Жаҳон | 13:34 / 16.09.2023
7834
3 дақиқада ўқилади

Лондон олигарх Фридманга нисбатан суриштирувни тўхтатди

Буюк Британия Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги Михаил Фридманга нисбатан суриштирувни якунлади. Россиялик олигарх санкцияларни четлаб ўтганликда гумон қилинганди.

Фото: AP

Буюк Британиянинг Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги (NCA) санкциялардан қочиш, фирибгарлик ва пул ювишда гумонланаётган россиялик олигарх, «Альфа-банк» асосчиси Михаил Фридманга нисбатан суриштирувни тўхтатди. Бу ҳақда AFP ва Bloomberg агентликлари 15 сентябр, жума куни NCA баёнотига таяниб хабар берди. Британия маҳкамасининг аниқлик киритишича, ишда иштирок этган бошқа шахсларга нисбатан суриштирув давом этмоқда. 

Декабр ойида Лондондаги Фридманнинг Athlone House қароргоҳида 50 нафар полициячи иштирокида кенг кўламли тинтув ўтказилди. Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги ўшанда хабар қилганидек, NCA’нинг клептократияга қарши кураш бўлими ходимлари 58 ёшли гумонланувчини ва яна икки кишини қўлга олган, аммо улар тез орада гаров эвазига қўйиб юборилган. Бундан ташқари, бир нечта рақамли қурилмалар ва катта миқдордаги нақд пул мусодара қилинган. 

The Times нашрининг ёзишича, эндиликда расмийлар Фридманнинг уйи тинтув қилиниши ноқонуний бўлганини тан олган ва NCA ноқонуний кирганлик учун товон тўлаши, Фридманга суд харажатларини қоплаши ва мусодара қилинган пулларни қайтариши керак. 

Михаил Фридманга қарши санкциялар 

Михаил Фридман Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари остида. Хабар қилинишича, NCA суриштируви Фридманга санкция қўллангунга қадар «Альфа-банк»дан унинг ёрдамчисига кредит берилгани билан боғлиқ эди. 

Сентябр ойида Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») россиялик тадбиркорни Украинадаги урушни молиялаштиришда айблаган эди. «СБУ» маълумотига кўра, Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Фридман бир нечта рус ҳарбий заводларига 2 миллиард рублга яқин сармоя киритган. Хусусан, гап «Тула патрон заводи», шунингдек, Россия жанговар самолётлари ва вертолётлари учун юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқарадиган «Яламов номидаги Урал оптика-механика заводи» ҳақида бормоқда.

Мавзуга оид