Ўзбекистон | 12:51 / 24.08.2023
10992
4 дақиқада ўқилади

“Наманган шаҳрида аҳоли 1 миллионга яқинлашган, аммо 4 та туғуруқхона фаолият юритмоқда” – Сенат раиси

Сенат ялпи мажлисида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қилинган ишлар ҳамда вазифалар юзасидан олиб борилган ўрганишларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, Наманган шаҳрида соғлиқни сақлаш йўналишида камчиликлар борлиги таъкидланди.

Фото: Senat.uz

Маълум қилинишича, бугунги кунда Наманган шаҳрида 750 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника фаолият юритаётган бўлиб, шаҳарнинг 356 минг нафардан ортиқ аҳолисига бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатиб келинмоқда. Бироқ тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан маблағ ажратилиб, унинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб келинаётган бўлишига қарамасдан мазкур марказий поликлиника биноси сўнгги 10 йилда умуман капитал таъмирланмаган, реконструкцияга муҳтож, эшик-ромлари эскирган, иситиш тизими таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Поликлиникани реконструкция қилиш масаласи Наманган вилояти 2024-2026 йиллар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилиб, халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарори билан маъқулланган. Мазкур масала Сенат ишчи гуруҳининг Наманган вилоятида олиб борган ўрганишлари чоғида депутатлар томонидан кун тартибига қўйилган.

Наманган вилоятига сафаримиз давомида ҳудуд фаоллари ушбу масалани кўтарди. Қолаверса ўзимиз ҳам бевосита объектни кўздан кечирдик. Бино ҳақиқатан ҳам таъмирга муҳтож.

Шу билан бирга мазкур йўналишда Наманган шаҳри аҳолиси учун алоҳида перинатал марказ ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган эди. Маълум бўлишича, бугунги кунда Наманган шаҳар аҳолиси сони 1 миллионга яқинлашган. Шаҳарда бор-йўғи 4 та туғуруқхона фаолият юритмоқда. 250 ўринли вилоят перинатал маркази ҳам шу ҳисобда.  

Бироқ шаҳар аҳолиси, жумладан туғиш ёшидаги аёллар сони муттасил ўсиб бормоқда. Ўтган йилда шаҳарда умумий туғуруқлар сони 20 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида салкам 12 мингтага етган. Булар орасида эрта туғуруқлар ҳам бор. 

Айнан эрта туғуруқлар сонининг кўплиги, қолаверса, шаҳар болалар шифохонасидаги неонотология (кам вазнли чақалоқларни парвариш қилиш) бўлими ортиқча юклама билан ишлаётгани сабабли шаҳар туғуруқ комплекси негизида алоҳида перинатал марказ ташкил этиш таклифи билдирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалани атрофлича ўрганиб, хулоса бериши зарур. Тўғри, шаҳар ҳудудида вилоят перинатал маркази ҳам жойлашган. Лекин сиғим жиҳатдан бугунги талабга жавоб берадими, деган савол туғилади. Юқорида айтганимдек, эҳтиёж йилдан йилга ўсиб бормоқда. Аниқ, объектив ҳолатни тўлиқ очиб берадиган хулоса керак.

Айнан эрта туғуруқлар сонининг кўплиги, қолаверса шаҳар болалар шифохонасидаги неонотология (кам вазнли чақалоқларни парвариш қилиш) бўлими ортиқча юклама билан ишлаётгани сабабли ҳам шаҳар туғуруқ комплекси негизида алоҳида перинатал маркази ташкил этиш зарур. Лекин, мана шундай перинатал марказларини ташкил қилиш масалалари асоратли туғруклар ва ногиронликни олдини олиш учун ўрни ниҳоятда катта. Айнан мана шу масала давлатимизда катта устивор йўналиш этиб белгиланган. Шунинг учун перинатал марказларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас”, дея таъкидлаб ўтган Танзила Норбоева.

Сенат раиси ушбу объект 2024 йилдаги республика ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилиши масаласи ижобий ҳал этилиши мақсадга мувофиқлигини билдирган.

Мавзуга оид