашга қарор қилади. АҚШ Олий суди Никсондан кассеталарни прокуратурага топширишни талаб қилади. Аммо амалдаги президент буни рад этади.

Ричард Никсон

1974 йил июлда Олий суд бир овоздан Оқ уй президент ва унинг яқин доиралари ўртасидаги суҳбатлар ленталарини АҚШ Конгрессидаги терговчиларга топшириши кераклиги тўғрисида қарор чиқаради. 1974 йил 5 августида Никсон Конгрессга офисдаги суҳбатларининг ленталарини беради. Улардан маълум бўлишича, Оқ уй раҳбари жиноятни яшириш билан шуғулланган ва икки йил давомида ёлғон маълумот бериш орқали тергов жараёнига аралашишга уринган.

1974 йил 9 августда Никсон Сенат қарорини кутмасдан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқади. Бу АҚШ тарихида президент ўз вазифасидан воз кечган ягона ҳолатдир.

«Курашдан чекинадиган одам эмасман. Лавозимни эрта тарк этиш мен учун жуда оғир, лекин президент сифатида Америка манфаатларини олдинги ўринга қўйишим керак», деган Никсон телекамералар қаршисида.

«Уотергейт» воқеалари ортидан 40 га яқин ходим лавозимини суиистеъмол қилганликда айблади. Улардан 25 нафари қамоқ жазосига маҳкум этилади. Никсон терговни бости-бости қилишга, терговчиларга ёлғон маълумот беришга ҳаракат қилган. Бу Оқ уй архивида сақланган аудиотасмалар орқали ўз исботини топади. Орадан бир неча йил ўтиб, собиқ президент АҚШ халқи олдида қилган хатолари учун кечирим сўраган.

Никсондан сўнг АҚШ президентлигига келган Жералд Форд уни афв этади. Бу қарор катта шов-шувга сабаб бўлган. «Уотергейт иши» сайлов кампаниясини молиялаштириш қонунларини қайта кўриб чиқишга туртки берди, натижада сайлов кампаниясига бадаллар ва харажатларни тартибга солиш учун Федерал сайлов комиссияси (FЕC) ташкил этилди. Бундан ташқари, Конгресс ҳукуматдаги шаффофлик ва жавобгарликни ошириш учун кенг қамровли ахлоқ қонунчилигини қабул қилади.

Мавзуга оид