Украинанинг асли булунғурлик янги мудофаа вазири. У ҳақда нималар маълум?
Олексий Резников ўрнига Украина мудофаа вазири лавозимини эгаллаган Рустем Умеров — «Қрим лоббисти» ва Россияга симпатияси бор шарқ мамлакатлари билан алоқаларга эга ҳисобланади. Вазирлик раҳбарлигига нега айнан у танланди?
Украинада мудофаа вазирлиги раҳбари ўзгарди. Вазирлик билан боғлиқ коррупция можаролари фонида Олексий Резников истеъфога чиқди. Рустем Умеров янги мудофаа вазирига айланди — у мусулмон ва қрим татарлар ҳуқуқлари учун курашчи; ҳарбий тажрибага эга эмас, лекин Россия билан тинчлик музокараларида (музокараларнинг раундларидан бирида уни заҳарлашга уринишгани тахмин қилинади) қатнашган Туркия ва араб дунёси мамлакатлари билан алоқаларга эга ҳисобланади. «Медуза» унинг биографиясини ўрганди, шунингдек у ҳақда Украинадаги манбалари билан гаплашди.
«Қрим лоббиси» вакили
Рустем Умеров 41 ёшда. У 1982 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманида Қримнинг Алушта шаҳридан сургун қилинган мусулмон муҳожирлар оиласида туғилган. Қрим татарлар оиласи Қримга фақат 1980-йиллар охирида қайтган.
Умеров иқтисодиёт соҳасида таҳсил олган. 2004 йилда Украинанинг Lifecell мобил алоқа операторида менежмент соҳасида фаолиятини бошлаган, 2010-йилларда инвестиция бизнесига ўтган. Аввалига — ICG Investments ва iCapital компанияларида бошқарувчи директор сифатида ишлаган, кейин — акаси Аслан Умар Қримли билан биргаликда очилган Astem инвесткомпаниясини бошқарган. Бу ташкилот коммуникациялар, информацион технологиялар ва инфратузилмалар соҳасидаги инвестициялар билан шуғулланган.
Ака-укалар Стэнфорд университетида Ukrainian Emerging Leaders дастури донорларидан бири бўлган Astem Foundation фондига ҳам асос солишган. У украиналик жамоат ва сиёсат арбобларини, ҳуқуқшунослар, бизнесменлар ва ижтимоий тадбиркорларни тайёрлаган, дейилади Украинанинг New Voice нашри хабарида.
2007 йилда Умеров қрим татар халқининг Украинадаги манфаатларини ифода этувчи «Қрим татарлар жамияти» жамоат ташкилоти асосчиларидан бири бўлади, 2007 йилдан 2019 йилга қадар Мустафо Жемилевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлайди.
2012 йилда Умеров Қрим халқаро бизнес уюшмаси ҳаммуассиси ва бошқарув кенгаши аъзоси бўлади, 2021 йил ёзида «Қрим платформаси» уюшмаси ҳамраиси этиб сайланади. «Биз „Қрим платформаси“ни таъсис этдик — бу халқаро формат доирасида биз Украина Қримининг тақдирини муҳокама қиламиз», — деганди у.
«Россия пропагандачилари мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларини оқлаш учун украин халқини этник гуруҳларга бўлиш ҳақидаги чўпчакни ўйлаб топишди. Биз [Украинада] миллатимиз ёки динимизга нисбатан ҳеч қандай шовинизм ёки исломофобияни ҳис қилмаймиз», —деганди кейинроқ Умеров Иорданиянинг AmmanNet сайтига берган интервюсида.
Украина ҳукуматидаги Умеровга таниш бўлган манба «Медуза»га айтишича, «Рустем — қрим татар элитасининг ёш авлоди вакилидир»: «Украина ҳукумати ва бизнесидаги бу йигитларнинг боболари ва оталари ўз халқи ҳуқуқлари учун курашган. Масалан, Мустафо Жемилев каби».
Манбанинг қўшимча қилишича, Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарова, Украина президентининг Қрим бўйича вакили Тамила Ташева, шунингдек мудофаа вазирлигидаги яна бир неча кишилар ҳам шу авлодга мансубдир. «Бу Қрим ва „Қрим платформаси“нинг ўзига хос лоббисидир — улар Қрим ҳамиша Украина таркибида бўлиши учун курашишади. Бу унинг [Рустем Умеровнинг] ҳаёти ва фаолиятининг муҳим қисмидир», — дейди у.
Туркия ва араб мамлакатлари билан музокарачи
Кенг кўламли уруш бошланганидан кейин, 2022 йил баҳорида Умеров Беларус ва Туркияда бўлиб ўтган Россия-Украина музокараларида қатнашган. Масалан, у 2022 йил 29 мартида Истанбулда ўтган учрашувда бор эди, ўшанда Киев Москвага тинчлик келишувида Қрим бўйича позициясини қайд этишни таклиф қилганди.
Турк тилини яхши билгани ва Туркия билан алоқалари Умеровга Анқара тез-тез воситачи ва платформа бўлиб келган Россия билан музокараларда қўл келди, дейди нашрнинг Украина кучишлатар тузилмаларига яқин манбаси. Унинг сўзларига кўра, Умеров Туркия ТИВ раҳбари (ўтмишда эса Туркия разведкаси раҳбари бўлган) Ҳоқон Фидан билан яхши алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлган.
Умеровнинг турк сиёсатчилари билан алоқалари ҳақида «Медуза»нинг Украина ҳукуматидаги манбаси ҳам тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, сиёсатга кириб келишидан олдин Умеров Туркиянинг Turkcell компаниясида инвестиция бўйича маслаҳатчилик қилган (Turkcell — Туркиядаги энг йирик мобил алоқа оператори; у Украинадаги Lifecell компаниясини ҳам ўз ичига олади, Умеров эса ўз фаолиятини айнан шу компания менежментида бошлаганди).
Музокаралар вақтидаги заҳарланиш воқеаси
Россия делегацияси билан учрашувлардан бири вақтида, 2022 йил мартида, Умеров заҳарлангани тахмин қилинади. Bellingcat лойиҳасига кўра, бу 2022 йил 3 март куни кечқурун ўтказилган музокаралар раундида рўй берган. Ўшанда, тахминларга кўра, музокараларда норасмий равишда иштирок этган россиялик олигарх Роман Абрамович ҳамда жараённинг шахси ошкор этилмаган яна бир иштирокчиси ҳам заҳарлангани айтилади.
«Ўша кечанинг ўзида музокарачилар гуруҳининг уч аъзоси Киевдаги квартирага қайтиб келишди ва биринчи аломатларни бошдан кечиришди, жумладан кўз ва тери яллиғланиши ҳамда кўзда қаттиқ оғриқ», — дейишган суриштирувчи журналистлар. Американинг The Wall Street Journal газетаси ҳам музокараларнинг уч нафар иштирокчисида заҳарланишнинг шу каби аломатлари кузатилгани ҳақида ёзган.
Экспертлар бу аломатлар, катта эҳтимол билан номаълум кимёвий қуролдан заҳарланиш оқибати бўлган, деган хулосага келишган. Аммо заҳарланишнинг аниқ сабабини айтиш имконсиз — воқеа жойида махсус лаборатория қурилмаси бўлмаган. «Экспертларнинг таъкидлашича, қўлланган токсин дозаси ҳаётга хавф туғдирадиган зарар етказиш учун етарли бўлмаган ва катта эҳтимол билан, мақсад жабрланувчиларга ўнглаб бўлмас даражада зарар етказиш эмас, балки уларни шунчаки қўрқитиб қўйиш бўлган», — дея ёзган Bellingcat.
Аввалига Умеров ўзининг заҳарланиш фактини тан олмайди, аммо кейинроқ билвосита тасдиқлаган. «Айни вақтда барчаси яхши, қийинчиликлар йўқ. Мен аллақачон ишдаман. Қайсидир паллада нимадир бўлди, мен ўзимга ташхис қўя олмайман ёки шахсий фикримни билдира олмайман, масала жуда нозик», — деганди у 2022 йил апрелида Украинанинг New Voice нашрига берган интервюсида, аммо тафсилотларни очиқламаган. Заҳарланганидан сўнг Умеров музокарачилар сафини вақтинча тарк этган, деб ёзади Россиянинг «Агентство» нашри музокараларнинг бошқа иштирокчисига таянган ҳолда.
Бундан ташқари, Украинадаги Forbes нашрига кўра, 2023 йил мартида Умеров биринчи леди Елена Зеленскаяга Бирлашган Араб Амирликларига сафар чоғида ҳамроҳлик қилган, май ойида эса — Володимир Зеленскийнинг Саудия Арабистонига сафарига бирга борган. Умеров Украина президентининг 2023 йил июлида Саудия Арабистони ҳукумати вакиллари билан учрашувини ташкил этишда ҳам иштирок этган.
Бу алоқалар Умеровга президент офиси ва унинг раҳбари Андрей Ермакка Яқин Шарқ ва Глобал Жануб билан ишлаш бўйича стратегияни қуришда ёрдам беради, дейди Умеров билан таниш бўлган украиналик мулозим: «Рустемнинг хизматлари туфайли Украина учун ўта муҳим ишлар бўлиб ўтди. Булар асирларни алмашиш, жумладан, азовчиларимиз тақдиридаги иштироки, шунингдек президент Зеленскийнинг Араб давлатлари лигаси саммитида [2023 йил 19 май] иштирок этишини таъминлаш — бу Украина тарихида биринчи бор бўлганди. Россиянинг бу мамлакатларга таъсир даражасини тушунамиз — шунга қарамай, президентнинг ундаги иштироки бўлиб ўтди». Айнан Умеров Украинанинг мусулмон дунёси билан икки томонлама алоқалари ўрнатилишида муҳим рол ўйнайди, дея қайд этади у.
Украинанинг «Бабел» нашри ёзишича, Умеров «ғалла келишуви» бўйича музокараларда ҳам қатнашган.
«Медуза»нинг Украина кучишлатар тузилмаларига яқин суҳбатдоши тасдиқлашича, Умеров ўтган йил сентябридаги йирик асирлар алмашинуви жараёнида Саудия Арабистонига учиб борган. Ўшанда Туркия ва Саудия Арабистони воситачилик қилганди. Бу жараён доирасида азовчиларнинг қўмондонлари ва хорижлик ёлланма жангчилар асирликдан озод этилганди.
Умеровнинг асирлар алмашиш жараёнидаги ўрни ҳақида Украинадаги «Коррупцияга қарши курашиш маркази» жамоат ташкилоти раҳбари Виталий Шабунин ҳам ёзган. «2022 йил февралидан буён Умеров — ҳарбий асирларни озод қилиш бўйича ёпиқ музокаралар олиб борувчи гуруҳнинг муҳим аъзосидир — бизникилардан икки мингдан ортиқ киши, жумладан „Азовстал“ жангчилари озод этилган», — дея қайд этган у.
Умеровнинг тайинланиши Киевнинг урушга бугунги кундаги ёндашуви ҳақида кўп нарсани англатади, деб ҳисоблайди Украина ҳукуматидаги манба. Бир томондан, бу Қрим Украина учун нақадар муҳимлигини кўрсатади. Сўнгги вақтларда Украина урушни тугатиш учун ҳудудларининг бир қисмидан воз кечишини таклиф қилаётганлар пайдо бўлмоқда. Бундай таклиф билдирувчиларга мудофаа вазирини рўпара қилиш мумкин. Бошқа томондан — Умеров — халқаро платформаларда Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»нинг энг фаол промоутерларидан (тарғиботчиларидан) бири, дея давом этади у.
Зеленский G20 давлатлари етакчиларига «тинчлик формуласи»ни 2022 йил ноябрида тақдим этганди. Унда ўнта тамойил ўрин олган: ядровий, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги; «барчани барчага» формуласи бўйича асирлар алмашуви; 1991 йилги чегаралар доирасида Украина яхлитлигини тиклаш; Россия қўшинларини олиб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш; Россия бўйича трибунал ташкил этиш; табиатни муҳофаза қилиш ва келгуси эскалацияларга йўл қўймаслик — ва уруш якунлангани ҳақида ҳужжатни имзолаш. «Тинчлик формуласи» Украина президенти офиси томонидан ТИВ иштирокида тузиб чиқилган. Рустем Умеров уни халқаро майдонларда тарғиб этиш бўйича ёрдам берган.
«Украинанинг янги мудофаа вазири — яхши дипломат. У бошқа мамлакатларни Украинанинг „тинчлик формуласи“га фаоллик билан жалб этади. Биринчи навбатда, урушдаги позициясини ҳали аниқлаштириб олмаганлар учун, — бу Глобал Жануб, араб дунёси, Африка ва Осиё», — дейди нашр билан суҳбатлашган украиналик сиёсатчи. «Унисини ҳам, бунисини ҳам мен Россия учун яхши янгилик деб билмайман», — дея хулоса қилади у.
«Касса йиғадиган» «кучли бошқарувчи»
2019 йилда Умеров мухолифатчи Святослав Вакарчук томонидан асос солинган «Голос» партиясидан Олий рада депутати этиб сайланади. Парламентда у иқтисодиёт ва миллий озчилик масалалари билан фаол шуғулланади, ўнлаб қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида қатнашади.
2022 йил 7 сентябрида Рада Умеровни давлат активларини хусусийлаштириш, ижарага бериш ва фойдаланишга масъул агентлик — Давлат мулклари жамғармасига раҳбар этиб тайинлайди. «[Давлат мулклари жамғармасига] раҳбарлик қилиш таклифи президентдан ҳарбий асирлар ва қуроллар бўйича ҳисобот топшириш чоғида бўлди», — деганди Умеров 2022 йил октябрида Украинанинг Forbes нашрига берган интервюсида.
Рустем Умеров фонддаги асосий мақсадларидан бири сифатида уруш ҳолатидаги Украинага кўпроқ хорижий инвестициялар жалб қилиш эканини айтган. «Умеров — тизим қандай ишлаши ва бу тизимни қандай қуриш тўғри эканини тушунадиган кучли бошқарувчи. Фонд бошқарувидаги бир йил давомида у катта натижаларга эришди, бу ерда аввалги ўн йилликларда бўлмаган назорат- касса машинасини яратди, — кўп жиҳатдан ўзининг бизнес ёндашуви эвазига. Яхши инвесторларни топди, [Украина] активларини сота бошлади», — дея санайди ҳукуматдаги манба.
Унинг фикрича, бу сифатларнинг барчаси янги мудофаа вазирига бошланган ислоҳотларни давом эттиришда ёрдам беради. Улар орасида — яқинда ташкил этилган Мудофаа харидлари агентлиги ишини йўлга қўйиш ва Мудофаа вазирлигини рақамлаштириш ҳам бор.
Мудофаа вазирлиги учун янги одам
Украина кучишлатар тузилмаларига яқин манбанинг таъкидлашича, Умеров айни вақтда мамлакатдаги энг қудратли шахс сифатида кўрилувчи Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак билан «яхши муносабатларга эга бўлмасдан» вазирликка тайинланмаган бўларди. Бунда Украинанинг халқаро ҳамкорларининг қўллови ҳам алоҳида рол ўйнаган. Хусусан, Умеровнинг номзодини коррупцияга қарши фаоллар ва жамоат ташкилотлари — хусусан, Виталий Шабунин ва Даря Каленюк фаоллик билан тарғиб қилган — ва бу ҳақда ғарблик ҳамкорлар билан ҳам гаплашишган.
«Умеров — [Украина] мудофаа вазирлиги учун янги одам. Унда ҳарбий таълим ва мудофаа вазирлиги линияси бўйича тажриба йўқ. Аммо кўрамиз. Бош ишлайди, қолганлари бўлаверади», — деган манба.
Умеровнинг тайинланиши тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларга таъсир кўрсатмайди. «Нима бўлганда ҳам, 2018 йилда мудофаа кучлари тўғрисида қабул қилинган қонунга кўра, Украинада мудофаа вазирлиги раҳбари ҳарбий бўлмаган шахс бўлиши керак», дейди манба.
Мудофаа вазири бюджет ва армия логистикасиг, мукофотлар, стратегик масалаларга жавоб беради, уруш олиб бориш билан эса Украина қуролли кучлари бош қўмондони шуғулланади — айни вақтда бу Валерий Залужний. Армиянинг ресурсларга талабини эса Бош штаб белгилайди.
«Шундай экан Умеров ҳарбий ҳаракатларга раҳбарлик қилмайди, балки эътиборини ҳарбий саноат комплекси масалалари, Рамштайн бўйича музокаралар ва ҳоказоларга қаратади», дея хулоса қилади манба.
Украинанинг собиқ мудофаа вазири Олексий Резников истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасида Украинанинг устувор вазифаларидан бири ҳақиқий хавфсизлик кафолатлари ва мудофаа салоҳиятини таъминлаш учун асосий иттифоқчилар билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўлишини таъкидлаган.
Бу билан эса Умеров шуғулланиши кутилмоқда — аниқроғи, Виталий Шабунинга кўра, шуғулланишда давом этади. «Умеров урушнинг биринчи кунлариданоқ оммага ошкор этилмаган мамлакатлардан оғир қуролларни етказиб бериш бўйича ёпиқ трекда ишлаган», деган у.
«Умид қиламизки, у мудофаа вазирлигини кучайтиради. Чунки бунга қадар шундай тасаввур ҳосил бўлдики, бизнинг бу идора раҳбарлиги бўйича унча омадимиз келмаган — биз ўзимизнинг барча муаммоларимизни ичкаридан тушунамиз», — дея тан олади «Медуза»нинг Украина кучишлатар тузилмаларига яқин манбаси.
У мудофаа вазирлиги билан боғлиқ қатор коррупция можаролари Резниковнинг истеъфосига олиб келганини қайд этади.
«Мудофаа вазири шартномаларда бундай ишларга йўл қўйди ва у буни назорат қилмаслигини даъво қилади, лекин бу вақтда бутун дунё Украинага дронлар учун [хайрия қилмоқда], кўнгиллилар [ғалабага] яқинлаштириш учун ёрдам бермоқда… Албатта, [Резниковга] ишонч сўнганди», — дея хулоса қилади у.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024