Ўзбекистон | 14:13 / 16.09.2023
31598
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди 

Зуфар Қурбонов ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлади. У бу лавозимда Нажмиддин Тўрахўжаев ўрнини эгаллади.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистонда ички ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда “Давлат бошқаруви” канали хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Зуфар Қурбонов ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлади.

Тайинловга қадар З.Қурбонов “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган.

ИИВда вазирнинг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозими ҳозирга қадар вакант эди. Унга қуйидаги хизматлар бевосита бўйсунади: Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси; Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси; Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январидан ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нажмиддин Тўрахўжаев 2023 йил июл ойи охирида президент раислигидаги видеоселекторда ишдан олинганди.

Маълумот учун, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ҳозирда 6 нафар ўринбосари ва 3 нафар маслаҳатчиси бор. Улар:

  • вазирнинг биринчи ўринбосари - полковник Шавкат Раҳмонов;
  • вазир ўринбосари - генерал-майор Бекмурод Абдуллаев;
  • вазир ўринбосари - генерал-майор Даврон Назармуҳаммедов;
  • вазир ўринбосари - полковник Яҳё Абдулҳақов;
  • вазир ўринбосари - полковник Саидкарим Нишонбоев;
  • вазир ўринбосари - генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов;
  • вазир маслаҳатчиси - генерал-полковник Зокир Алматов;
  • вазир маслаҳатчиси - полковник Шоҳрух Ғиёсов;
  • вазир маслаҳатчиси - подполковник Хуршид Рўзиев.

Мавзуга оид