Жамият | 19:31 / 23.08.2023
25466
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини товуқлар остига яширган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳри ва Наманган шаҳарларида ўтказилган тадбирларда жами 477 дона «Мидакс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни товуқлар остига яширган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида олдиндан кузатувга олинган шахс ўтирган Lacetti автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, автомашина салонининг орқа ўриндиғидаги қоғоз қутида турган товуқлар тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортган. Текширув давомида паррандалар остига буғдой кепаги билан ниқоблаб яширин бўлма ҳосил қилингани ва уларнинг ичига 241 дона «Мидакс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилгани маълум бўлган.

Мазкур қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир Наманган шаҳрида давом эттирилиб, фуқаролардан бирининг яшаш хонадони ва ёрдамчи хоналари кўздан кечирилган. Кўздан кечириш давомида бу ерда истиқомат қилувчи шахс 1 дона қоғоз қутида 236 дона «Мидакс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўз ихтиёри билан тақдим этган.

Иккала ҳолатда ашёвий далил сифатида олиб қўйилган, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 477 дона дориларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 143 миллион сўмдан ошмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид