Жаҳон | 19:13 / 25.08.2023
29000
3 дақиқада ўқилади

«Москва яқинида тўхтаб ўзига ўлим ҳукми чиқарганди» – Зеленский офиси Пригожин ўлими ҳақида

Украина президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин июн ойидаги ҳарбий исёни сабаб ўлдирилган деб ҳисоблайди.

Hennadii Minchenko / Укринформ / SIPA / Scanpix / LETA

Подоляк Россиянинг «Медуза» мустақил нашри билан суҳбатда Пригожиннинг ўлимига муносабат билдирган.

«Авиаҳалокат Россия ички сиёсатида янги давр бошланганидан далолат. Жуда кўп ўлимлар қайд этиладиган ноаниқ давр. Пригожиннинг ҳалокати ва кейинчалик бўлажак кескинликлар сабаби кўп.

Биринчидан, июндаги исён Путинни жуда қўрқитиб юборди. Иккинчидан, Пригожин Москвага 200 км қолганида тўхтаб, кейин кутилмаганда ортга қайтганида ихтиёрий тарзда ўзига ўлим ҳукми чиқарганди.

Путин ўзидаги қўрқув ҳисси ўлароқ ҳеч кимни кечирмайди, бу имконсиз нарса. [Пригожиннинг] бу қадар ошкорона йўқ қилиниши Путинни ишончсизлик ва асабийлик қуршаб олган бир вақтда Россиядаги элита вакилларини «ўзникилар»ни аямай ўлдириш даври келганидан огоҳлантиради», дейди Подоляк.

Зеленский офиси вакилининг сўзларига кўра, Пригожиннинг ўлими Ғарб элитасига ҳам сигнал ва бу Путин «қаттиқ қўрқишни уддалаши»дан далолат.

«У обрўсизланишни, Украинани мақташ орқали камситилишни, Халқаро жиноят суди ордери ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни кечира олмайди. Шу сабаб урушни нотўғри тугатиш, муросали вариантлар, навбатдаги Минск келишуви – бўлмағур ва муаммоли нарсалар. Уларнинг оқибати яхши бўлмайди. Путин қасос олади.

Ниҳоят, бу Россия армиясига ҳам сигнал. Яъни, уларга ҳеч қандай «қаҳрамонлар» йўқлиги, ҳар қандай сотқинлик ўлим билан тугаши, армиянинг асосий вазифаси ўлдириш, ўлиш ва Путинни қўрқитмаслик экани уқтирилди», деган сиёсатчи.

Подоляк «Медуза» билан суҳбатда Росавиация Пригожин самолётда бўлганини жуда тез тасдиқлаганига эътибор қаратган. Бу нарсага россиялик журналистлар ҳам урғу берганди.

«Одатда авиаҳалокатдан кейин бортда ким бўлганини аниқлаштиришга бир муддат вақт кетади. Шундай экан, бу ерда икки тахмин бор: ёки сотқинлик ўлим билан тугашини кўрсатиш учун ҳаммаси ўйланган ва онгли равишда эълон қилинган. Ёки ички протоколга зид тарзда ҳолатга ҳайратланарли даражада тез реакция билдиришган», деган Подоляк.

Маълумот учун, Евгений Пригожинга тегишли самолёт 23 август куни соат маҳаллий вақт билан 19:30 лар атрофида Твер областида ҳалокатга учраган, кўп ўтмай бортда «Вагнер» асосчисининг ўзи ҳам бўлгани айтилганди. Россия президенти Владимир Путин авиаҳалокатда ўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдириб, Пригожиннинг қандай одам бўлгани ҳақида гапиргани «Вагнер» асосчиси ўлимининг расман тасдиқланиши деб қабул қилинди.

Путиннинг собиқ ошпази Евгений Пригожин Россиянинг Украинага босқинида фаол қатнашган ва «Вагнер» билан кўплаб шаҳарларда жанг қилган, хусусан, Бахмутни эгаллаб олганди.

Мавзуга оид