Иқтисодиёт | 12:56 / 16.09.2023
34961
2 дақиқада ўқилади

“Жамият қабул қилмаган қарор – нотўғри қарор” — Мамаризо Нурмуродов

Банклар ва бизнесга валюта операциялари бўйича чеклов киритилгани жамоатчилик танқидларига сабаб бўлгач, МБ раиси журналистлар билан учрашди ва бу қарор бекор қилинганини айтди. Унинг таъкидлашича, бу қарор кескин мунозараларга сабаб бўлгани учун тез орада бекор қилинган. 

Фото: Kun.uz

Марказий банк Ўзбекистонда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига чекловлар жорий этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. 16 сентябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раиси Мамаризо Нурмуродов жамоатчиликнинг кескин норозилигидан кейин бу қарор бекор қилинганини айтди. 

 “Бу қарор кескин музокараларга сабаб бўлди. Энг асосийси, бу қарор бўйича биз маълум бир ижобий қарашларни кўрмадик. Шу нарсани айтиш керакки, жамият қабул қилмаган қарор - нотўғри қарор. У қайси мақсадга йўналтирилган бўлишидан қатъи назар… худди шу тамойилдан келиб чиқиб кечаси билан ўйлаб бу қарорни бекор қилдик”, – деди Мамаризо Нурмуродов.

МБ раисининг қўшимча қилишича, банкларга эҳтимолий хавфнинг олдини олиш учун кўрсатма берилган.

“Тўғри тушуниш керак, Марказий банк мустақил, буни таъминлаш керак дейсизлар-у, қарорларни жамият билан муҳокама қилиш кераклигини айтасиз. Жамият билан муҳокама қилинадиган қарорларимиз бор – у алоҳида. Бунда эса бевосита банкнинг фаолиятидаги камчилигини кўрсатиб, тўғрилашни айтяпмиз. Бунинг банк мижозига дахлдор жойи йўқ. Банк назоратни кучли қила олмагани учун, хавф келяпти, шунинг олдини олинг деган маънода банкларга берилган кўрсатма эди”, - деди Нурмуродов.

Мавзуга оид