Аминий вафотига бир йил: Эронда юзлаб одамлар қўлга олинди
Норозиликлар яна авж олишига йўл қўймасликка уриниб, Эрон ҳукумати қатъий чоралар кўрди. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, 24 соат ичида 260 киши қўлга олинган.
Эрон ҳукумати курд қизи Маҳса Аминий вафотининг бир йиллиги муносабати билан 260 дан ортиқ одамни қўлга олди. Бу ҳақда 17 сентябр, якшанба куни Shargh газетаси маҳаллий хавфсизлик органларига таяниб хабар берди.
Қўлга олишлар 16 сентябр куни 24 соат ичида амалга оширилган. Хавфсизлик органлари уни жамоат хавфсизлигини бузиш, норозилик намойишига чақириш ёки қурол сақлаш билан изоҳлади.
Маҳса Аминий вафотининг бир йиллиги арафасидаги ҳибслар
Маҳса Аминий ўлимининг бир йиллиги олдидан Эрон ҳукумати норозилик намойишлари олдини олиш учун қаттиқ хавфсизлик чораларини кўрди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, Эрон ғарбидаги Секкез шаҳрида қизнинг оиласи уйи яқинида кўп сонли полиция ходимлари жойлашган.
Маҳсанинг отаси Амжад Аминий 16 сентябр оқшомида қизи хотирасига мотам эълон қилди. Сургундаги Эрон матбуотига кўра, эркак полиция бўлимига чақирилиб, огоҳлантириш олган, бироқ кейин қўйиб юборилган.
15 сентябр куни Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия намойишларни бостиргани учун Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатларни «ноқонуний ва дипломатик эмас» деб атади.
Аминийнинг қўлга олиниши ва ўлими
Маҳса Аминий 2022 йил 16 сентябрда рўмолни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этди. Унинг оиласи Маҳса полиция зўравонлиги туфайли вафот этганини даъво қилмоқда. Теҳрон буни рад этяпти.
Аминийнинг ўлими бутун Эронда «Аёл, ҳаёт, озодлик!» шиори остида оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди. Тартибсизликлар кўп ойлар давом этди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар чоғида 550 нафардан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган, етти киши қатл этилган.
Мавзуга оид
16:58 / 25.12.2024
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024